Ўзбекистонда хусусий боғча ва мактаблар учун бериладиган имтиёзлар муддати 2030 йил 1 январга қадар узайтирилади. Бу ҳақда “Мактабгача ва мактаб таълими соҳасида бошқарув тизими самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармонида белгиланди.

Унга кўра, президентнинг 2017 йил 15 сентябрдаги “Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида назарда тутилган имтиёзларнинг амал қилиш муддати 2030 йил 1 январга қадар узайтирилади.
Қарорда мактабгача ва умумий ўрта таълим соҳасида нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланадиган юридик шахслар қуйидаги тўловлардан озод қилиниши белгиланганди:
- барча турдаги солиқ ва давлат мақсадли жамғармасига мажбурий тўловлардан (ягона ижтимоий тўловдан ташқари), бунда озод қилинаётган маблағлар уларни замонавий ўқув воситалари билан жиҳозлаш, зарур маҳсулотлар ва жиҳозлар сотиб олиш, бино ва иншоотларни реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига бепул таълим хизматларини кўрсатишга мақсадли йўналтирилади;
- меҳнат шартномаси асосида таълим-тарбия жараёнига жалб қилинган хорижий ўқитувчи ва мутахассисларнинг ойлик иш ҳақидан ягона ижтимоий тўлов.
Фармон билан, шунингдек, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларини жиҳозлаш ва фаолиятини таъминлаш учун олиб кириладиган замонавий ўқув ва лаборатория ускуналари, компьютер техникаси, дастурий маҳсулотлар, ўқув ва илмий-методик адабиётлар, анжомлар ва моддий-техник ресурслар 2030 йил 1 январга қадар муддатга божхона тўловларидан озод этилади (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно).
Ушбу фармон билан мактаб директори ва унинг ўринбосарлари ҳамда мактабгача таълим ташкилоти директорлари иш ҳақи миқдорлари оширилиши, мактаб директорлари ва ўринбосарларига ҳар ойлик устамалар белгиланиши, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ходимлари 1 апрелдан қўшимча рағбатлантирилиши ҳам кўзда тутилган.
Изоҳ (0)