Шавкат Мирзиёев дунёда юз бераётган иқтисодий тебранишларнинг Ўзбекистон соҳа ва тармоқларига таъсирини юмшатиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида ҳозирги дунё аввалгидек эмаслигини қайд этиб ўтди.

“Ҳозирги дунё аввалгидек эмас. Гап тариф ёки уларни миқдорида ҳам эмас. Узоқ йиллар давомида давлатлар ўртасида барқарор муносабатлар ва ўзаро ишончни таъминлаган халқаро институтлар, улар ишлаб чиққан қоида ва нормалар бугун самарасиз бўлиб боряпти. Албатта, бу жараёнлар занжирли таъсир кўрсатиб, жаҳон иқтисодиётини секинлашуви ва халқаро савдони камайишига олиб келиши мумкин”, деди президент.
Давлат раҳбарининг айтишича, биргина юқори тарифлар оқибатида халқаро савдо ҳажми 3,5 триллион долларга қисқариб, дунёдаги инфляция даражаси 7,5-8 фоизга кўтарилиши ҳақида прогнозлар берилмоқда.
“Уч-тўрт кун ичида халқаро молия бозорлари 10 триллион доллар йўқотгани биз учун қаттиқ ‘сигнал’ бўлиши керак”, деди Шавкат Мирзиёев.
Унинг қайд этишича, энг катта хавф — пандемия даврида бўлгани каби дунё бўйлаб таъминот ва қиймат яратиш занжирларида узилишлар пайдо бўлишидадир. Айниқса, бундай ҳолат жаҳон экспортида юқори улушга эга тўқимачилик, электротехника, автомобилсозлик, озиқ-овқат саноати каби “драйвер” тармоқларга катта зарба бериши мумкин.

Давлат раҳбари ўзига нисбатан энг катта импорт божлари қўйилган давлатлар эндиликда Ўзбекистон экспорт қилаётган йўналишларга ўзининг маҳсулоти билан кириш учун агрессив савдо сиёсатини юритиши мумкинлигини қайд этди. Яъни Ўзбекистон кириб борган ип-калава, мато, газлама, тайёр текстиль ва маиший техника бозорларида ҳам аёвсиз рақобат бўлади.
Изоҳ (0)