10 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида хорижликлар учун биринчи бож олинмайдиган савдо дўкони (Duty Free) очилди. Бу ҳақда Давлатбожхона қўмитаси хабар берди.
Самарқанддаги «Александр» меҳмонхонасида Ўзбекистонга ташриф буюрган хорижликлар учун мамлакат ичкарисида фаолият юритувчи биринчи бож олинмайдиган савдо дўконининг очилиш маросими бўлиб ўтмоқда. Ушбу турдаги дўконлар ишини ташкил этишда Жанубий Корея тажрибаси асос бўлди, — дейилади қўмита хабарида.
Қайд этилишича, ушбу дўкондаги товарлар чакана савдода ўзбек сўмида ёки бошқа давлатлар валютасида сотилади.
Дўкондаги хориж товарлари харидорнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат, шунингдек, жўнаб кетиш учун авиачипта кўрсатилгандан сўнг танлаб олинади ва танланган товарлар халқаро аэропортларда жисмоний шахс жўнаб кетган куни тақдим этилади.
Бундай турдаги дўконлар сайёҳлар учун қулайлик яратади, — дейилади Давлат божхона қўмитаси хабарида.
Айни пайтда Бухоро, Хоразм ва Фарғона вилоятларида ҳам божсиз савдо дўконларини очиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Аввалроқ Uzbekistan Airports Ўзбекистондаги Duty Free тармоғидаги улушини сотиб олгани ҳақида хабар берилганди.