Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Кўпчилик актёрлар эпизод ёки иккинчи даражали ролларни ижро этишни исташмайди. Уларда «Иккинчини биринчи деб қабул қилишмайди», деган ажойиб тушунча ҳам бор. Аммо улар орасида эпизод роли сабаб актёрга айланган, томошабинлар исмини билимаса-да, роллари орқали танийдиганлар жуда кўп. «Дарё» мухбири ана шундай актёрлар билан суҳбатда бўлди.

Сойибжон Аҳмедов: «74 ёшимда актёр бўлдим»

Бу инсоннинг исмини билмасангиз ҳам қиёфасини танишингиз аниқ. Сойибжон Аҳмедов 74 ёшни қаршилаган бўлса-да, кино ва сериалларда жуда фаол. Бу актёрни ташқи кўринишидан келиб чиққан ҳолда нуроний отахон ролларига таклиф этишади.

Фото: Сойибжон Аҳмедовнинг шахсий архивидан

Фото: Сойибжон Аҳмедовнинг шахсий архивидан

— Асли мутахассислигим бўйича санъаткор эмасман. Шу кунгача спорт мураббийси, савдо-сотиқ ходими ҳатто зарурат бўлганида қурувчи ҳам бўлиб ишлаганман. 1991 йили Россияда сув тошқини сабаб кўплаб шаҳарчалар вайвон бўлган. Шунда кўплаб қурувчи бригадалар ёрдамга юборилган. Улар орасида мен ҳам бор, қурилишда ҳам ишлаганман. Санъатга қадар қўйишим эса жуда қизиқ кечган. Режиссёр Абдувоҳид Ғаниев «Тақдирлар» номли фильм олаётганда кекса актёр керак бўлган. Билишимча, раҳматли Диас Раҳматов ҳам, Обид Юнусов ҳам вақти бўлмагани учун ролни рад этишган экан. Шунда тасодифан ўғлимдан «Қариндошларингизни орасида мўйсафид, оқ соқолли одам йўқми?» деб сўрашибди. Ўғлим амакиси борлигини айтибди. Хуллас ўғлим уйга келиб, амаким кинога тушиб берармикан, ўзингиз сўраб беринг, деди. Акам чўрткесар одам, кино деган гапни эшитиб «Йиғиштир, шу ёшимда кинода тушаманми?» деб урушиб берди. Кейин гапнинг орасида «Сен борсанг майли, розиман», деди. Мени таклиф этишмаган бўлса, нима дейман дедим. Режиссёрнинг ёрдамчиси жавобини билиш учун қўнғироқ қилганида ўғлим амакисининг гапларини айтибди. Хуллас, совчилар саҳнасида акам билан суратга тушдик. Ундан кейин Саид Мухторов «Сизни актёр қиламан», деб тўртта фильмига чақирди. Ҳозир ҳам деярли кун ора съёмкага таклиф этишади. Ёшим 74 да бўлса ҳам ролларнинг бирортасини рад этмайман. Бу соҳа ҳам менга овунчоқ бўлиб қолди, — дейди Сойибжон Аҳмедов.

Гулнора Толипова: «Бақироқ бўлишдан чарчадим»

Гулнора Толипова «Журналист», «Севги» ва «Шукрона» каби сериаллардаги бақироқ, инжиқ қайнона образи билан томошабинлар эътиборини қозонди. Уни кўпчилик ўз номи билан эмас, бақироқ қайнона роли орқали яхши танишади.

Фото: Гулнора Толипованинг шахсий архивидан

Фото: Гулнора Толипованинг шахсий архивидан

— Тошкентдаги беш болали хизматчи оиласида дунёга келганман. Отам оддий қурувчи, онам эса заводда ишчи эди. Болалигимдан санъатга қизиққаним боис, 4 ёшимдан Шермат Ёрматов раҳбарлигидаги «Булбулча» болалар хорига қатнашганман. Тўққиз ёшимда тушимга Ўзбекистон халқ артисти Зайнаб Садриева кириб, мени дуо қилганди. Афсуски, мактабни тамомлаганимдан кейин орзуларим сароб эканини англадим. Оиламиздаги моддий қийинчиликлар сабаб, онам ўқишни давом эттиролмаслигимни тушунтирди ва болалар боғчасига ишга жойлашдим.

Яқин йиллардан бошлаб иккинчи даражадаги ролларга таклиф бўлмоқда. Ундан аввал фақат эпизод ролларни ижро этардим. Тан оламан, актрисалик бўйича ҳеч қаерда таҳсил олмаганман, аммо санъатга меҳрим бўлакча. Фақат уришқоқ аёл ролларини эмас, мард, танти ва сабрли ўзбек аёллари сиймосини экранда гавдалантиришни истайман. Ростини айтсам, бақироқ аёллар ролини ижро этишдан чарчаганман. Режиссёрлар мени қайтадан кашф этишларини орзу қиламан, — дейди Гулнора Толипова.

Абдувоҳид Зоитов: 'Бомба’ сабаб актёр бўлганман»

Фото: Скриншот

Фото: Скриншот

— Оиламизда санъаткорлар йўқ, ота-онам оддий ишчи бўлиб ишлашган. Пешонамга санъаткор бўлиш битилган экан, шу соҳани танладим. Аммо бирор марта нега санъатни танладим, демаганман. Чунки шу соҳанинг кетидан нон топяпман, озми-кўпми таниш-билишлар орттирдим. Хуллас, санъатни танлаб кам бўлганим йўқ. Санъатга болалигимдан қизиққанман. Биринчи устозим Ўзбекистон халқ артисти Обид Юнусовнинг турмуш ўртоғи Шаҳло Юнусова бўлган. Мени эркалаб «олтин бола» дердилар. Мактабни битиргунга қадар устозлар ва тенгдошларим учун «олтин бола» бўлиб қолганман. Болаликдан санъатга қизиққаним учун катта давраларда қўшиқ айтишимни ёки қизиқчилик қилишимни сўрашарди. Аммо ҳамиша тортинчоқлигим панд бериб, омма олдига чиқишдан тортинардим.

Институтга кирмасдан аввал тўрт йил Ўзбек миллий академик драма театрида саҳна ишчиси бўлиб ишлаганман. Спектакльда иштирок этадиган реквизитларни тайёрлаш ва уларни асраш вазифасига масъул эдим. Ўша пайтда актёр Фотиҳ Жалолов сабаб Зулфиқор Мусоқов билан танишиб қолганаман. Ўша йиллари яхшигина шов-шув бўлган «Бомба» фильмига ҳеч қандай кастингсиз қабул қилинганман. Шундан сўнг санъат йўлини танлаш ҳақидаги фикрим жиддийлашиб, институтига ҳужжат топширганман. Ролнинг катта кичиги бўлмайди, қалбдан жой олиш учун фақат асосий ролларни ижро этиш шарт эмас, — дейди актёр Абдувоҳид Зоитов.

Шуҳрат Усмонов: «Аслида журналист бўлмоқчи эдим»

Шуҳрат Усмонов кўплаб комик фильмларда ўзига хос феъл-атвордаги инсонлар ролини ижро этган. Унинг роллари у қадар катта бўлмаса ҳам ўзига хослиги билан томошабинлар эътиборига тушади.

Фото: Шуҳрат Усмоновнинг шахсий архивидан

Фото: Шуҳрат Усмоновнинг шахсий архивидан

— 1980 йил Тошкент вилоятининг Паркент туманида туғилганман. Болаликда шеър ва мақолалар ёзишга қизиққаним учун Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг журналистика факультетига ҳужжат топширгани келгандим. Аммо талабгорлар кўплиги учун театршунослик бўлимига ҳужжат топширганман. Биринчи курсда кутилмаганда драма йўналишига қизиқиб қолиб, дарсдан кейин уларнинг машғулотида иштирок этардим. Бир куни раҳматли режиссёр Тўхтамурод Маҳкамов билан танишиб қолганман. У инсон «Маслаҳат» ва «Гап йўқ» кўрсатувларига режиссёрлик қиларди. Шу инсоннинг ёрдами билан кадрни ҳис қилишни ўрганганман. «Гап йўқ»даги чиқишларим бошқа режиссёрларга маъқул келиб, фильм ва сериалларга таклиф этишни бошлашган.Комик ролларни яхши кўраман, улар сабаб озми-кўпми одамларнинг эътиборига тушдим. Энди бу ёғига ўзимни жиддий ролда кўришни истайман. Аллоҳга меҳр қўйган Машраб сингари инсонлар ролини ижро этиш бирдан-бир орзум, — дейди актёр Шуҳрат Усмонов.

Ёрқиной Ғозиева: «Биздаги кино ясамадек туюлди»

Ёрқиной Ғозиева салбий қайнопа роли билан томошабинларга яхши таниш. У салбий роллардан ташқари, ўзига ишонган, ишбиларбон аёл ролларини ҳам ишонарли ижро этади. Актриса кейинги пайтларда кино ва серилларда кўринмай қолганининг сабабини қуйидагича изоҳлади.

Фото: Скриншот

Фото: Скриншот

— Аслида оиламизда санъаткорлар йўқ. Фақатгина мен бу соҳага кўнгил қўйиб, режиссёрлик бўйича таҳсил олганман. Актриса бўлишимдан аввал бир муддат телеканалларда режиссёр бўлиб ишлаганман. Ундан кейин бир нечта режиссёрларга ёрдамчи режиссёр сифатида ҳам ишладим. «Яхши режиссёр бўлиш учун аввал актёр бўлиш керак», деган гап бежиз айтилмаган. Илк кинодаги ролимни «Ўхшатмасдан учратмас» фильмида ижро этганман. Ундан кейин таклифлар сони кескин ортиб кетган. Кейин орада турк киноижодкорлари билан ҳам ишладим. У ерда ҳам режиссёр ёрдамчиси бўлиб тажриба орттирдим. Ўзбекистонга қайтгач, негадир киноларда суратга тушгим келмай қолди. Бизда ҳаммаси ясамадек туюлди. Шу боис, актрисаликни тарк этдим ва энди ўзим режиссёр сифатида иш бошлашга қарор қилдим. Насиб қилса, Туркиядаги ўзбек мухожирлари ҳақида фильм суратга оламан, — дейди Ёрқиной Ғозиева.

Мавзуга доир: 

 

Изоҳ
Асосий янгиликлар