Россияда меҳнат муҳожирлари етишмаяпти, чегаралар ёпилиб, мамлакатлар ўртасидаги мунтазам рейслар бекор қилинишига олиб келган пандемия бошланиши билан эса, муаммо кучайди, холос — амалдорлар бу ҳақда кўп марта гапириб ўтган. Масалан, 2020 йил қишида бош вазир ўринбосари Марат Хуснуллин пандемия туфайли 1,5 миллион меҳнат муҳожири Россияни тарк этиб, бошқа қайтиб келмаганини таъкидлаганди. Шу йилнинг баҳорида эса қурилиш вазири Ирек Файзуллин қурилиш соҳасининг ўзидагина 1,2 миллион ишчи етишмаслигини маълум қилди ва буни яқин хорижлик қурувчиларнинг катта қисми жўнаб кетгани билан изоҳлади.

Ишчилар танқислигини бошидан кечираётган қишлоқ хўжалиги вазирлиги Россия темир йўллари билан махсус чартер поездларини ишга туширишни муҳокама қилмоқда, токи мамлакатга ишчилар келсин деб. Жазоларни ижро этиш федерал хизмати эса муаммони ечишнинг бошқа усулини таклиф қилиб, муҳожирлар ўрнига маҳбуслар меҳнатидан фаолроқ фойдаланишга чақирди.

Meduza Россия Федерацияси президенти ҳузуридаги Россия халқ хўжалиги ва давлат хизмати академиясининг миграция масалаларини ўрганувчи етакчи илмий ходими  Юлия Флоринская билан Россия иқтисодиёти қанчалик даражада муҳожирлар меҳнатига боғлиқлиги, Россияда уларнинг ўткир танқислиги ҳақида маълум қилинаётган (ва жуда турлича бўлган) рақамларга ишониш-ишонмаслик ва ушбу муаммони яқин келажакда ҳал қилиш имконияти ҳақида суҳбатлашди.

Фото: «ТАСС»

 — Охирги вақтларда меҳнат муҳожирлари етишмаётгани ҳақидаги янгиликларни мунтазам ўқиб турибмиз. Сиз бу вазият бўйича қандай фикрдасиз?

— Янгиликлар жуда кўп ахборот шовқинидан иборат, деган бўлардим. Бу маълум бир корхонага ишчилар етишмаётган бўлиши мумкинлигини рад этмайди. Агар 2019 йил билан қиёсласак, ҳозир Россия ҳудудидаги муҳожирлар сони, тахминан, бир миллионтага камроқ. Масалан, кичикроқ фермерлар меҳнат муҳожирлари, айниқса мавсумий ишчилар ҳисобига яшарди, энди эса улар анча камайган, чунки Россияга чипталар жуда қиммат… Бундайларга (фермерларга) қийин бўлди. Улар ҳатто ҳосилнинг бир қисмидан ажралганини, чунки уни йиғиб оладиган одам бўлмагани айтиб шикоят қилди.

Айни пайтда ишга туширилган, муҳожирларни олиб кириш дастурлари фермерлар учун амал қилмайди, чунки улар жуда майда. Аммо муҳожирларга энг боғлиқ бўлиб қолган соҳа қурилиш эди — у ерда барча муҳожирларнинг чорак қисмидан учдан бир қисмигача ишларди. Биз қурилишга гоҳ икки, гоҳ беш миллион муҳожир кераклиги ҳақида ғалати баёнотларни эшитяпмиз — бош вазир ўринбосари Хуснуллиннинг турли баёнотларида турлича рақамлар келтирилмоқда. Бунинг устига, қурилишда ҳеч қачон беш миллион муҳожир ишламаган. Шундай экан, мен бунга анча скептик (шубҳа билан) муносабатдаман, чунки, ҳозир самарасиз бошқарув оқибатидаги харажатларни қисман пандемияга йўйиб, ишчилар танқислиги масаласини жуда ошириб кўрсатишмоқда.

 — Рақамларни оширишдан маъно нима?

— Ўз лойиҳаларини илгари суриш учун доим вазиятни аслидан кўра мураккаброқ қилиб кўрсатиш керак. Ахир етишмовчилик фақат ишчилар йўқлиги билан эмас, балки бу ерда бор бўлган ишчилар  қурилишдан иши енгилроқ бўлган ва яхшироқ пул тўланадиган бошқа соҳаларга ўтиб кетаётгани билан ҳам изоҳланади. Яъни масала фақат бу ерда меҳнат муҳожирлари камайганида эмас. Гап шундаки, муҳожирлар оммавий равишда хизмат кўрсатиш соҳасига — курьерликка, таксичиликка ўтиб кетишни бошлади.

Эндигина кириб келган янги муҳожирлар балки бу билан шуғулланишга тайёрдир, лекин улар ҳозир камроқ, чунки ҳафтасига бор-йўғи бир-иккита самолёт учади, чипталар ҳам ўта қиммат. «Эски» муҳожирлар эса, худди Россия фуқаролари каби, яхшироқ маош тўланадиган ва енгилроқ меҳнат талаб қилинадиган ишга ўтишни хоҳлайди. Эҳтимол, маош уч карра оширилганида, қурилишга кўпроқ одам келган бўларди, лекин улар бундай ойликларни қаердан олсин? Қурилиш соҳасида бундай даромадлар йўқ. Шунинг учун муаммо бор, аммо у фақатгина меҳнат муҳожирлари сони кескин пасайганига боғлиқ эмас. Ва уни овоза қилинаётганидек муҳожирларни оммавий олиб кириш ҳисобига ҳал қилиб бўлмайди.

 — Қурилиш ва Хуснуллин учун қандай ечим қолмоқда?

— Эҳтимол, иложи борича жараёнларни қайтадан қуриш, қандайдир технологияларни жорий қилиш керак. Ишчиларни қандайдир имкониятлар ҳисобига ушлаб қолишни билиш керак. Бу муаммо анчадан буён бор. Қурилишда ишлаган россиялик ишчилар қариб қолди, янгилари эса бу соҳага киришни истамайди. Ёшлар бундай оғир меҳнат билан шуғулланишни мутлақо хоҳламаяпти. Катта сонли ишчиларни, шу жумладан, қора меҳнат учун, қаердан топишсин.

Россияда ишчиларнинг беҳисоб захираси борлиги, улар ишга чақиришларини кутиб қаердадир ўтиргани ҳақидаги тасаввур — ҳақиқатга тўғри келмайди. 2007 йилдан буён меҳнатга лаёқатли аҳоли анча кескин камайган. 2019 йилга келиб, уларнинг сони қарийб 10 миллионга — 90 миллиондан 82 миллионгача тушиб кетган. Сўнг пенсия ёши оширилиши ҳисобига бироқ «қўшилиш» бўлди, ҳозир эса яна пасайиш бўляпти, ковид, ўлим даражасининг юқорилиги сабабли. Иш билан бандлар сони ошмаяпти, бундай ўсиш учун захираларнинг ўзи йўқ.

Бошқарма ходимлари, келиб барча чет элликларнинг ўрнини босадиган ички муҳожирлар бор, деб айтишни яхши кўради. Бироқ ички муҳожирлар шундоқ ҳам хорижликлар ишлайдиган ҳудудларда ишламоқда. Кичик шаҳарлардаги ишчиларнинг ўз ўрнини тарк этиб, Москвага ишлашга келиши эса имконсиз, чунки бундай шароитларда, оиласидан узоқда яшашга ҳамма ҳам тайёр эмас. Оиласи билан кўчиб келишни эса фақат малакали ва катта маош олувчи мутахассисларгина ўзига эп кўриши мумкин.

Аҳолининг муайян бир қисми бу билан (ички миграция билан) шуғулланади, улар унчалик кам эмас — ками билан ҳисоблаганда икки миллиондан зиёд; улар кемада посбонлик қилиш учун Шимолга, Ямал Ненецлари мухтор округига, Ханти-Mансийск округига, мавсумий ишчилар сифатида Краснодар ўлкасига ҳамда Москвага, Санкт-Петербургга боради.

Айнан ички муҳожирлар масалан, Москвада кўпроқ. Агар пандемияга қадар Москвада чет эллик муҳожирлар қарийб бир миллион бўлган бўлса, ички муҳожирлар — 1,4 миллион киши бўлган. Лекин, мисол учун, Москвада қўриқчи бўлиб ишлайдиган ички муҳожирлар, ҳатто каттароқ маош тўланса ҳам, қурилиш соҳасига кирмайди, чунки бу кун бўйи постда ўтиришдан кўра анча катта меҳнат талаб қилади.

Замонавий фаровонликларнинг кўпчилиги — анча-мунча арзон уй-жой, ҳамёнбоп такси, бепул етказиб бериш хизмати — шуларнинг барчаси муҳожирларнинг арзон меҳнатига таянади, деб айтиш мумкинми?

2013 йилда биз сўров ўтказдик — москваликлардан чет эллик муҳожирларнинг қандай ёмон томони борлиги ҳақида сўрадик. Улар маошларни сунъий пасайтириб, тушириб юборяпти, деган жавоб бўлди. Кейин биз уларнинг яхши томони ҳақида савол бердик. Уларни ишлатиш арзонроқ, уларни ёллашга қурбимиз етади, деган жавоб олдик.

Лекин умуман олганда, демпинг (сунъий тарзда арзонлаштириш, ўртача нархдан паст нархда сотиш) ҳақидаги даъволар энди унча адолатли эмас. Бир томондан, Россиядаги чет элликлар меҳнат таклифини оширмоқда ва шунинг эвазига ҳам россияликлар, ҳам хорижликлар бор бўлган соҳаларда маош сақланиб турибди. Иккинчи томондан эса истеъмолчи тўлашга тайёр бўлган нархнинг табиий чеклови бор. Ахир биз такси арзонлашганидан кейин ундан шундай фаол фойдаланишни бошладик.

Ҳа, эҳтимол, бу соҳалардаги маошлар юқорироқ бўлиши керакдир. Ҳам муҳожирлар, ҳам россияликлар учун. Чунки улар қандай шароитда ишлайди — Меҳнат кодекси ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Улар ҳимояланган бўлишини хоҳлаймиз, аммо биз ҳам истеъмолчилар сифатида уч баробар қиммат тўлашга тайёр эмасмиз.

 — Волгоград вилоятида сабзавотлар нархи кескин ошиб кетганида, фермерлар буни муҳожирлар етишмаслиги билан изоҳлади. Бу етишмовчилик нархлар ўсишига аслида қанчалик таъсир қилади?

— Ишчилар танқислиги қанчалик юқори бўлса, қолганларни ушлаб қолиб, етишмаётган ишчиларни жалб қилиш учун маошларни шунчалик оширишга тўғри келади. Маош эса маҳсулотнинг якуний нархига қўшилади. Лекин унинг улуши айнан қанчалигини айта олмайман, бу қайси соҳалигига боғлиқ. Нима бўлганда ҳам, унинг улуши кичик эмас.

 — Сизга ҳамкасб бўлган тадқиқотчиларнинг муҳожирлар етишмаслиги билан боғлиқ бу муаммоларнинг барчаси яқин йиллар ичида юзага чиқиши шундоқ ҳам муқаррар бўлгани, пандемия эса бизга келажакда нима хавф солишини кўрсатиб берувчи триггер, стресс-тест экани ҳақидаги фикрларини ўқигандим.

— Ҳа, бундай қандайдир даражада триггер. Шу нарса тушунарлики, постсовет мамлакатларидан миграция чек-чегарасиз эмас. Бизда МДҲнинг ғарбий мамлакатлари — Молдова, Украинадан миграция кескин камайиб бўлди. Аслида ҳозирги меҳнат миграциясининг тўртдан уч қисми Ўрта Осиёга — Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистонга тўғри келади. Бу янада ошади. Бу миграцияни камайтириб, бошқасини ошириш мумкинлиги ҳақидаги ҳамма фикрлар ҳеч нарсага асосланмаган. Ҳақиқатда бу мумкин эмас.

У (иммиграция одамлар мажмуи сифатида) қанча узоқ бўлса, маданий жиҳатдан ҳам шунчалик узоқ бўлади, улар рус тилини ёмонроқ бўлади. Ҳа, бу муаммолар муқаррар мавжуд бўлади, ҳеч қаерга кетмайди. Ва кўк кўзли славян муҳожирлар ёки қандайдир профессорлар ҳақида орзу қилмаслик керак. Миграция мана шунақа, қора ишчиларни биз бошқа жойдан ололмаймиз. Шуларнинг ўзи ҳам етишмаяпти. Бу Ўрта Осиё миграцияси 2030 йилларгача етарли бўлади. Агар пандемия ва унга боғлиқ барча чекловларга барҳам берилса, чегаралар очилса, унда 2019 йилги даражани ушлаб туриш мумкин.

 — 2030 йилдан кейин нимани кутиш керак?

— Бу Россияда қандай вазият бўлишига, унинг иқтисодиёти қандай аҳволда бўлишига боғлиқ бўлади. У Ўрта Осиё фуқаролари учун жозибали бўлиб қолар экан, жиддий альтернатив (бошқа йўл)лар йўқ, аммо ҳамма нарса аста-секинлик билан ривожланади. Улар Туркия, Қозоғистон, Корея, Хитой, БАА каби бошқа меҳнат бозорларига чиқишга интилади. Ҳозирча бу Россияга келаётган миллионлаб одамларга қиёслаб бўлмайдиган кичик дарёчалар. Лекин ҳали орадан яна ўн йил ҳам ўтади. Ойликлардаги фарқ қанчалик кам бўлса, Россиядаги шароитларга келишга шунчалик кам меҳнат муҳожирлари рози бўлади. Ахир уларга нисбатан муносабат шундай: сиз ҳамма солиқларни тўлаб қўйгансиз, бу ерда қонуний мақомга эгасиз, бу ерда ишлайсиз, лекин барибир исталган вақтда сизни қўлга олишлари ва қувиб чиқаришлари мумкин.

— Туркия ва Қозоғистонда бу борадаги вазият яхшироқми?

— Ҳозирча уларнинг бозори бундай миграция учун етарли даражада сиғимдор эмас. Аммо Қозоғистонда худди шу қирғизлар ксенофобия (бегона, нотаниш одамлардан нафратланиш) муаммосига камроқ учраши аниқ, деб ўйлайман. Шундай бўлса-да, қирғизлар Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилганидан буён уларнинг Россияга келиши жуда қулайлашди, Қирғизистондан миграция ўсди. Улар Ўзбекистон ва Тожикистондан келган муҳожирлардан фарқли ўлароқ, патент сотиб олиши шарт эмас. Қирғизистонда рус тили бўйича билим яхшироқ, у мактабларда ўқитилади. Лекин Қирғизистон аҳолиси кам-ку, у ердан яна қанча одам келади? Балки, яна 100 минг киши келар. Биз ўзимиздаги захиралар ҳақида яхшироқ тушунчага эга бўлишимиз керак.

Ҳамма таъкидлашда давом этаётган 25 миллион ватандошимиз ҳеч қаерда йўқ. Гўёки Совет иттифоқи қулаганидан буён орадан 30 йил ўтмаган, ҳамон аввалгидек 25 миллион кишини биз жалб қилишимиз керак ва бу иммиграция бизга зарур, биз уни рағбатлантирамиз. Кимлардир аллақачон ўлиб кетган, кимлардир бошқа мамлакатларга иммиграция қилган, кимлардир Россияга кўчиб келган, бўлса 10—11 миллион бордир, аммо 25 миллион эмас. Ҳеч қанақасига бундай захира йўқ.

Хитойликлар келиб, ҳамма жойни босиб кетади, деб ҳаммани қўрқитишар эди, ҳозир уларда иш ҳаққи Россиядагидан кўпроқ, улар бу ерга ишлашга келиб нима қилади? Илгарилари Россияга хитойликлар, вьетнамликлар, туркияликлар келарди, аммо аста-секинлик билан бу миграция қисқариб бормоқда, бу энди иқтисодиёт, унинг ўсиши ва жозибадорлиги масаласидир. Бу ерга келишдан фойда йўқ. Ўрта Осиё учун ҳозирча фойда бор, лекин у ерда ҳам ўсишнинг демографик чегаралари бор. Бу миграция бизга ўн йилча етиши аниқ. Фақат ундан ақл билан фойдаланишни билиш муҳим. Ундан кейин нима бўлишини билмайман. Чунки агар биз Африкадан муҳожирларни жалб қилсак, улар билан боғлиқ муаммолар анча кўпроқ бўлади.

 — Агар Россияга келиш бошқа ҳеч ким учун манфаатли бўлмай қолса, иқтисодиётимизга нима бўлади?

— Бу масалада мен фақат макроиқтисодиётчиларга таянишим мумкин, уларнинг айтишича, ишчи кучи қисқарса, иқтисодиёт ўса олмайди. Бизда меҳнатга лаёқатли аҳоли сони кўп йиллардан буён қисқариб келаётган бўлса, иқтисодиёт қаердан ўссин?

 — Сўнгги йилларда ҳукуматнинг ўзи буни муаммо сифатида кўтарганини ҳис қилдик. Хорижий миграцияни ривожлантириш бўйича ҳар хил дастурлар муҳокама қилинди. Сиз буни кузатиб бордингизми?

— Мен ҳеч қаерга йўқолмаган битта тизимли муаммони кўряпман. Муаммо шундаки, ҳукумат мутлақо турли йўналишдаги нарсаларни кетма-кет эълон қилмоқда. Бугун биз миграциясиз яшай олмаймиз, йирик лойиҳаларни ишчи кучисиз амалга ошириб бўлмайди, ўзимизнинг ишчи кучимиз эса етарли эмас, деймиз. Эртага эса ҳаммасини ҳайдаб соламиз, бизга бундай меҳмонлар керак эмас, деймиз, алоҳида суд тадбирларисиз уларнинг барчасини ёппасига жўнатиб юборамиз.

Ётоқхонада яшайдиган муҳожирлар билан боғлиқ сўнгги воқеа — албатта, фожиа, бу тушунарли. Аммо охир-оқибат, ётоқхонадагилар кўчириб юборилди. Бу одамлар ким эди, ётоқхонада кимлар яшаётганди? Улар қайсидир заводнинг ишчилари эди. Завод хайрли ишни амалга ошираётган эди, ётоқхона пулини тўлаётган, уй-жой коммунал хўжалиги тўловларини қилаётган эди. Кейин бу нима билан тугади? Бу ҳар доим бўладиган вазият.

Муҳожирларнинг муштлашувлари ҳам бўлди. Айнан кимлар жанжаллашганини аниқлаштириш ва айбдорларни жазолаш ўрнига шунчаки уларнинг ёнидан ўтиб кетганларни қўлга олиб, юзлаб одамларни мамлакатдан чиқариб юбормоқда. Масалан, Собянин бу муштлашувлардан кейин 200 киши депортация қилинишини, 17,5 минг киши учун эса Россияга кириш тақиқланишини маълум қилди. Бу гапларнинг ҳаммаси битта сатрда айтиляпти.

Яқинда аэропортда муҳожирларга кўмаклашиш ташкилотига раҳбарлик қилган ўзбекистонлик қочқин Валентина Чупик қўлга олинди ва унга 30 йилга мамлакатга кириш тақиқланди. У эса муҳожирларга ҳуқуқий кўмак бериш билан шуғулланади, бу ҳақда ҳамма кўп гапиради, лекин деярли ҳеч ким шуғулланмайди. Бутун дунё бўйича ким интеграция ва ҳуқуқий ёрдам билан шуғулланади? Нотижорат ташкилотлар. Улар эса бизда бармоқ билан санарли.

 — Ва барчаси «хорижий агентлар».

— Ва барчаси «хорижий агентлар», «Гражданское содействие», масалан. Барчамиз ватандошларимиз, чет элдаги руслар ҳақида жар соламиз, аммо бир қарасанг, ҳуқуқ ҳимоячисини қочқин мақомидан маҳрум қилиб, сабабларини тушунтирмасдан 30 йилга мамлакатга киришни тақиқлаймиз. Бу нимани билдиради? Бу бизга муҳожирлар кераклигини, биз уларнинг ҳаётини енгиллаштиришга ҳаракат қилишимиз, уларнинг меҳнатини қадрлашимизни билдирмайди, мутлақо. Йўқ. Бу шуни билдирадики, сиз солиқларни тўлаб келасиз, лекин исталган лаҳзада, агар биз фикримизни ўзгартирсак, ҳаммангизни қувиб соламиз. Бу ерда сизда ҳеч қандай ҳуқуқий ҳимоя йўқ.

Ҳозир ИИВ миграция ҳақида янги қонун тайёрлаяпти. Унда муҳожирларнинг ҳаётини енгиллаштирувчи, яхшигина низомлар ҳам, аксинча, уни қийинлаштирадиганлари ҳам бор. Якунда нима қабул қилинишини билмайман. Аммо тажрибамга таянадиган бўлсам, либерализация даврлари доим қаттиққўллик даврлари билан кетма-кет ўрин алмашиб келган.

2007 йилда ишлашга рухсатнома бериш квоталари олиб ташланди, шунда қонуний ишчилар сони дарҳол икки баробардан кўпроққа ошди. 2010 йилдан кейин патент жорий қилинди, у унчалик қиммат эмасди — қонуний муҳожирлар сони 2014 йилга қадар ўсиб борди, қарийб тўрт миллион киши патент сотиб олиб, ишлаш учун рухсатномани расмийлаштирди. Сўнг бу патентларга  инқироз фонида, иш ҳақи шундоқ ҳам пасайиб кетган бир пайтда, жуда кўп тўловларни киритиб қўйишди. Бу нарсаларнинг ҳаммаси таъсир қилиб, одамлар «соя»га ўтди. Фикримча, қонуний меҳнат бозорига чиқиш қанчалик осон бўлса, шунча кўп муҳожирлар қонуний мақомга ўтади.

 — Бундай қаттиққўллик одатда нима билан боғлиқ бўлади? Бюджетга қўшимча маблағ кераклиги биланми?

— Йўқ, чунки бюджетга маблағларни айнан солиқ тўловчи қонуний муҳожирлар олиб келади. Кўп жиҳатдан бу «каллалардаги вайронагарчиликлар» билан боғлиқ. Бундан ташқари, қаттиққўллик юқоридан айтилган гаплардан кейин амалга оширилади. Шу жумладан, сайловолди кампанияси чоғида айтилган гаплардан кейин. 2013 йил энг ксенофоб йиллардан бири бўлганди, ўшанда Москва мэри сайлови бўлиб ўтганди, энг асосий душман муҳожирлар ҳисобланарди. Бу ерда барча сиёсий кучлар бирлашади. Ҳозир ҳам худди шундай — бу ксенофоб кайфиятнинг авж олиши кўп томондан сайловларга боғлиқ.

«Левада» маркази маълумотларида ўқигандимки, аҳоли орасида фаол ксенофоблар улуши — тахминан, 10 фоиз. Яна 30 фоизи иккиланувчилар — улар партия йўналишидан келиб чиқиб иккиланади. Депутат Пётр Толстой яқинда нутқ сўзлаб, бу соҳани тартибга солувчи қонунлар зудлик билан қабул қилинишини айтганди (у қонунни бузган муҳожирларни 24 соат ичида мамлакатдан чиқариб юборишни таклиф қилганди). Яна қандайдир телбанамо рақамлар келтирилди, гўёки, бизда 9 миллион муҳожир бор, уларнинг бир миллионигина патент билан ишлайди. Қанақа 9 миллион? 9 миллион — Россия ҳудудига кириб келаётганларнинг умумий сони эди, ҳозир ҳам эмас, пандемиягача шунақа эди, буларнинг ичига бутун дунёдан сайёҳлар, талабалар, шахсий сафар билан келганлар киради. Ва шу тариқа бу муҳит қиздирилади.