Президент Шавкат Мирзиёев 14 май куни Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни ва уни жадаллаштириш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбарининг алоҳида назорати асосида 2023 йилдан бошлаб ЖСТга аъзо бўлиш чоралари кўрилмоқда. Ўтган даврда кўп ва икки томонлама музокараларда муайян натижаларга эришилди.
Жумладан, Ишчи гуруҳининг тўртта муҳим йиғилиши ўтказилиб, 500 дан ортиқ масалалар кўтарилди, 30 дан зиёд расмий ҳужжатлар ЖСТ Котибиятига тақдим этилди. Аъзоликни жадаллаштириш мақсадида соҳаларда тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, икки томонлама музокаралар доирасида 33 та мамлакат билан бозорга кириш бўйича музокаралар олиб борилиб, бугунги кунга қадар 24 таси билан музокаралар якунланди.
ЖСТ аъзолари билан мулоқотда янги ёндашув ва ислоҳотлар натижалари ижобий баҳоланмоқда. Бу ўз навбатида Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнида очиқлик, шаффофлик ва адолатли савдога бўлган қатъий интилишини тасдиқлайди.

Шу маънода миллий қонунчиликни ташкилот талабларига уйғунлаштириш доирасида кенг кўламли ҳуқуқий ва институционал ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, 13 та қонун, президентнинг 10 та фармон ва қарори, 19 та Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва 10 та идоралараро норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.
Жумладан, божхона тартиботлари, экспорт-импорт қоидалари ҳамда интеллектуал мулк соҳасидаги механизмлар босқичма-босқич ЖСТ стандартларига мослаштирилди, давлат улуши мавжуд бўлган 6 та корхонада эксклюзив ҳуқуқлар бекор қилинди.
Йиғилишда давлат раҳбари томонидан ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини жадаллаштириш ҳамда уни сифатли ва тизимли ташкил этиш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Унга кўра, 2025 йилда қолган 9 та мамлакат билан икки томонлама музокараларни якунлаш, Ишчи гуруҳининг 2 та йиғилишини ўтказиш ҳамда Ишчи гуруҳнинг ҳисобот лойиҳасини якунлаш орқали Ўзбекистоннинг ЖСТ доирасидаги мажбуриятларини тўлиқ шакллантириш вазифалари аниқ белгилаб берилди.

Шунингдек, қонунчиликни ташкилот талабларига мослаштириш доирасида 15 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш жараёнини жадаллаштириш зарурлиги таъкидланди. Жумладан, “Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”, “Муҳофаза чоралари, антидемпинг ва компенсация божлари тўғрисида" янги таҳрирдаги қонунларни қабул қилишни тезлаштириш ҳамда бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси билан яқиндан ва самарали ҳамкорликни таъминлаш президент томонидан муҳим вазифа сифатида белгилаб берилди.
Техник жиҳатдан тартибга солиш, санитария, фитосанитария ва ветеринария соҳаларини ислоҳ қилиш, ушбу йўналишларда кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш кераклиги алоҳида қайд этиб ўтилди.
Ўзбекистонинг ЖСТга аъзо бўлиш ҳаракатлари

Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳ 1998 йилда ташкил этилганди. Кейинги йилларда ушбу ишчи гуруҳ фақат уч марта учрашди ва 2005 йилларнинг ўрталарига келиб бу борада халқаро экспертлар билан учрашувлар тўхтаб қолганди. Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёни 2020 йил июль ойида бўлиб ўтган ишчи гуруҳнинг тўртинчи йиғилиши билан расман қайта тикланди. Шундан сўнг 2022 йил июнь, 2023 йил март ва 2023 йил ноябрь ойларида яна учта учрашув бўлиб ўтди.
2023 йил сентябрида Шавкат Мирзиёев БМТ Бош ассамблеясининг 78-сессияси доирасида Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) бош директори Нгози Оконжо-Ивеала билан учрашув ўтказганди. Унда ЖСТ бош директори Ўзбекистон томонидан ташкилотга аъзо бўлиш борасида кўрилаётган чораларни юқори баҳолаган. Нгози Оконжо-Ивеала ЖСТ котибияти Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлашини айтган ҳамда мамлакат яқин келажакда ташкилотга қўшилишига ишонч билдирганди.
2024 йил февралида Ўзбекистонда 5 та қонун ЖСТ битимларига уйғунлаштирилди.
Ўзбекистон нима учун ЖСТга аъзо бўлиши керак?
“Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишдан оладиган энг биринчи манфаатимиз—иқтисодиётда корхоналар учун тенг шароит яратилишидир. Бу ўз навбатида рақобат муҳити яхшиланишига олиб келади ва бу иккинчи муҳим жиҳат — рақобат муҳити яратилишига олиб келади. Рақобатсиз ривожланиш қийин. Тез ривожланган давлатлар тажрибасига қаралса, уларда иқтисодий ўсишнинг асосий манбаларидан бири рақобат муҳити бўлган. Учинчидан, сифатли инвестициялар келади. Бу иқтисодиётнинг барқарор ўсиши учун муҳим омил”, деган эди Азиз Урунов ташкилотга аъзолик ҳақида “Дарё”га берган интервьюсида.
Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон ушбу ташкилотга қўшилиш орқали оладиган тўртинчи энг муҳим фойда — савдо муносабатларида ЖСТ аъзолари билан бир тилда гаплашиш бўлади. Мамлакат ташқи бозорга очилади. Бу Ўзбекистоннинг нафақат ички бозори, балки ташқи бозорларни ҳам тадбиркорларга очилишига ёрдам беради. Глобал ишлаб чиқариш занжирига кириш учун катта имконият яратади.
“ЖСТга аъзолик ва давлат раҳбари томонидан олиб борилаётган ислоҳотларнинг якуний мақсади, шубҳасиз, халқимиз фаровонлигини таъминлаш, унга муносиб иш ўринларини яратиш ва иқтисодиёт бошқарувини самаралироқ тизимга ўтказишдир”, деган эди Саида Мирзиёева.
Ўзбекистон 2026 йилгача Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлмоқчи. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотга аъзо бўлиши чуқур ўйланган ва узоқни кўзлаган танлов эканлигини таъкидлаганди.
Изоҳ (0)