Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

АҚШ президенти Жо Байденнинг рейтинги у президентликка киришганидан буён энг паст даражага — 46 фоизгача тушиб кетди. «Толибон» Кобулга кирганидан бир кун ўтиб, 16 август куни Reuters ва Ipsos ўтказган қўшма сўровнома натижалари шуни кўрсатмоқда.

Фото: Reuters

Фото: Reuters

13 август куни ўтказилган сўровноманинг натижаларига кўра, вояга етган америкаликларнинг 53 фоизи Байдендан мамнун эди, дам олиш кунлари бу кўрсаткич 7 фоизга пасайган.

Ipsos’нинг 16 август куни ўтказган алоҳида сўровномаси шуни кўрсатдики, АҚШ фуқароларининг ярмидан камроғи АҚШнинг Байден раҳбарлигида Афғонистонда олиб борган бу йилги ҳарбий ва дипломатик ҳаракатларини маъқулламоқда. Reuters ёзишича, америкаликлар Байденнинг ҳаракатларига берган баҳо Афғонистондаги зиддиятда қатнашган олдинги уч нафар Америка президентиникидан паст.

Амалдаги президент Афғонистон билан юзага келаётган муаммоларни қандай ҳал қилаётганини маъқуллаш даражаси унинг даврида АҚШ қўшинлари Афғонистонга бостириб кирган собиқ президент Жорж Бушникидан ҳам пастроқ бўлиб чиқди.

Ipsos сўрови шуни кўрсатдики, 75 фоиз америкаликлар Афғонистондаги қўшинларни олиб чиқиш тугагунга қадар у ердаги асосий пунктларни қўриқлаш учун қўшимча куч юборишни қўллаб-қувватлайди. Тахминан, яна шунча одам АҚШ армиясига ёрдам берган афғонларни эвакуация қилиш тарафдори.

Апрель ойида АҚШнинг ҳозирги президенти Жо Байден Афғонистондан Америка қўшинларини олиб чиқиб кетиш бошланганини эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳарбийлар минтақада уларнинг олдига қўйилган барча мақсадларга эришган. Қуролли Кучларни 11 сентябргача тўлиқ чиқариб кетиш режалаштирилган. Америка ва НАТО мамлакатлари қўшинлари 29 апрелдан чиқиб кетишни бошлаган.

АҚШ ва унинг иттифоқчилари Афғонистондан қўшинларини олиб чиқа бошлагач, «Толибон» республикада кенг кўламли ҳужумлар бошлади. «Толибон» Афғонистонда кучайиб бораётганига қарамай, Байден мамлакатдан қўшинларини олиб чиқиш режасини ўзгартирмаслигини маълум қилди.

15 август куни «Толибон» жангарилари Кобулга кирди ва Афғонистоннинг бутун ҳудудини назорат остига олганини эълон қилди. Шу куниёқ мамлакат президенти Ашраф Ғани истеъфога чиқиб, мамлакатни тарк этди. Афғонистон махсус кучлари тарқатиб юборилди, аҳолидан қурол-яроғлар мусодара қилинмоқда.

Кейинроқ Байден Афғонистондаги вазият юзасидан нутқ сўзлаб, Америка қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш тўғрисидаги қароридан афсусланмаслигини айтди. «Биз афғонларга ўз келажагини қуриши учун ҳамма нарсани бердик. Аммо ушбу келажак учун курашиш истагини бера олмаймиз», — деди Байден.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси Туркиядаги фуқароларга мурожаат билан чиқди 
Маҳаллий
Ўзбекистонда 7 февраль куни 20 даражагача илиқ бўлиши кутилмоқда 
Маҳаллий
Ўзбекистонда доллар курси яна ошди