“Ҳизбуллоҳ” томонидан учирилган ракеталар натижасида Исроил шимолидаги Кирьят Шмона шаҳрида ўрмон ёнғинлари авж олди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Ливан чегарасига яқин шаҳарларда яшовчи кўплаб исроилликлар бир неча ой олдин эвакуация қилинганди. Маҳаллий оммавий ахборот воситалари ёнғин оқибатида айрим уйлар ёниб кетганини хабар қилмоқда. Шамол туфайли ёнғин тезда атрофдаги ҳудудларга тарқалиб, тобора кўпроқ янги ҳудудларни қамраб олган. Алангани ўчириш учун техника ва аскарлар жалб қилинган, олти нафар захирадаги ҳарбий хизматчи енгил жароҳат олган.
“Исроил кучлари ёнғин содир бўлган ҳудудларни назоратига олди, ҳозирги босқичда ҳеч кимнинг ҳаёти хавф остида эмас”, — дейди ҳарбийлар.
Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен Гвир ёнғинларга муносабат билдирар экан, “Ливанга ўт қўйиш вақти келгани”ни айтди. Молия вазири Смотрич ҳам шундай фикр билдирди:
“Бир йил олдин мудофаа вазири Ливанни тош даврига қайтарамиз, деганди. Жаноб бош вазир, мудофаа вазири, штаб бошлиғи, вақт келди. Исроил халқи томонидан тўлиқ қўллаб-қувватлаш мавжуд”, — дейди у.
Изоҳ (0)