Фарғона вилояти Риштон туманида шифокор икки фуқаро томонидан калтаклангани хабар қилинганди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги жабрланувчининг ҳолати назоратга олинганини маълум қилди.
Қайд этилишича, 12 ноябрь куни тиббиёт марказига олиб кетилаётган бемор тез ёрдам машинасида вафот этган. Отаси ҳаётдан кўз юмганидан ғазабланган Т.Т. ва унинг ўғли Ғ.Х. тез тиббий ёрдам ходими Б.З.ни сабабсиз уриб, унга тан жароҳати етказган. Шифокор олган жароҳати сабабли шошилинч тиббий ёрдам бўлимига ётқизилган.
Тегишли тиббий текширувлардан сўнг унга «Ўнг кўз орбитаси медиал девори ўрта ва орқа юзаси синиб силжиши. Гемосинус. Чап орбита медиал девори деформацияси. Бурун тўсиғи қийшайиши. Ўнг кўз олмаси контузияси. Тўрпарда ангиопатияси. Ўнг қош соҳаси йиртилган жароҳати. Ўнг кўз қовоқлари лат ейиши» дастлабки ташхиси қўйилган.
«Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу ҳолатни ўз назоратига олган ва ҳозир бемор-шифокорнинг аҳволи қониқарли, тегишли даво муолажалари давом эттирилмоқда», — дейилади хабарда.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)