Хитойда смартфон етказиб бериш иккинчи чоракда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10 фоизга ошиб, 70 миллион донадан ошди. Canalys таҳлилий компанияси маълумотларига кўра, Американинг Apple компанияси биринчи марта смартфонлар етказиб берувчи энг яхши 5 та компания сафини тарк этди.
Тарихда биринчи марта Хитойнинг энг йирик смартфон етказиб берувчилари рўйхатининг биринчи бешта ўрнини маҳаллий компаниялар эгаллаб турибди, деб таъкидлади Canalys таҳлилчиси Лукас Чжунг.
Бозор етакчиси Vivo бренди бўлди, у савдо ҳажмини йилига 15 фоизга ошириб, 13,1 миллион дона смартфонга етказди ва бозор улушини 19 фоизга оширди. Оppo сотувлар ҳажми 1 фоизга қисқарганига қарамай, бозор улуши 16 фоизни ташкил этиб, иккинчи ўринни эгаллади.
Honor учинчи (бозорнинг 15 фоизи, 10,7 миллион дона сотилган), тўртинчи ўринни Huawei (бозорнинг 15 фоизи, 10,6 миллион дона сотилган), Xiaomi бешинчи (14 фоиз, 10 миллион) эгаллаган.
Apple ўтган чоракда Хитойда бор-йўғи 9,7 миллион дона смартфон сотди. Бу эса уни энг яхши 5 та етакчи сафидан чиқариб ташлади. Apple’нинг бозордаги улуши 14 фоизга тушиб кетди.
Бошқа бир тадқиқот компанияси – International Datа Corporation (IDC)нинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, апрель июнь ойларида Хитойда смартфонлар савдоси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8,9 фоизга ошиб, 71,6 миллион донагача етган.
Изоҳ (0)