Ўзбекистонда илк бор «Виртуал офис» хизматини йўлга қўйилмоқда. Бу ҳақда IT Park хабар берди.
«Виртуал офис» — бу IT Park резиденти ва унинг ходимларига уйдан чиқмасдан туриб, Интернет орқали жисмоний офиссиз ҳамкорлар ва мижозлар билан масофадан туриб, бир-бири билан мулоқот қилиш имконини берувчи имкониятдир.
«Виртуал офис» кимларга берилади?
Бундай офис фақат компания директори Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган тақдирда IT Park резидентларига берилади.
«Виртуал офис»нинг қандай афзалликлари бор?
У орқали дунёнинг исталган нуқтасидан ишлаш имкониятига эришиш мумкин. Бунда офис ижарага олиш ва турар-жойни нотурар жой тоифасига ўтказиш шарт бўлмайди.
Бундан ташқари бу турдаги офислар ёрдамида қиммат ижара ҳақи, коммунал тўловлар, офис менежери ва хавфсизлик хизматчиларини ёллаш мажбуриятидан халос бўлиш мумкин.
Аввалроқ қандай қилиб IT’ни ўргатиб юқори даромад қилиш мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.