Ўзбекистон Президентининг фармонига асосан Шерзод Шерматов ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири лавозимига тайинланди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Аввалроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири лавозимига шу кунга қадар халқ таълими вазири лавозимида ишлаб келаётган Шерзод Шерматов номзодини маъқуллаган эди. Эслатиб ўтамиз, 3 ноябрь куни ижтимоий тармоқлар блокланиши ортидан президент фармони асосида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов лавозимидан озод этилганди.

Маълумот учун, Шерзод Шерматов 2018 йилнинг июнидан буён халқ таълими вазири лавозимида ишлаб келаётганди. У 2014 йилдан 2016 йилнинг ноябригача Тошкентдаги Инҳа университети ректори бўлган, 2016 йил ноябридан 2017 йил февралигача эса ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари, 2018 йилнинг февралигача АКТ вазири, инновацион ривожланиш вазирининг ўринбосари сифатида ишлаган.

Ўзбекистоннинг Хитойдаги собиқ элчиси Бахтиёр Саидов эса халқ таълими вазири лавозимига тайинланган.