18 сентябрь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан Бастилия қамоқхонасида темир ниқобда сақланган сирли маҳбус, Сибирда бир неча соатга йўқолиб қолган қуёш ва чумчуқларга қарши «уруш» эълон қилган Мао Цзэдуннинг дафн маросимига оид фактлар ўрин олган.
Франция қироли Людовик XIV нинг акаси дея тахмин қилинган «Темир ниқоб»
«Темир ниқоб» — қирол Людовик XIV даврида қамоққа олинган ва Франциянинг турли қамоқхоналарида, жумладан, Бастилияда ҳам ҳибсда сақланган 6448 9001 рақами остидаги сирли маҳбус. «Темир ниқоб» 1698 йилнинг 18 сентябрь куни айнан шу қамоқхонага кўчирилган. Уни 34 йил давомида битта инсон — Бенин Доверн де Сен-Мар қўриқлаган. Маҳбус 1703 йилнинг 19 ноябрда вафот этган ва «Марчиолй» номи остида дафн қилинган. Қора бахмалли ниқоб тақиб юргани учун унинг юзини ҳеч ким кўрмаган. Маҳбуснинг шахси ҳозирга қадар сирлигича қолмоқда: тарихчилар турли фаразларни илгари сурган бўлиб, уларнинг айримлари асарлар ва киноларга кўчган.Таниқли ёзувчи ва файласуф Волтер ўзининг «Энциклопедияга саволлар» китобида маҳбус бахмал эмас, темир ниқобда бўлганини ва у Людовик XIV нинг акаси эканини ёзган. Темир ниқобли одам ҳақидаги ягона тарихий маълумотларни Сен-Maрнинг Париждаги раҳбарияти билан ёзишмаларидан олиш мумкин. Яна бир версияга кўра, ниқоб остида XVII асрда бир нечта сиёсий можаролар иштирокчиси Эсташ Доже бўлган, аммо бу ҳам тасдиқланмаган.
Франция миллий архивлари 2015 йилда Сен-Мар ишига боғлиқ оригинал ҳужжатларни эълон қилган. Шу каби ҳужжатлардан бири (64 варақ) 1708 йилда Бастилияда тузилган, яна бири (68 варақ) 1691 йилда Сент-Маргерит оролида ёзилган. Улар 100 йилдан ортиқ вақт давомида йўқотиб қўйилган дея ҳисобланган, аммо 2015 йилда Марказий нотариал бўлинмадан топилган. Сен-Марга тегишли 800 га яқин ҳужжат унинг ўлимидан кейин таҳлил қилиниб, жуда хасис бўлгани аниқланган, чунки у Людовик XIV томонидан маҳбусни сақлаш учун ажратилган маблағларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб келган. Ўша ерда маҳбус сақланадиган камера ҳам таърифланган: қулайликлар орасида фақат ухлаши учун матрас бўлган. Франция Миллий кутубхонасининг ёрдами билан 2015 йилда «Темир ниқоб»нинг қамоқхонадаги камераси биринчи виртуал реконструкцияси яратилган.
Темир ниқобдаги одамнинг адабиётга ҳам таъсири катта. У Александр Дюманинг «Виконт де Бражелон ёки ўн йилдан кейин» романида ҳам тилга олинади: маҳбус Людовик XIV нинг эгизак акаси дея келтирилган.
Маҳбуснинг тарихи
1669 йилнинг июлида Людовик XIV нинг ҳарбий вазири маркиз де Лувуа Пинерол қамоқхонаси бошлиғи Сен Марга мактуб йўллаб, кейинги ойда «Эсташ Доже» исмли маҳбус олиб келинишини билдирган. Бу темир ниқобдаги одам ҳақида ёзилган биринчи хат эди. Лувуа Сен-Марга камера ичида нима бўлаётганини эшитмайдиган даражада бир-бирини ёпиб турувчи кўплаб эшикларга эга хонани тайёрлашни буюрган. Сен-Мар маҳбусни бир кунда бир марта, шунда ҳам унга керакли нарсаларни бериш учунгина кўра олган. Айрим тарихчиларга кўра, асир ортиқча нарса ҳақида гапирса, уни ўлдиришга ҳукм бўлган.
Пинерол қамоқхонасига давлат хизматчилари юборилган, шу сабабли у ерда маҳбуслар кўп бўлмаган. Улар орасида Франция чегарасини бузиш ва Казале-Монферрато қалъасининг қўшиб олишинига доир битимни бузган граф Эрколе Антонио Маттиоли; молия суперинтенданти Николя Фуке, қирол рухсатисиз унинг жияни Анне де Монпансе билан унаштирилган маркиз де Лозен бўлган.
Людовик XIV нинг ноқонуний укаси
Марсель Панёлнинг «Темир ниқоб» асарида Людовик XIV нинг дунёга келиши сирли бўлгани айтилган ва қуйидаги тахмин келтирилган: тахт учун кураш юзага келмаслиги учун Людовикнинг эгизак укаси бошқа жойга кўчирилган. Панёл унинг исмини Жеймс де ля Клош деб келтирган бўлиб, у Жерси оролида улғайган ва кейинчалик Ру де Марсили билан Людовик XIV га қарши фитна уюштирган. 1669 йилда Жеймс ҳибсга олинган Руда қатл этилган. «Маршал Ришеле мемуарлари» муаллифи аббат Суляви ҳам мазкур версияни қўллаб-қувватлаган, бироқ бошқа версияни ҳам илгари сурган — Людовик XIII шаҳзодани яширин тарбиялашни буюрган. Бироқ Мазарининг ўлимидан кейин Людовик XIV укаси ҳақида хабар топган ва бир-бирга жуда ҳам ўхшашлиги сабаб унга ниқоб кийгизган.
Волтер «темир ниқоб» Людовик XIV нинг катта акаси, Анна Австрийскаянинг беникоҳ фарзанди деб кўрсатган. Унинг бепуштлиги беникоҳ туғилган фарзанд орқали рад этилган ва шундан кейин у ўз турмуш ўртоғидан Людовик XIV ни дунёга келтирган.
Хью Росс Уильямсоннинг ҳисоблашича, «темир ниқоб» остида Людовик XIV нинг ҳақиқий отаси яширинган. Тахминларга кўра, Людовик XIV 1638 йилда — Людовик XIII 14 йилдан бери рафиқаси билан алоқа қилмаган вақтда туғилган. Унинг жисмоний ҳолати катта эҳтимол билан меросхўр фарзандга ота бўлиш имконини бермаган. Людовик вафот этгудек бўлса, тахтни унинг укаси Гастон Орлеанский эгаллаши керак бўлган. Уни эса Ришеле ҳам, Людовик XIII ҳам, қиролича ҳам ёқтирмаган.
Уилсоннинг назариясига кўра, Ришеле Генрих IV нинг беникоҳ туғилган ўғли ёки набирасини топиб, уни қиролича билан қовуштириб қўйган. Номаълум ота Америкадаги француз колониясига қочган, 1660 йилда катта пул билан Францияга қайтган ва қамоққа юборилган.
Ямалда «ўчиб қолган» Қуёш
1938 йилнинг 18 сентябрида Ғарбий Сибирда жойлашган Ямал яриморолида кейинчалик «қора кун» номини олган ғайриоддий табиат ҳодисаси рўй берган: эрта тонгдан бутун атрофни зулмат қоплай бошлаган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, Ямални қоплаган қоронғилик қалин туман каби бўлган, кўрувчанликнинг ёмонлашиши натижасида одамлар бир метр радиусдан узоқдаги нарсаларни пайқай олмаган.«Қуёш ўлди, нима қиламиз?»
Соат 08:30 да ёруғлик камайиши қайд этилган. Бир вақтнинг ўзида булутлар ранги сарғиш-жигарранг рангга кира бошлаган. Соат 09:00 ларга бориб, бутунлай қоронғи тушган.
Яриморолда ишлаган геологларнинг сўзларига кўра, юзага келган зулмат сабаб улар рация орқали хабар ҳам бера олмаган, сигнал ракеталарини ҳам учира олмаган — қалин қора булутда ракеталар ёруғлиги кўринмай кетган. Одамлар «Қуёш ўлди, энди нима қиламиз?», дея ваҳимага тушишни бошлаган.
Қоронғилик эни 250 километрга, узунлиги 500—600 километрга етадиган бутун ҳудудни қоплаб олган. Ямалнинг жанубий қисми ҳам зулмат домида қолган. Табиат ҳодисаси бир неча соат давом этган. Қора булутлар тарқалиб, изсиз йўқола бошлаган ва узоқ йиллар давомида воқеа гувоҳларини даҳшатга солиб келган.
«Охир замон элчиси»
Ғайриоддий табиат ҳодисаси мифология мавзусига айланган — фанатиклар Ямалдаги воқеа «қора кун», «Миср зулмати», «охир замон» деб атаб бошлаган. Улар буни иблис амалга оширди, Худо бизни огоҳлантиряпти деб ҳисоблаган.
Одамлар «Инжил»даги башоратларни эслай бошлаган: «Қуёш зулматга айланади, ой эса қонга…». Баъзилар папа Пия Х нинг зулмат қоплаши ҳақидаги башоратларини ёдга ола бошлаган. «Булутлардан ҳосил бўлган оловлар тўфони ёғилиб, бутун Ер бўйлаб тарқалади…».
Илмий тушунтириш
Аввалига олимлар, жумладан, Владимир Вернадский ўша кунги қоронғиликка Ерни қоплаган космик чанг йўлаги сабаб юзага келган деб ҳисоблаган. Аммо кейинроқ шу куни сайёрага астрономик жисм яқинлашмагани маълум бўлган. Замонавий метеорологларда янги ва ҳақиқатга анча яқин версия мавжуд.
«Афтидан, зулматни улкан ёнғин сабаб юзага келган булут ҳосил қилган», — дейди метеоролог Егор Симеринов. Унинг сўзларига кўра, табиат ҳодисасини ҳатто Сибир ҳудудида бўлмаган ёнғинлар ҳам юзага келтирган бўлиши мумкин.
«Механизм қуйидагича ишлайди: йирик ёнғин вақтида — бутун бошли ўрмон ёнса — ҳаво устунлари пайдо бўлади. Улар юқори баландликка кўтарилади — 5-6 километр ва ҳаво оқими билан ёнғин қолдиқлари макон бўйлаб тарқалади. Улар атмосфера баландлигида бўлади, яъни қор линиясидан тепада, шу сабабли музлаган кўринишга киргани боис ёнғинга хос белгиларни ўзида намоён этмайди», — дейди у.
Симериновганинг тушунтиришича, ХХ аср бошларида одамларда Ерда содир бўлаётган табиат ҳодисалари бўйлаб глобал тасаввур бўлмаган. Шу сабабли ҳодисаларга турли диний талқинлар берилган.
Бу каби «қора кун»лар, шунингдек, 1802 йилда Тинч океанида, 1884 йилда Англияда, 1886 йилда Висконсин штатида, 1904 йилда эса Мемфисда қайд этилган.
Мао Цзэдун — Хитой коммунизми асосчиси
Бундан 46 йил олдин 18 сентябрь куни Хитой раиси Мао Цзэдуннинг дафн маросими бўлиб ўтганди. Хитойлик инқилобчи, давлат, сиёсат ва партия арбоби ўша йилнинг 9 сентябрида вафот этган ҳамда тўққиз кун давомида унинг дафн маросимига тайёргарлик кўрилган.1950 йиллар охирида Иосиф Сталин вафотидан кейин СССР ва Хитой ўртасида «буюк ғоя уруши» бошланган. Совет Иттифоқининг янги етакчилари вафот этган «доҳий»ни танқид қилар ва «капиталистик давлат билан яқинлашган» эди — бу икки ҳолат Мао Цзэдунга умуман хуш келмасди. Айнан ўша вақтларда Хитой етакчиси энг машҳур икки кампаниясидан бири — «Катта сакраш»ни ҳаётга татбиқ этишни бошлаган.
Иккинчи кампания — «Қизил китобча» муаллифининг ўлимидан 10 йил олдин, 1966 йилда бошланган «Маданият инқилоби» эди.
«Катта сакраш» қандай амалга оширилган?
1958 йилда Мао мамлакатнинг иқтисодий муаммоларини саноатлаштириш ёрдамида ечиш керак деган қарорга келган — шундай қилиб «Катта сакраш» кампанияси бошланган. У вақтлари Хитой 90 фоиз аграр давлат ҳисобланиб, раҳбар бу «муаммо»дан кескин коллективлаштириш ёрдамида қутулишга қарор қилган. Мао асосий товарлар — биринчи навбатда пўлат эритиш бўйича Ғарб давлатларига «етиб олиш ва ўзиб кетиш»ни истаган. Шу билан бирга, у буни миллионлаб оддий хитойликларнинг шижоати орқали эришиш мумкинлигига ишонган.
Натижада деҳқонлар ва корхоналар ишчиларига ишлаб чиқариш бўйича катта юкламалар қўйилган. Мао мамлакат саноқли кунлар ичида чўян соҳасида дунё етакчисига айланишини истаган, шу сабабли деярли ҳар бир хитойлик ўз ҳовлисида чўян эритиш учун печкага эга бўлиши мажбурий этиб белгиланган. Мамлакатда чўян ростдан ҳам кўп, аммо маҳсулот сифати ачинарли даражада эди.
«Хитойда бўлган совет мутахассислари корхоналар раҳбарларини технологиянинг бузилиши аянчли оқибатларга олиб келиши ҳақида огоҳлантирган. Бироқ уларга ҳеч ким қулоқ солмаган. Натижада 1960 йилда Совет Иттифоқи Хитойдаги ўзининг барча мутахассисларини чақириб олган ва бу мамлакат иқтисодиётига жиддий зарар етказган. Охир-оқибатда ‘Катта сакраш’ сиёсати қулаган. Ишлаб чиқаришда авариялар юзага келишни бошлаган, оммавий равишда сифатсиз маҳсулотлар босиб кетган», — дейди тарих фанлари доктори Александр Лукин.
Шу каби ўйланмаган кенг кўламдан бошланган қишлоқ хўжалиги ислоҳотлари ҳам очарчилик билан якун топган. Ақл бовар қилмас даражадаги бемаъни кампаниялардан бири — экинларни йўқ қиладиган асосий зараркунандалар деб эълон қилинган чумчуқларни йўқ қилиш бўйича умумий ҳаракат эди. Умуман олганда Мао чумчуқлардан ташқари, чивинлар, пашшалар ва каламушларни ҳам ҳосиллар душмани деб эълон қилган, бироқ асосий зарба чумчуқларга келиб тегган. Хитой аҳолиси «ҳаммаси бир бўлиб» кўчага чиқиб, қушларни қиришни бошлаган.
«Бутун мактаб чумчуқ ўлдиргани кетди. Уларнинг уяларини бузиш учун нарвонлар ясадик ва улар кечаси инига қайтганида шовқин кўтариб, уларни қочирдик. Бу чумчуқлар — аслида яхши қушлар эканини англаганимиздан олдин содир бўлган. Бунга қадар улар фақат дон ейди, деб ўйлардик», — эслайди кампания иштирокчиларидан бири.
Мамлакатда ҳосил йўққа чиққан ва миллионлаб инсоннинг умрига зомин бўлган очарчилик бошланган. Хитой ушбу фалокатга ечим сифатида хориждан, жумладан, СССРдан чумчуқларни сотиб олиб келган.
1966 йилда Мао асосий мақсади «марксизм хоинларига қарши кураш» бўлган Буюк пролетар маданий инқилобини эълон қилди. Аслида «маданий инқилоб» унга сиёсий мухолифат билан курашиш учун керак эди. Мухолифатни яксон этиш учун Мао ва унинг тарафдорлари ёшлардан хунвейбинлар — «қизил қўриқчилар» отрядларини ташкил этган. «Биз қизил ҳукуматни, Марказий қўмита партиясини ҳимоя қилувчи қўриқчилармиз. Раис Мао — бизнинг таянчимиз. Бутун инсониятни озод этиш бизнинг вазифамиздир», — «манифести» орқали улар курашни бошлаган. Хунвейбинлар армиясига бирлашган мактаб ўқувчилари ва талабалар норози раҳбарларга, шунингдек, интеллигенсияга — ўқитувчилар, ёзувчилар, олимларга қарши репрессиялар уюштирган. Бу каби камситишларга чидай олмаган кўплаб зиёлилар ўз жонига қасд қилган.
Шунингдек, мамлакатда санъат намуналари йўқ қилинган, китоблар ёқилган, кутубхона ва ибодатхоналар вайронага айлантирилган. Хунвейбинлар ичида бир-бирига қарши бўлган гуруҳлар юзага кела бошлаган. Натижада террор оқибатида Хитой шаҳарлари фалаж ҳолатга келган. Ишга армия аралашган ва Хитой фуқаролик уруши ёқасига келиб қолган. Ҳатто Мао бу ишлар чегарадан чиқиб кетганини тушуниб, тартибсизликлар энг юқори нуқтага етганда хунвейбинлар армиясини тарқатиб юборган.
«Маданий инқилоб» оқибатида турли маълумотларга кўра, 100 миллионга яқин одам жабрланган. Маонинг кампанияси партия таркибини ўзгартириш имконини берган — миллионлаб хитойликлар ундан чиқариб юборилиб, кейинчалик репрессияга учраган. «Маданий инқилоб» 1976 йилнинг 9 сентябрида, 83 ёшли Мао Цзэдун вафотидан кейин якунланган. У умрининг охирги йилларини Паркинсон касаллигидан азият чекиб ўтказган.
«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.
Изоҳ (0)