2024 йил 8 декабрда Алиса Фрейндлих юбилей 90 ёшини нишонлади. Шундан у 70 йил умрини саҳна ва экранларда ўтказган.
Совет даврининг энг таниқли актрисаси Алиса Фрейндлихдек ранг-баранг фильмографияга эга санъаткорни топиш қийин: у “Ишдаги ишқ” комедиясидаги қатъий ва жиддий Людмила Прокофевна ролини ҳам, “ДъАртанян ва уч мушкетёр”даги Франция қироличаси образини ҳам жуда ишонарли тарзда ижро этган эди. Бугун биз Алиса Фрейндлихнинг ҳаёт ва карьера йўли қандай ўтганини ёдга оламиз.
Санкт Петербургда туғилган Алиса Фрейндлих учун тақдирнинг ўзи ижодга тўла келажак тайёрлаб қўйгандек эди. Унинг онаси Ксения шунчаки ҳаваскор спектаклларга қизиққан ва драма курсларида таҳсил олган бўлса, отаси Бруно (Мекленбург-Шверин герцогининг авлоди) профессионал актёр бўлган.
Алисанинг келажакда санъат йўналишини танлашига унинг туғилиб ўсган ватани ҳам таъсир қилган: Фрейндлих Санкт Петербургнинг тарихий марказида яшаган: унинг уйи олдида Қонунчилик Ассамблеяси ва Исаакий собори бор эди.
Актрисанинг театр ва кинодаги қизиқарли ҳаёти бошланишидан аввал уруш бошланди. Фрейндлих уруш нима эканлигини ва қанчалик даҳшатли эканлигини эрта англади. Биринчи жаҳон урушидан бир оз аввал унинг ота-онаси ажрашди: отаси ва театр труппаси Тошкентга гастролга кетди, онаси ва бувиси Ленинградда қолишди. Актрисанинг сўзларига кўра, аслида келиб чиқиши немис бўлган Брунонинг кетиши унинг ҳаётини сақлаб қолган:
“Амаким ва унинг рафиқаси ҳибсга олинган эди, кейинроқ биз уларни отиб ташлашганини эшитдик”, дейди Фрейндлих.
Ленинградда қолган Алиса ва унинг онаси учун ҳам қийин давр бўлди, чунки уларнинг немисча фамилияси уруш даврида жуда хавфли эди.
1940 йилларнинг ўрталарида Фрейндлих онаси ва бувиси билан бир неча йил Эстонияда яшади, сўнг у ердан Ленинградга қайтиб келди. Алиса таниқли совет актрисаси Мария Призван Соколованинг театр труппасида иштирок эта бошлади. Юқори сопрано овозига эга бўлган Фрейндлих опера айтишга ҳам қизиқар эди, аммо отаси уни мусиқа карьерасидан қайтарди ва актёрлик касбини танлашини талаб қилди.
Мария Соколованинг шахсан ўзи Фрейндлихни А. Н. Островский номидаги Ленинград театр институтига тайёрлади, сўнг 1953 йилда Алиса машҳур театр педагоги Борис Зон дарсларига қатнай бошлади.
Ўқув жараёнида бўлажак актриса институтдан ҳайдалишига оз қолади, Алиса бир қанча муаммоларга дуч келади. Бироқ ўқитувчиси Борис Зон уни олиб қолиш учун ҳаракат қилади. Унинг аралашуви туфайли Фрейндлих актрисалик маҳоратини оширишда давом этади. Институтни муваффақиятли тугатгандан сўнг, Зон Фрейндлихни вилоят ва миллий аҳамиятга эга драма театрларига тавсия қилади.
Ўқишни тугатгандан сўнг, Фрейндлих B.Ф Комиссаржевская номидаги Ленинград драма театри труппасига қўшилди, у ўша даврни доим яхши кайфиятда эслайди:
“Мен у ерда катта сабоқ олганман, труппада Эмма Попова исмли ажойиб актриса бор эди. Менга фақат Попова рад этган роллар насиб қилар эди. Ёдимда, мен Хемингуэйнинг “Бешинчи устун” лойиҳасида Дороти ролини ижро эта олмаслигимдан жуда хавотирда бўлганман ва тўлиб йиғлаганман, — деган эди Фрейндлих 1979 йилда “Ёшлик” журналига берган интервьюсида.
70 йилларда унинг кинодаги биринчи чиқишлари бошланди. Аввал Алиса эпизодик ролларда (“Тугалланмаган достон, “Истеъдодлар ва мухлислар”), кейин каттароқ ролларда (“Ёш келин-куёвлар ҳақида достон) ишлади. Ўша пайтда Фрейндлих театрда катта спектаклларда иштирок этар эди.
1960 йилларнинг бошларида Алиса Фрейндлих Ленсовет театрида ишлай бошлади, бу ерда актриса ўн йилдан ортиқ ижод қилди. Унинг иккинчи театр уйи Г. А. Товстоногов номидаги катта драма театри бўлиб, актриса Ленинград шаҳар кенгашининг бош директори Игор Владимиров билан ажрашгандан кейин у ерда ишлай бошлади Кейин унинг кинодаги фаолияти бошланади. 80 йилларнинг бошида “Севмоқ” фильмида рол ўйнади. Михаил Калик режиссёрлигидаги мазкур фильм бадиий ва ҳужжатли кино элементларини ўзида мужассам этган.
Сўнг Фрейндлих иккинчи новеллада — Сергей трамвай кондуктори Аня ҳақидаги қисқа ҳикояда ўйнади. Уни аборт қилишга мажбур қилган севгилиси билан ажрашгач, қаҳрамон ўз жонига қасд қилишни истайди. Сергей уни бу фикрдан қайтариш учун бор кучини сарфлайди. Бу образ ўша даврдаги ёш авлоднинг ҳақиқий ҳаёти қандай кўринишга эга эканлиги ҳақидаги жиддий лойиҳа эди.
1980 йилларнинг ўрталарига келиб, Фрейндлих аллақачон юлдуз мақомига эришган эди. У “Сомон қалпоқ, “Менинг ҳаётим”, “Малика ва нўхат” фильмларида рол ўйнади.
“Ишдаги ишқ” комедияси Фрейндлихнинг Рязанов билан ҳамкорликдаги биринчи фильми эмасди. У “Тақдир ҳазили ёхуд қушдек енгил бўлинг” фильмида Надя ролини ўйнаши мумкин эди, аммо охирги дақиқада рол Барбара Брилскага берилди. Бундан ташқари, Фрейндлих “Тақдир зигзаги”да ҳам ўйнай олмади, чунки суратга олиш пайтида у ҳомиладор эди. Аммо “Ишдаги ишқ” актриса карьерасида ўз ўрнини эгаллади ва унга ҳақиқий муваффақият келтирди.
“Рязанов билан қонимиз бир, иккимиз ҳам барча нарсада мукаммаллик тарафдоримиз. Суратга олиш ишлари бошланганда иккимиз “Мосфильм”нинг костюмлар бўлимига югуриб, қаҳрамоним учун либослар излаган эдик”, дейди Фрейндлих.
Кейинги йилларда актриса ролларини танлай бошлади: “Шафқатсиз романтика”, “Қор маликаси сири”, “Москва оқшомлари”. Орада актриса театрда ишлашда ҳам давом этди. 1990 йиллардаги қийин кунлар, очлик ва кино саноати ривожланмай қолган даврда, кўплаб санъаткорлар пул етишмаслигидан қийналган даврда ҳам Фрейндлих ҳар қандай лойиҳага рози бўлмаган.
2000 йилларда Фрейндлих ёши ва саломатлигидаги муаммолар сабаб саҳнада камроқ кўрина бошлади. Унинг сўнгги фильми “Қаттиққўл ота-оналари” трагикомедиясидаги бош қаҳрамон онаси роли бўлди. 2020 йилда коронавирус эпидемияси авж олганда актриса ўпкасининг 93% қисми зарарланиши билан касалхонага ётқизилди. Шифокорларнинг хавотирлари туфайли Фрейндлих реанимацияга ўтказилди, бироқ 2021 йил февралида актриса тузала бошлади.
Ўн йил аввал у узоқ йиллик чекиш туфайли саломатлигида муаммолар пайдо бўлди ва жарроҳлик амалиётини ўтказди. Аввалроқ актриса онасининг вафотидан кейин 35 ёшидан бошлаб чекишни бошлаган эди. Фрейндлих доимий равишда кунига бир қути сигарет чекар эди.
Фрейндлихнинг яқин дўсти Ирина Тайманова актрисанинг ёмон одати ҳақида айтиб берган:
“Уни сигарет тутқичисиз кўз олдимга келтира олмайман. Ростини айтсам, Алиса Фрейндлих жиддий касал бўлганидан кейин у бу одатини тарк этишига умид қилгандим. Аммо билишимча, у ҳали ҳам ўз сўзида туриб оладиган аёллигича қолган”.
Маҳоратли актриса Алиса Фрейндлих кўплаб мукофотлар соҳибаси. У кино ва театр томошабинларининг турли авлодлари вакиллари томонидан танилган ва эътироф этилган. 2018 йилда у “Катта” фильмидаги энг яхши иккинчи пландаги актриса учун “Ника” мукофотига сазовор бўлган. Актриса 90 ёшда бўлишига қарамай, ҳали ҳам театрда ишлаб келмоқда.
Изоҳ (0)