Қирғизистонда 19 сентябрь миллий мотам куни деб эълон қилинди. Тегишли ҳужжат республика президенти Садир Жапаров томонидан имзоланган.
Қирғиз-тожик чегарасида 14 сентябрь кунидан бери давом этаётган тўқнашувларда қирғиз томонидан 37 киши ҳалок бўлгани хабар қилинганди. Тожикистон расмийлари қурбонлар ва жароҳатланганлар сонини ҳали расман эълон қилмаган.
АҚШ Тожикистон ва Қирғизистон чегарасидаги можародан хавотир билдирди.
«Биз тожик-қирғиз чегарасидаги тўқнашувлар ҳақидаги хабарлардан хавотирдамиз. Тинч аҳоли ҳаёти хавф остида, биз жабрланганларга ҳамдардлигимизни изҳор қиламиз. Икки томонни ўт очишни тўхтатиш режимига риоя қилишга ҳамда дипломатия йўли билан тинчликни ўрнатиш учун саъй-ҳаракатларини икки баравар оширишга чақирамиз», — дейилади АҚШ Давлат департаменти вакили Нед Прайснинг баёнотида.
Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегарада вазият 14 сентябрь эрталаб кескинлашди. Қирғизистон томони Тожикистон чегарачилари мамлакатнинг Боткен туманига бостириб кирганини, тожик томони эса Исфара туманида чегарачилар ўққа тутилганини маълум қилди.
Чегарада шиддатли жанглар 16 сентябрга ўтар кечаси юз берди. Шу куни эрталаб Тожикистон ва Қирғизистон президентлари Эмомали Раҳмон ва Садир Жапаров ўт очишни тўхтатиш ҳақида келишиб олди, бироқ сал кейинроқ томонлар бир-бирини битимни бузишда айблади.
Изоҳ (0)