Сурхондарё вилоятидаги болалар боғчаларида текширув бошланди. 10 нафардан ортиқ боғча директорлари лавозимидан олинди. Бу ҳақда ҳокимлик ахборот хизмати хабар тарқатди.
Қайд этилишича, вилоятдаги мавжуд давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида болалар учун яратилган шароитлар, уларга таълим-тарбия бериш жараёнларини сифатли ташкил этиш ҳолати ўрганилган.
Ҳолат Қумқўрғон туманидаги 7-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида видеоселектор тарзида муҳокама қилинди. Вилоят ҳокимининг топшириғи билан Жарқўрғон, Ангор, Термиз, Музработ, Қизириқ, Бандихон, Қумқўрғон, Шўрчи ва Олтинсой туманларида соҳа мутахассислари ва ОАВ вакилларидан иборат ишчи гуруҳи боғчалар фаолиятини танланма асосида ўрганди. Муҳокама аввалида ушбу ўрганиш давомида аниқланган ҳолатлар акс эттирилган видеолавҳа намойиш этилди, — дейилади ҳокимлик ахборотида.
Ҳудудларда ўрганилган боғчаларнинг айримларида ободонлаштириш ишлари қониқарсизлиги, болалар овқатини тайёрлаш меъёрларига риоя этилмагани, таълим-тарбия жараёнлари тўғри йўлга қўйилмагани аниқланган.
Хато-камчиликлар аниқланган қатор боғча мудиралари ва масъулларини ишдан олиш, айримларини қонун доирасида жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқиш бўйича кўрсатмалар берилди. Вилоят раҳбари муҳокама қилинган боғчалар мисолида барча мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини ўрганиш, камчиликларни бартараф этиш бўйича муддат ва вазифаларни белгилаб берди. Ишчи гуруҳга топшириқлар ижросини қайта ўрганиш вазифаси юкланди, — дейди масъуллар.
Қўшимча қилинишича, вилоятдаги боғчалар ҳолатини ўрганиш давом этади.
Изоҳ (0)