“Толибон”нинг Эзгуликни тарғиб қилиш ва иллатларнинг олдини олиш вазирлиги фуқароларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини кузатишни бошлайди. Бу ҳақда Etilaatroz хабар берди.

Вазирлик вакили Саиф ал-Ислом Хайбар давлат телевидениеси орқали берган баёнотида, ижтимоий тармоқлардан “ноқонуний ва ахлоққа зид мақсадларда фойдаланиш” ҳуқуқий таъқибга олиб келишини айтган. Унга кўра, ҳеч бир шахс ёки ташкилотга ижтимоий тармоқлардан “нотўғри ва ноахлоқий мақсадлар”да фойдаланишга рухсат берилмайди.
Хайбар ижтимоий тармоқлар “ишончли хабарлар тарқатиш, диний ва замонавий илмларни тарғиб қилиш, ислом умматининг бирлигини мустаҳкамлаш ва ўзаро ҳурматни ривожлантириш” учун хизмат қилиши кераклигини таъкидлаган. У тармоқларда “хурофот, ҳақорат, ахлоқий ва интеллектуал оғишларга йўл қўйилмаслиги” зарурлигини билдирган.
“Толибон” расмийсига кўра, вазирлик “ўзининг қонуний ваколатлари ва имкониятларидан фойдаланиб, миллатнинг эътиқоди, фикрлари ва ижтимоий руҳиятини йўқ қилишга интилаётган барча тармоқлар, саҳифалар ва манзилларни кузатиб боради ва зарур ҳолларда таъқиб қилади”.
Изоҳ (0)