Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов Ўзбекистонда қишки таътил кунлари 24 январга қадар узайтирилгани муносабати билан ёшларга шуғулланиш учун дастурлаш ва чет тилини ўргатувчи бепул платформалар билан бўлишди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман
Бўш вақтингизда фақат ўз устингизда ишлашга ҳаракат қилсангиз, муваффақиятга эришишингиз аниқ!

Янги йил арафасида кўпчилик кўп нарсаларни ният қилади, кейинчалик эса ўша ниятларини амалга ошириш бўйича аниқ режа ва ҳаракат бўлмаганидан кейин уларнинг секин-аста армонга айланиб бориш хавфи бор.

Президентнинг янги йилдаги илк ташрифларида ёшлар билан учрашувда айтган гаплари, нафақат «Темурбеклар мактаби»даги ёшларга, балки барча ёшларимизга тааллуқлидир. Шунинг учун бу гапларни барча ёшларимиз яна бир бор диққат билан эшитиб, бугундан бошлаб қўйган мақсадлари сари қаттиқ ҳаракат қилишлари ўзлари учун фақат фойда келтиради.

Акс ҳолда, йиллар ўтаверади, ниятлар саробга айланаверади ва охир-оқибат кўпчилик муваффақиятга эришмаганларга ўхшаб, ўзининг ҳаётидаги муваффақиятсизлигида ўзидан бошқа ҳаммани айблаш билан овора бўлиб қолиш хавфи пайдо бўлади (масалан, ота-онам буни қилиб бермаган, ўқитувчим яхши эътибор қилмаган, бошлиғим ёрдам бермаган, анави қариндошим ёрдам бермаган, давлат ёмон ва ҳоказо). Лекин бу билан ўзининг ҳаёти яхши бўлиб қолмаслиги аниқ.

Шу сабабли, келинглар қўшимча таътил вақтини ҳам ўзимиз учун фойдалироқ қилиб ўтказайлик. Интернетда бекорга вақт сарфлашнинг ўрнига, чет тилларини текинга ўргатадиган «Duolingo.com»дан ва дастурлашни текинга ўргатадиган «Code.org» ёки «Uzbekcoders.uz»дан кўпроқ фойдаланинг.

Агар текинга ўзингиз ўрганишга зериксангиз ва пулини тўлаб гуруҳ бўлиб ўрганмоқчи бўлсангиз, IT-Park ҳудудий марказларида ёки унинг таълим хизматларини кўрсатадиган резидентларига бориб малакангизни оширинг (тўлиқ рўйхат билан қуйидаги ҳавола орқали танишиш мумкин).

Бу эса бўш вақтингизни келажак учун энг яхши сармояга айлантириш демакдир! Агар ўз она тилингизга қўшимча чет тилларида равон сўзлаша олсангиз ҳамда ахборот технологияларининг турли соҳалари бўйича мутахассис бўлсангиз, келажакда қайси соҳада ёки қайси ҳудудда ишлашингиздан қатъий назар, муваффақиятга эришиш имкониятингиз албатта юқорироқ бўлади!

Шерзод Шерматов, ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда талаба ва ўқувчилар учун қишки таътил 25 декабрдан бошланган эди. Таътил 2022 йилнинг 10 январигача давом этиши ва дарс жараёнлари 11 январдан бошланиши белгиланганди. Кейинроқ олий таълим муассасаларининг талабалари, академик лицей ва ҳунар мактаблари ўқувчилари учун қишки таътил муддати 24 январгача узайтирилди. Кейинчалик умумтаълим мактаблари ва хусусий мактабларда ҳам қишки таътил 24 январгача узайтирилди.Маълумот учун, 2019 йилнинг ноябрида One Million Uzbek Coders («Бир миллион ўзбек дастурчилари») бепул онлайн курслари очилган. Курслар Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумати, Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ва IT-Park қошидаги IT-академия кўмагида ташкил этилган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар