Ливан ҳукумати Исроил тажовузи сабаб юзага келган мисли кўрилмаган инқироздан чиқиш учун араб ва ислом давлатларидан ёрдам беришни сўради.
Бу ҳақда республика бош вазири Нажиб Микати Араб давлатлари лигаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатларнинг навбатдан ташқари саммитида сўзлаган нутқида маълум қилди.
“Исроил Ливан суверенитетини оёқости қилишда давом этмоқда, бу бизнинг бугунги ва келажагимизни хавфга қўяди. Жаҳон банки маълумотларига кўра, ҳарбий операциялардан кўрилган иқтисодий зарар 8,5 миллиард долларни ташкил этди, тажовуз катта гуманитар йўқотишларга олиб келди. 1,2 миллионга яқин одам ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлди”, деди Микати.
Унинг сўзларига кўра, қишлоқ хўжалиги ва атроф-муҳитга катта зарар етказилган, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳалари иши издан чиққан.
Бош вазир “Ливанга қарши ваҳшиёна тажовузни зудлик билан бас қилишга, ўт очишни тўхтатиш ва БМТ Хавфсизлик кенгашининг 1701-резолюциясини тўлиқ тиклаш”га чақирди.
Изоҳ (0)