Ўзбекистон енгилроқ жазо тайинлаш моддаси ўта хавфли рецидивистларга қўлланилмаслиги белгиланмоқда. Бу ҳақда Олий суд томонидан ишлаб чиқилиб, муҳокама учун эълон қилинган қонун лойиҳасида кўзда тутилган.
Лойиҳага кўра, рецидивизм жиноятнинг энг хавфли турларидан бири ҳисобланиши, ўта хавфли рецидивист мақомига эга шахслар ўзгарувчан ва айниқса вояга етмаган шахсларга салбий таъсир кўрсатишини инобатга олиб қонун билан Жиноят кодексида белгиланган жазонинг энг кам қисмидан ҳам камроқ ёки бошқа енгилроқ турдаги жазони ўта хавфли рецидивистларга нисбатан тайинлашга тақиқ белгиланмоқда.
Жиноят кодексининг 57-моддасида (енгилроқ жазо тайинлаш) суд содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатларни эътиборга олиб, алоҳида ҳолларда ушбу кодекс махсус қисмининг моддасида назарда тутилган мазкур жиноят учун белгиланган жазонинг энг кам қисмидан ҳам камроқ ёки шу моддада назарда тутилмаган бошқа енгилроқ турдаги жазони тайинлаши мумкинлиги белгиланган.
Қонун лойиҳаси билан ушбу модда 4-банд билан тўлдирилади. Унга кўра, моддада келтирилган қоидалар ўта хавфли рецидивистларга нисбатан жазолар тайинлашда қўлланилмайди.
Ушбу қонун лойиҳаси муҳокамаси 27 октябргача давом этади.
Изоҳ (0)