Ўзбекистонда тиббиёт соҳасини трансформация қилишда туркиялик мутахассислар яқиндан кўмак беради. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
“Ҳозир Ўзбекистон тиббиётида кенг кўламли трансформация жараёнлари давом этмоқда. Президентимиз бу борада соғлиқни сақлаш тизими мутасаддилари олдига тегишли вазифаларни қўйган. Хусусан, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини жаҳон стандартлари даражасига олиб чиқиш — энг асосий талаблардан бири. Бунинг учун эса, биринчи навбатда, халқаро тажрибани чуқур ўрганиш ва амалиётга самарали татбиқ этиш талаб этилади”, дейилади вазирлик хабарида.
Қайд этилишича, шу эҳтиёждан келиб чиқиб, ҳукумат қарорига кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан туркиялик мутахассислар гуруҳи жалб этилди. Ҳозир хорижлик экспертлар Ўзбекистонлик вакиллари билан ҳамкорликда барча бўғиндаги тиббиёт муассасаларида ўрганишлар олиб бормоқда. Шу мақсадда тузилган ишчи гуруҳлар тасдиқланган режа асосида ҳудудларда бўляпти.
Туркиялик мутахассислар еттита йўналиш бўйича иш олиб бормоқда:
- бирламчи тиббий-санитария ёрдамини такомиллаштириш,
- тиббий суғурта тизимини жорий этиш ва тизимни рақамлаштириш,
- шифохоналарда тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш,
- тиббий хизматларни режалаштириш,
- фармацевтикани ривожлантириш ва дори воситалари таъминоти,
- тиббий асбоб-ускуналар самарадорлигини ошириш,
- шошилинч ва тез тиббий ёрдамни ривожлантириш.
Туркиядан таклиф этилган мутахассислар сони ҳам етти нафар. Улар юқоридаги еттита йўналиш бўйича катта халқаро тажриба ва малакага эга экспертлар. Ҳар бири тегишли йўналиш бўйича масъул этиб белгиланган.
Жумладан, гуруҳ раҳбари — Ҳасан Чагил 1986 йилда Истанбул университетини тамомлаган. 2003—2013 йилларда Туркия тиббиётини трансформация қилишда бевосита иштирок этиб, асосий йўналишларга бошчилик қилган. Натижада қисқа муддатда мамлакат тиббиёти 2000 йиллар бошидаги аҳволи оғир соҳадан ривожланган тизимга айланди.
“Айни пайтда доктор Ҳасан Чагил Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини трансформация қилишга кўмаклашиш мақсадида тиббий суғурта тизимини жорий этиш йўналиши бўйича иш олиб боряпти. Шу билан бирга, туркиялик экспертлар сафида тиббиёт соҳасида катта илмий салоҳият ҳамда амалий тажрибага эга Меҳмет Угурлу, Талган Кючюк, Муҳаммет Ёрнек, Меҳмет Эрсой, Ҳасан Багджи ва Мехмут Авджи ҳам бор”, дейилади хабарда.
Ҳозир улар жойларда бўлиб, соғлиқни сақлаш муассасалари фаолиятини чуқур ўрганган ҳолда, уни янада ривожлантириш борасида ўз тавсияларини беряпти. Келгусида ана шу таҳлил, таклиф ва тавсиялар умумлаштирилиб, соғлиқни сақлаш тизимининг босқичма-босқич ислоҳотига оид қисқа, ўрта ва узоқ муддатли “Йўл хариталари” ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши режалаштирилган.
Шавкат Мирзиёев 20224 йил 9 ноябрь куни соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларига йўллаган байрам табригида аҳоли саломатлигига эътиборни кучайтириш орқали инсон қадрини ошириш, унинг ҳаётий манфаатларини таъминлашга қаратилган муҳим ишлар ҳам изчил давом эттирилишини таъкидлаганди.
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида тиббиёт соҳасида ҳам катта ўзгаришларни амалга оширишни режа қилинган.
Изоҳ (0)