Афғонистонда ижтимоий тармоқлар ва ўйин платформалари фойдаланувчилари ҳибсга олина бошланди. Улар Эзгуликни тарғиб қилиш ва ёвузликнинг олдини олиш вазирлиги томондан “қонунга хилоф фаолият”да айбланмоқда. Бу ҳақда Khaama press янгиликлар портали хабар берди.

Маълумотларга кўра, вазирлик матбуот котиби Саиф Ул-Ислам Хайбер TikTok видео платформасининг икки фойдаланувчиси тармоқда ўз ҳаракатларидан афсусланаётганини кўрсатувчи видеоларни эълон қилган. Улардан бири — машҳур блогер Харун Пакора мажбурлаб олингани тахмин қилинаётган видеода вазирлик ходимларига ўзининг ҳибсга олиниши TikTok’да аёллар билан мулоқот қилгани билан боғлиқлигини тан олади. У келажакда бундай алоқаларни тўхтатишга ваъда берди ҳамда Афғонистондаги ва ундан ташқаридаги аёлларни ўзининг жонли эфирларига бошқа қўшилмасликка чақирди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Пакоранинг қўлга олиниш чоғида сочини олдириб ташлашганини хабар қилишди.
13 май куни Баглан вилоятидан бўлган, TikTok’даги бемаъни ва ҳазил-мутойибали жонли эфирлари билан танилган машҳур тиктокер Шир Али Мобарез ҳам Бош разведка бошқармаси (ГДИ) ходимлари томонидан “ижтимоий тармоқларда номақбул хатти-ҳаракатлар”да айбланиб ҳибсга олинган.
11 май куни Эзгуликни тарғиб қилиш ва иллатларнинг олдини олиш вазирлиги баёнот бериб, ижтимоий тармоқлардан “ахлоққа зид ва ноқонуний мақсадларда” фойдаланиш қонуний оқибатларга олиб келиши ҳақида огоҳлантирди.
Нашрнинг таъкидлашича, вазирлик 2023 йилдаёқ Афғонистонда TikTok ва PUBG’ни тақиқлаб, улар “ёшларни чалғитиши ва бузиши”ни таъкидлаган эди.
Khaama press маълумотларига кўра, 2021 йилда ҳокимият алмашганидан кейин Афғонистонда меҳнат бозори жуда торайиб кетгани сабабли, кўплаб ёшлар муқобил даромад манбаларини излаш учун TikTok ва YouTube каби ижтимоий тармоқлар ва видео платформаларга мурожаат қилишган. Бироқ ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига нисбатан бошланган қатағонлар уларни қолган бир нечта тирикчилик воситаларидан маҳрум қилиши мумкин.
“Ижтимоий тармоқлар ва рақамли платформалар устидан ҳокимият назоратининг кучайиши Афғонистонда цензура кучайишининг умумий тенденциясидан ва толиблар режимининг ўзи эълон қилган мафкуравий ва диний қадриятларга мувофиқ онлайн фаолиятни ташкил этишга уринишларидан далолат беради”, дея таъкидлайди портал.
Изоҳ (0)