Табиатнинг бой неъматларидан бири бўлган қора седана қадимдан турли касалликларни даволашда қўлланган. Унинг таркибидаги фойдали моддалар организмнинг иммун тизимини мустаҳкамлаш, юрак-қон томир фаолиятини яхшилаш, шунингдек, тери ва соч соғлиғини қўллаб-қувватлаш каби кўплаб салбий омилларга қарши курашишда ёрдам беради. Қуйида қора седананинг бошқа бир қатор шифобахш хусусиятлари ҳақида сўз боради.

Қора седана тарихда
Седананинг даволовчи хусусиятларининг тарихи қадимги даврлардан бошланади, буни неолит ва мезолит давридаги қазишмаларда қора седана уруғлари топилгани тасдиқлайди. Уни доривор ўсимлик сифатида Гиппократ, Плиний, Диоскоридлар ишлатган. Ибн Сино асарларида қора седанани “организмнинг энергиясини рағбатлантирадиган, тушкунлик ва чарчоқни бартараф этадиган уруғ” дея қайд этган.
Седананинг фойдали хусусиятлари бўйича тадқиқотлар
ХХ асрнинг ўрталарида турли халқаро университетлар томонидан 500 дан зиёд экспертлар томонидан кўриб чиқилган тадқиқотлар нашр этилди, натижада қора седана ишлатилиши турли касалликларни даволашда самарали эканлиги исботланди. Шу билан бирга қора седана кўникиб қолиш, аллергик реакциялар ва интоксикация каби таъсирларга эга эмас.
Бугунги кунда қора седананинг қуйидаги фармакологик таъсирлари маълум:
- спазмларга қарши ва оғриқ қолдирувчи;
- антибактериал ва замбуруғларга қарши;
- яраларга қарши ва гепапротектив (жигарни ҳимоя қилиш);
- антиоксидант ва аллергияга қарши;
- антивирус эффекти (интерферон индуктори);
- диабетга қарши (инсулин сезгирлигини табиий регулятори) ва гипотоник таъсири;
- бронходилататор ва ренопротектив (буйракни ҳимоя қилиш);
- ўсимталарга қарши ва иммунитет кучайтирувчи.
Қора седананинг фойдали хусусиятлари

Қора седана кальцийга бой экани билан рекордсмен ҳисобланади. Унинг 100 граммида ушбу микроэлементнинг деярли кунлик меъёри (1000 мг) мужассам бўлади. Шунингдек, таркибидаги рух моддаси суякларни мустаҳкамланишига ҳисса қўшади.
Седана “ёмон” холестеринларни камайтириш хусусиятига эга бўлган антиоксидантларнинг кони. Қолаверса унда қон босимини назорат қилувчи магний ҳам мавжуд.
Ичаклар фаолияти учун
Таркибидаги фойдали ёғлар боис ушбу маҳсулот ичаклар фаолиятини ҳам яхшилайди. Ундаги антиоксидантлар иммунитетни мустаҳкамлайди, клетчаткалар эса жигарни ҳимоя қилиб, организмдан токсинларни чиқариб юборишга ҳисса қўшади.
Аъло кайфият
Кальций ва магний бирикмаси асабийлик ва стрессга қарши яхши самара беради. Триптофан ва тиамин эса организмда “бахт гормони” серотонин ишлаб чиқарилишига ёрдам беради.
Аёллар учун фойдаси

Седанада организм учун зарур бўлган кальций, темир, Б витамин, рух, фосфор, магний ва селен мавжуд экани сабаб ҳам энди она бўлган аёлларга канда қилмаслик тавсия қилинади. Шунингдек, менопауза вақтида ҳам яхши самара беради. Унинг таркибидаги фитоэстроген, аёллар гормони эстрогеннинг ўрнини босади ва организмни эрта қаришининг олдини олади.
Шарқ фитотиббиётида қора седана эшитиш ва кўриш қобилиятини яхшилаши, хотирани мустаҳкамлаши ҳаттоки оқарган сочлардан қутилишга ҳам ёрдам бериши таъкидланган. Японияда оқ сочли аёл ва эркаклар ўртасида тажриба ўтказилган бўлиб унга кўра ҳар бир иштирокчи кунига икки қошиқда қора седана истеъмол қилган. Орадан икки ой ўтиб иштирокчиларнинг сочлари қорая бошлаган.
Эркаклар учун фойдаси
Седана таркибидаги рух ва мис моддаси эркаклар саломатлиги учун муҳим. Ушбу микроэлементлар қон айланишини яхшилайди, А ва Э витаминлари ҳам фойдали ҳисобланади
Қанча миқдорда истеъмол қилиш керак?

Кунига 1 чой қошиқ, тахминан 3–5 грамм уруғ (ёғ эмас!)ни истеъмол қилиш етарли ҳисобланади.
Кимларга тавсия қилинмайди?
Буйрак ва сийдик пуфагида муаммо бўлганлар седана қўшиб тайёрланадиган таомлардан узоқроқ туриши керак. Етарлича калорияга бой экани, унинг 100 граммида 560 ккал бўлгани сабаб ҳам парҳез қилаётганларга тийилиш маслаҳат берилади.
Қандай сақлаш керак?
Қоронғи ва салқин жойда герметик идиш ичида бўлса, қора седанани уч ойгача сақлаш мумкин. Ярим йил давомида сифати бузилмаслиги ва айнимаслиги учун музлаткичга қўйиш керак.
Изоҳ (0)