Канада ҳукумати Россияга тегишли Ан-124 “Руслан” оғир юк ҳарбий-транспорт самолётини Киев фойдасига мусодара қилиш бўйича ҳуқуқий жараённи расман бошлади. Бу ҳақда Украина бош вазирининг Европа ва Евроатлантика интеграцияси бўйича ўринбосари, Украина адлия вазири Олга Стефанишина маълум қилди.
Россиянинг “Волга-Днепр” авиакомпаниясига тегишли самолёт 2022 йили Торонто халқаро аэропортида бўлган. Россия армияси Украинага бостириб киргандан сўнг Канада ҳукумати томонидан ҳибсга олинган.
Стефанишинанинг сўзларига кўра, мусодара жараёни Канаданинг махсус иқтисодий чоралар тўғрисидаги қонунига биноан олиб борилмоқда. Ҳозирда масала Онтарио Олий суди томонидан кўриб чиқиляпти. У, шунингдек, Канада Бош прокуратураси масала юзасидан 2024 йилнинг 18 март куни даъво аризаси киритилганини маълум қилди.
Аввалроқ Украина Адлия вазирлиги мамлакат Олий Антикоррупция суди томонидан 2023 йил август ойида чиқарилган қарор Канада томонига тақдим этилганини билдирганди. Унда Ан-124 самолётига нисбатан санкциялар қўлланилиши белгиланган. Бу эса Канада расмийлари учун мусодара даъвосини расмийлаштиришда асос бўлган.
Олга Стефанишина мазкур янгиликни Украина Адлия вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Канада томонининг узоқ давом этган ва мувофиқлаштирилган дипломатик-ҳуқуқий меҳнатлари натижаси деб таърифлади.
Маълумот учун, Канада Россия активларини Украина фойдасига мусодара қилиш бўйича қонуний механизмни жорий қилган биринчи давлат ҳисобланади.
Изоҳ (0)