Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан Абдуғаффор Қирғизбоев Наманган давлат университети ректори этиб тайинланди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, А.Қирғизбоев шу муносабат билан Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ректори лавозимидан озод этилди.
Президент фармони билан Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети негизида Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети ташкил этилганди. Ушбу университетга Эъзозхон Каримова ректор этиб тайинланди.
2025/2026-ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич университетнинг бошқарув тизими “Янги Ўзбекистон” университети тажрибаси асосида тубдан такомиллаштирилади. Университетнинг мавжуд 14 та факультети мақбуллаштирилиб, 6 та педагогика олий мактаблари ташкил этилади. Университетнинг бакалавриат таълим йўналишларига биринчи курсдан халқаро таълим дастурлари жорий этилади.
Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ҳақида
Олийгоҳ 1935 йилда ташкил этилган бўлиб, 1947 йилда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институти деб қайта номланган. Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 24 февралдаги қарорига мувофиқ институтга Низомий номли Тошкент давлат педагогика университети мақоми берилган.
Айни пайтда университетда 14 та факультет ва 54 та кафедра фаолият юритмоқда. Булар хорижий тиллар, тарих, физика-математика, табиий фанлар, касб таълими, Мусиқа маданияти, ўзбек тили ва адабиёти, педагогика ва психология, чақириққача ёшларни тайёрлаш, бошланғич таълим ва жисмоний тарбия факультетларидир.
Изоҳ (0)