Наманган ва Андижон вилоятида кучли ёмғир ёғиши оқибатлари бартараф этилди, дея хабар бермоқда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.

Қайд этилишича, 2021 йилнинг 20 июль куни Фарғона водийсининг тоғли ҳудудларида кучли ёғингарчилик юзага келган. Натижада Андижон вилоятининг Қўрғонтепа, Жалақудуқ ва Андижон туманлари, Наманган вилоятининг Наманган шаҳар, Косонсой, Тўрақўрғон, Давлатобод ва Уйчи туманларида жойлашган аҳоли хонадонларининг томорқалари ва ҳовлиларига сув кириш ҳолатлари кузатилган.

Воқеа жойига Андижон ва Наманган вилоятлари Фавқулодда вазиятлар бошқармалари шунингдек, вилоят ҳокимликлари, ИИБ, Миллий гвардия раҳбарияти ва шахсий таркиби ҳамда ФВДТ хизматлари куч-воситалари жалб этилиб, сув оқими оқибатларини бартараф этиш ҳамда аҳоли томорқаларидан сувни чиқариш ишлари олиб борилди.

Кучли ёғингарчиликлар натижасида аҳоли яшаш уйларига зарар етмаган ва жабрланганлар йўқ.

Бундан аввал Наманганда кучли жала кузатилгани, сел оқибатида иккита кўприк шикастлангани ҳамда кучли сел бир қанча автоуловларни оқизиб кетгани ҳақида хабар берилганди.