Тошкентда Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланган “Болалар учун мулоқот: Марказий Осиё ва ЮНИСEФ” минтақавий форуми бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Замин” халқаро жамоат фонди хабар берди.

Маълум қилинишича, форум болалар ва оналарга тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича халқаро ҳамкорликни муҳокама қилиш ва мустаҳкамлаш, умумий устувор йўналишлар ҳамда самарали стратегияларни белгилаш учун муҳим платформа вазифасини ўтади. Хусусан, бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кучайтириш ва кўп тармоқли ёндашув асосида болаларга онкологик ёрдам кўрсатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Форумда ЮНИСEФ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ), БМТнинг тегишли идоралари раҳбарлари, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Озарбайжон соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамда “Замин” жамоат фонди вакиллари иштирок этди.
Форум иштирокчиларига мурожаатида “Замин” жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева қуйидагиларни таъкидлади:

“Биз ҳар бир боланинг саломатлиги ва фаровонлигини таъминлашга қаратилган тизимли ишларни изчил давом эттиришга қатъий бел боғлаганмиз. Айниқса, педиатрия хизматларида кўп тармоқли ёндашувни жорий этиш, шу жумладан онкологик касалликларга қарши курашиш бўйича дастурлар ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз.
Бизнинг энг катта ютуғимиз — бахтиёр болаларнинг шодон кулгиси, ота-оналарнинг хотиржамлиги ва тўла ишончидир”.

Минтақанинг клиник ва илмий фаолиятига илғор халқаро тажрибани жорий этишни жадаллаштиришга қаратилган, Васийлик кенгаши таркибига аъзо мамлакатлар раҳбарлари кирган Болалар саратонига қарши курашиш бўйича халқаро академик хабнинг ягона платформасини яратишга алоҳида эътибор қаратилди.

Форумда Марказий Осиё мамлакатлари томонидан ЮНИСEФ ва ЖССТ кўмагида болалар ва ўсмирлар саломатлиги соҳасида ҳукуматлар, академик доиралар, ҳамкорлар ва фуқаролик жамияти ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган декларация қабул қилинди.




Изоҳ (0)