Таиланд милитаристик бошқарувдаги Мьянмага дислокация қилинган фуқароларнинг эҳтиёжларини қондириш учун инсонпарварлик ёрдамининг биринчи партиясини юборди. Бу ҳақда Anadolu нашри хабар берди.
Хабарга кўра, гуруч, қуритилган озиқ-овқат ва бошқа зарур нарсалар солинган 4000 дан ортиқ ёрдам қоплари Мьянма Қизил хоч жамиятига топширилган. Юкларни тез ва шикастсиз етказиб бериш бўйича кўрсатмалар берилган.
Ёрдам жўнатиш борасида Таиланд ҳукумати 25 март куни баёнот эълон қилган. Таиланд Қизил хоч ташкилоти Так провинцияси Маэ Сот шаҳрида ўтказилган маросимда гуманитар жўнатма ҳажми ҳақидаги маълумотларни ошкор қилган. Юклар 20 минг нафар фуқарога мўлжаллангани айтилган.
“Ушбу гуманитар ёрдамнинг топширилиши Таиланд ва Мьянма ўртасидаги кўчирилган одамларнинг эҳтиёжларини қондириш учун икки томонлама ташаббусдир. Мьянманинг яқин қўшниси сифатида Таиланд можародан жабрланган одамларга ёрдам бериш учун қўлидан келган барча ишни қилишга қатъий тайёрлигини маълум қилади”, — дейилади Таиланд томони берган баёнотда.
Маълумот ўрнида, Мьянмада 2023 йил октябрь ойидан бери ҳарбийлар ва қуролли мухолифат гуруҳлари ўртасидаги жанглар давом этмоқда. БМТ агентликларига кўра, уруш давом этаётган мамлакатда 2,8 миллиондан ортиқ одам ўз уйини ташлаб кетган, камида 18 миллион киши эса гуманитар ёрдамга муҳтож.
Изоҳ (0)