Ford компанияси мутахассислари тадқиқот ўтказиб, Mustang Mach-E электромобилининг ҳар бешта эгасидан бири онг остида ёқилғили двигатель ўрнатилган автомобиль ҳидини қумсаётганини аниқлади. Ушбу «камчилик»ни бартараф этиш мақсадида марка вакиллари ишлаётган ички ёнув двигатели ҳидини ҳис қилишга ёрдам берадиган оригинал Mach-Eau атирини яратди, деб хабар беради Motor.

Фото: Ford

Ford вакилларининг сўзларига кўра, янги ифор сўров давомида бензин ҳиди етишмаётганини тан олган Mustang Mach-E электрокарининг 70 фоиз эгасига мўлжалланган. Янги Mach-Eau атирини автомобиль ишлаб чиқарувчи «янги тўлиқ Mustang Mach-E электромобилидан динамиклик кутаётган, бироқ ҳамон анъанавий бензин ҳидларини қумсаётганлар учун премиум-классдаги ифор» дея таърифлаган.

Янги атир бензин ҳидидан ташқари, резина, бодом, ёронгул, шунингдек, ҳаворанг занжабил, лаванда ва сандар ҳиди билан ҳам бойитилган. Ноёб атир Гудвуддаги тезлик фестивалида тақдим этиглан, бироқ уни харид қилишнинг имкони йўқ. Чунки бу Ford’нинг харидорларни аккумуляторли автоуловлар катта имкониятларга эга эканига ишонтиришга қаратилган кампаниясининг бир қисми ҳисобланади.

Аввалроқ Италиянинг Lamborghini компанияси Culti Milano парфюмера бренди билан ҳамкорликда уй учун мўлжалланган «эксклюзив, замонавий ва энергияга бой» атирни яратган эди.