Ҳиндистоннинг Бирниҳат шаҳарчасида ифлосланиш туфайли аҳоли нафас олиш тизими муаммолари ва тери касалликларини бошдан кечирмоқда. Шаҳарча Швейцариянинг IQAir гуруҳи томонидан дунёдаги энг ифлос шаҳар сифатида эътироф этилган. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Шифокорларнинг айтишича, аҳолида ифлосланиш таъсирида юзага келган касалликлар кузатилмоқда. Ҳудуд ўзининг табиий гўзаллиги билан танилган бўлса-да, ҳаво сифати аҳолини қийнамоқда.
Икки ёшли Сумаия Ансори шаҳарчадаги вазият туфайли март ойида касалхонага ётқизилди ва кислород ёрдами билан даволанди.
IQAir компаниясининг маълумотларига кўра, 2024 йилда Бирниҳатда йиллик ўртача PM2,5 заррачалари миқдори 128,2 микрограмм/м³ бўлган. Бу ЖССТ тавсия этган даражадан 25 баравар юқори.
PM2,5 — бу ўлчами 2,5 микрондан кичик бўлган заррачалар бўлиб ўпкага кириб боради. Улар ўлимга олиб келувчи касалликлар, айниқса, юрак муаммоларига сабаб бўлади.
Ҳукумат маълумотларига кўра, ҳудуднинг ўзида нафас йўллари инфекциялари билан касалланиш ҳолатлари кескин ошган. 2022 йилда 2 082 та бўлган, 2024 йилда эса 3 681 тагача ошган.
Ҳар куни беморларнинг 90 фоизи йўтал ёки бошқа нафас олиш муаммолари билан дуч келади, деди шифокор Доктор Ж. Марак.
Заҳарли ҳаво терида тошмалар, кўзда ачишишни келтириб чиқаради ва экинларга зарар етказади. Кирларни очиқ ҳавода қуритиш эса имконсиз.
Ҳиндистонда саноат жадал ривожланиши ҳисобига экологик хавфсизликка эътибор берилмаяпти. Бу муаммо фақат йирик шаҳарларда эмас, кичик шаҳарларда ҳам учрамоқда.

Бошқа ҳудудлардан фарқли равишда, Бирниҳатда ҳаво сифати фақат қишда эмас, балки йил давомида ёмонлигича қолади, дейилади ҳукумат баёнотида.
Шаҳарчада ифлосланишга сабаб бўлувчи 80 га яқин саноат корхоналари мавжуд. Муаммо оғир транспорт воситаларидан чиқадиган газлар билан кучаймоқда.
“Ҳудуд Мегҳалая тепаликлари ва Ассам текисликлари ўртасида жойлашгани сабабли ифлос моддалар тарқала олмайди, бу эса вазиятни янада ёмонлаштиради”, деди экологик назорат кенгаши раиси Аруп Кумар Мисра.
Март ойида IQAir ҳисоботининг эълон қилиниши ортидан икки штат бир қарорга келди. Ассам ва Мегҳалая штатлари биргаликда ишлаш ва Бирниҳатдаги ифлосланишга қарши курашиш бўйича қўшма қўмита тузишга келишиб олишди.
IQAir маълумотига кўра, 21 апрель куни Тошкентда ҳаво сифати ёмон, PM2,5 заррачалари миқдори юқори бўлгани сабабли бу ҳаво соғлиқ учун зарарли ҳисобланади.
Изоҳ (0)