“Тиббиёт соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори билан Тошкент давлат тиббиёт университети ташкил этилади.

Ҳужжатда қайд этилишича, турдош йўналишдаги ОТМларни уларнинг қуввати, илмий салоҳияти ва бошқа кўрсаткичларидан келиб чиқиб йириклаштириш ҳамда тиббий таълим тизимида кадрлар тайёрлашни самарали ташкил этиш мақсад қилинган.
Тошкент давлат тиббиёт университети Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент педиатрия тиббиёт институти ва Тошкент давлат стоматология институти негизида ташкил этилади. Университетга академик, ташкилий ва молиявий мустақиллик берилади
Тошкент тиббиёт академиясининг марказий илмий-текшириш лабораторияси негизида Тиббиёт илмий-инновацион тадқиқот институти фаолияти йўлга қўйилади. Тошкент тиббиёт академиясининг Урганч филиали Урганч давлат тиббиёт институти этиб қайта ташкил этилади.
Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникаси, Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникаси ва Тошкент давлат стоматология институти клиникаси Тошкент давлат тиббиёт университети клиникалари этиб қайта номланади. Тошкент тиббиёт академиясининг Термиз ва Чирчиқ филиаллари Тошкент давлат тиббиёт университетининг Термиз ва Чирчиқ филиаллари этиб қайта номланади.
Тошкент тиббиёт академияси академик лицейи, Тошкент педиатрия тиббиёт институти академик лицейи ва Тошкент давлат стоматология институти академик лицейи Тошкент давлат тиббиёт университетининг 1-, 2- ва 3-сон академик лицейлари этиб қайта номланади.
Таълим дастурларини халқаро тиббий таълим стандартларига мувофиқлаштириб, компетенсияларга асосланган тиббий таълим дастурларини жорий этиш Университетнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишларидан бири этиб белгиланди.
Қарорга кўра, университет тиббиёт соҳаси учун олий маълумотли мутахассислар ва илмий кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича етакчи олий таълим муассасаси ҳисобланади.
2025/26-ўқув йилидан магистратурада босқичма-босқич хорижий тилларда ўқитиладиган алоҳида гуруҳлар ташкил этади.
Ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасалари университет талабалари учун клиник амалиёт базалари этиб белгиланади.
Университетга талабаларни ўқишга қабул қилиш 2025/2026-ўқув йилидан бошланади. 2025/26-ўқув йилидан Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент педиатрия тиббиёт институти ва Тошкент давлат стоматология институтида таҳсил олаётган барча талабалар ўқишини Университетда давом эттиради ҳамда битирувчи курс талабаларига белгиланган тартибда университет дипломи берилади.
Университет тузилмасида ҳомийлик хайриялари ҳисобидан тўлдириладиган Тошкент давлат тиббиёт университетини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади.
Ўзбекистондаги янги университетлар
2025 йил бошларида Cyber university давлат университети ташкил этилди. 2024 йилда Америка технологиялар университети очилди. Навоий давлат педагогика институти негизида Навоий давлат университети, Андижондаги иккита институт ҳамда битта факультет негизида эса Андижон давлат техника институти ташкил этилиши маълум қилинди. Қашқадарёдаги иккита институт ва иккита ОТМ филиали негизида Қарши давлат техника университети ташкил этилиши белгиланди. Сурхондарёда Япон технология университети ташкил этилиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)