Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 24 август, сешанба куни ўтказилган йиғилишда давлат раҳбари жамиятнинг ҳам экологияга нисбатан муносабати ўзгаришини қайд этди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

«Экология қўмитаси раҳбарини ишдан олдим, бу тизимни қайта кўриб чиқамиз. Экология — бизнинг ҳаёт-мамотимиз. Жамиятимизнинг ҳам қараши ўзгариши, муносабати кескин бўлиши керак. Дарахт экиш тизимини яратамиз, бизга ҳозир дарахтлар ҳаводек керак. Ҳар бир вилоят ҳокими тизим қандай ўзгариши бўйича шахсан ўзи бош вазирга тақдимот қилади. Туман, шаҳарлар бўйича ҳам жиддий ишлар қилишимиз, ўзгаришимиз зарур.

Ўзим қишлоққа бориб ўйланаман: ҳайвонлар, қушлар камайиб кетяпти. Бу экологияга боғлиқ. Ҳозир Бўстонлиқдаги аҳвол ҳам яхши эмас, ҳаммаёқ чанг-тўзон. У ерда ҳам дарахатлар камайиб бормоқда.

Мана, яқинда Зоминда ёнғин бўлди. Бир ноинсоф бойваччанинг ўғли шу ишни қилибди. Ҳозир прокуратура шуғулланяпти, албатта, чора кўрамиз»,  — деди Президент.