Ўзбекистонда 2025 йилнинг 1 январидан бошлаб тергов судьялари иш бошлаши режалаштирилган. Айни кунда мавжуд шаҳар ва туманларга 236 нафар тергов судьялари тайинланди. Олий суд раисининг биринчи ўринбосари Икром Муслимов айни шу мавзуга бағишланган матбуот анжуманида тергов судьяларининг иш бошлаши Ўзбекистон президентининг 2024 йил 10 июндаги фармонида кўзда тутилганини маълум қилди. Кўп ўтмай қонун лойиҳаси ташаббускори Олий суд, маҳкама номидан Олий суд раисининг ўринбосари Икром Муслимов депутатларга бу ҳақда чиқиш ҳам қилди. Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинганидан кейин, спикер Нуриддин Исмоилов қонун ташаббускори вакилига лойиҳани кеч киритгани учун эътироз билдирди.
Тергов судьяси ташаббуси июнь ойида пайдо бўлган. Лекин сизлар янги йилга, биринчи январга 12 кун қолганда бизга киритяпсизлар. Шунча вақт ўтди, 1 январдан кучга кириши керак. “Буни қабул қилиб беринглар”, деяпсизлар. Шунинг учун, илтимос бўлади, олдинроқ киритсангизлар, бизга ҳам осон, ҳам тўғри бўларди. Ҳали қўмита келгуси ҳафтагача лойиҳа устида ишлаши керак. Битказсак ҳам, Сенатга киритиш масалалари бор, деди Нуриддин Исмоилов.
Адвокат Мухсинжон Мадаминов Икром Муслимов иштирокидаги матбуот анжуманида сўз олар экан, қонун ташаббускорлари шошганини, мазкур масалада хато-камчиликлар етарли эканини айтганди. Мазкур мақолада адвокатнинг бу борадаги фикрларини ўқишингиз мумкин.
Қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилмаган
“Олий суддаги тергов судьяси институтининг асосий вазифаси ва йўналишларига бағишланган матбуот анжуманига журналистлар, блогерлар ва адвокатлар таклиф қилинганди. Мен ҳам мазкур анжуманга тайёргарлик кўрар эканман, юзаки тадқиқот ўтказдим. Чунки мазкур мавзу билан боғлиқ икки кунлик ўрганиш ва изланишни юзаки демасдан, бошқа илож йўқ. Ҳақиқатдан ҳам, 2024 йил 10 июндаги “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармонига кўра, Ўзбекистон суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари тизимида янги субъект — тергов судьяси пайдо бўлади.
Мазкур фармоннинг 7-бандида Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни киритиши лозимлиги белгиланган. Анжуман мезбонлари ҳозирда фармон ижроси таъминланаётганини, амалдаги қонунларга киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар парламентда кенг муҳокама бўлаётганини маълум қилди. Бироқ, қонун лойиҳалари муҳокама учун жойлаштириладиган regulation.gov.uz порталида мазкур банд ижроси юзасидан ишлаб чиқилган ва амалдаги Жиноят процессуал кодекс ҳамда “Судлар тўғрисида”ги қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳалари бугунги кунга қадар (13 декабрь ҳолатида) эълон қилинмаган.
Ваҳоланки, умумий юрисдикция судьялари корпусининг таркибий қисми бўлган тергов судьяларининг мақоми ва ваколати доираси бошқа судьяларнинг ваколатидан қонун нормаси орқали ажратиб олиниши лозим. Бу судьяларимиз суд ҳокимиятининг мутасадди ходимлари сифатида конституциявий мақомга эга эканлигидан келиб чиқади. Тергов судьялари мақомини белгилаб, уларнинг ваколатлари доирасини аниқлаб берадиган қонунни қабул қилиш учун эса бизда муддат қолмаган.
Аслида битта қонун қабул қилиниши учун қанча муддат керак?
Қонунчилик палатасида тегишли қўмитадан ўтиб, кенгашга киритилиб, қабул қилиниши — икки ойгача;
Сенат маъқуллаши — олтмиш кунгача;
Президент имзолаши — олтмиш кунгача.
Демак қонун қабул қилиниши учун жами ҳисобда энг камида уч-тўрт ой вақт керак. Мен бу муддатда қонун лойиҳасини тайёрлаш ва тегишли экспертизалардан, шу жумладан ҳуқуқий экспертиза, коррупцияга қарши экспертиза, молиявий экспертизадан ўтказилиш муддатларини киритганим йўқ. Қонун уни ишлаб чиқиш тартиби бузиб қабул қилинадиган бўлса, қонуннинг ўзини қанчалик даражада “қонуний” дейишимиз мумкин?
Икром Муслимов нотўғри маълумот бердими?
Анжуманда тергов судьяси институтига бағишланиб 147 та мақола эълон қилинганлиги маълум қилинди. Интернетдан қидирилганида эса ҳуқуқшунос-мутахассисларнинг мазкур мавзуга бағишланган фақатгина иккита мақоласи чиққанлигини кўришимиз мумкин. Биринчиси “Ҳуқуқ ва бурч” журналида Тошкент давлат юридик университети магистранти С.Холматованинг “Жиноят процессида тергов судьяси институти” номли илмий мақоласи бўлиб, муаллиф магистрант илмий унвон ёки илмий даражага эга эмас. Иккинчиси эса ЎзА сайтида эълон қилинган Наманган вилоят суди раисининг ўринбосари А.Мирзаевнинг “Тергов судьялари нима иш қилади?” номли мақоласи ҳисобланади. Мазкур мақола публистистик характерга эга. Бундан келиб чиқадики, Ўзбекистонда тергов судьяси институтини жорий қилиш учун жиддий илмий изланиш мавжуд эмас. Жамиятимизда ижтимоий адолат ва қонун устуворлиги учун масъул бўлган, инсон ҳуқуқлари кафили бўлган 236 нафар судьянинг ўзи “қонундан ташқарида”. Бундан ташқари эндилида шахснинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини чеклашга қаратилган жиноят-процессуал процедуралар ваколатли бўлмаган судьялар томонидан амалга оширилади.
Анжуманда президент фармонидан келиб чиқиб, янги тайинланган судьялар билан ўқув машғулотлари олиб борилганлиги маълум қилинди. Лекин мен анжумангача суҳбатлашган беш нафар бўлажак тергов судьяси уларни ҳеч ким мазкур ихтисослик бўйича ўқитмаганлигини айтганди. Бу саволга жавоб берган Муслимов буни тан олмади ва ўқитиш амалга оширилганини айтди. Шахсан мен ўзим суҳбатлашган судьяларнинг гапи ҳақиқатга яқинроқ деб ҳисоблайман. Боиси, ҳуқуқий назария бўлмаса, қонун бўлмаса, ҳеч бўлмаганда муҳокамадаги қонун лойиҳаси бўлмасдан туриб, судьяга нимани ўқитиш мумкин?
Адвокатлар тергов судьяси жорий этилишини кутганди, аммо...
Биз адвокатлар тергов судьяси институтининг жорий қилинишини мамнуният билан кутиб олган эдик. Чунки терговга қадар текширув, суриштирув ва жиноят ишларини тергов қилиш жараёнида инсон ҳуқуқлари поймол қилиниши, суриштирувчи, терговчи ва бошқа масъул ходимлар томонидан Жиноят процессуал кодекс нормаларининг бузилиши юзасидан ваколатли прокурорга мурожаат қилишимиз аксар ҳолларда асоссиз ва қонунга зид равишда рад этилади. Прокурорнинг қарори устидан шикоят қилиб, инстанцияма-инстанция юргунимизча тергов якунланиб бўлади. Оқибатда додимизни судда айтиш учун кутишга мажбур бўламиз. Тергов судьяси институти жорий қилинса, прокурор қарори устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи вужудга келади деган умидда эдик. Афсуски бундай бўлмаяпти. Чунки, тергов судьяси ваколати доирасини белгилаб берадиган қонун йўқ, бу қонунни қабул қилиб, жорий қилишга эса вақтимиз қолмаган.
Прокурордан судьяга олиб берилган дастлабки ваколатлардан бири айбланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси ҳисобланади. Мазкур ваколат судларга 2008 йил 1 январида олиб берилган. Ўша йили мен ўғил кўрган эдим. Айбланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси судга олиб берилганининг дастлабки чоғларида, мазкур масала бўйича ёпиқ суд мажлислари ўтказилиши вақтинча эканлигини бир-икки йилда тажриба умумлаштирилиб, бу суд мажлислари очиқ суд мажлисида ўтказилиши масаласи кўриб чиқилиши, шунингдек, судьяларнинг ваколати ҳам кенгайиши ваъда қилинган эди. Орадан ўн етти йил ўтди. Ўғлим балоғатга етиб, мактабни битириш арафасида. Демак, битта инсонни шахс сифатида шаклланиши учун етарли давр ўтди. Айбланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси тартиби эса ҳали ҳам ўша-ўша. Айбланувчиларнинг иши ёпиқ суд мажлисида кўрилмоқда, судьялар қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашга доир ишларни юзаки ўрганади. Эътироз билдирилса, барча судьяларнинг баҳонаси бир хил — “менинг айбловга киришга ҳаққим йўқ”.
Тўғри, жиноят-процессуал қонунчиликдаги камчилик туфайли, судьянинг айбловга киришга ҳаққи йўқ, лекин айбланувчига нисбатан эълон қилинган айблов фабуласи билан мазкур фабула мазмунидан келиб чиққан ҳолда шахснинг қилмиши Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан тўғри квалификация қилинганига наҳот судья баҳо бера олмаса? Айблов фабуласи билан Жиноят кодексига асосан эълон қилинган модда ўртасида номутаносибликни кўрмаса?
Кўради албатта, қилмиш номутаносиб равишда оғир модда билан квалификация қилинганлигини ҳам билади. Лекин, “айбловга кира олмайман” баҳонасида, одамни қамайверади. Фикримча, судьянинг бу ҳаракатининг ўзи қонунни бузишдир. Чунки мазкур тарздаги қилмиш “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасида назарда тутилган “Суднинг асосий вазифалари фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонунларида кафолатланган ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини … ҳимоя қилишдан иборат”, деган нормасига қарши. Натижада бугунги кунда шахсга қамоқда олиш эҳтиёт чорасини қўллаш билан боғлиқ процедура “суд формализми” кўринишига эга бўлиб қолган. Мазкур амалиётдан судьяларнинг ўзлари ҳам азият чекишади.
Судьялар ва прокурорлар тизим уларни ҳимоя қилолмаслигини тан олади
Касбим юзасидан судьялар ва прокурорлар билан суҳбатлашиб турамиз, мушкул кунларида уларни ҳимоя қилишимга тўғри келади. Ҳуқуқий амалиёт муаммолари ҳақида суҳбатлашиб қолсак, иккиси ҳам “тизим бизни ҳимоя қилмайди”, деб хафа бўлишади. Қонунни қўллаш амалиётини судьялар билан прокурорлар ўзлари бузар экан, “бузуқ” ҳуқуқий амалиётга таянган тизим, қандай қилиб уларни ҳимоя қилсин?! Ахир прокурор билан судья ҳам инсон, шу сабабли ҳам уларни оддий фуқаролардан устун жойи йўқ. Натижада, прокуратура ва суд тизими ходимлари ўзлари кавлаган чоҳга ўзлари тушиб қоляпти, дейди адвокат.
Изоҳ (0)