«Auto.ru» сайтида 10 минг километр йўл босган 1961 йилги қора «ГАЗ-13» автомобили сотувга қўйилгани тўғрисида эълон пайдо бўлди. Сотувчи совет лимузинига ҳукумат автомобилига ҳамроҳлик қилишда фойдаланилган «Урал» мотоциклини ҳам қўшиб беради. Иккала транспорт воситаси 8,3 миллион рублга (112 минг доллар) баҳоланмоқда, деб хабар беради Motor.
Сотувчининг сўзларига кўра, 60 йиллик «ГАЗ-13»дан 1957 йилдан 1985 йилга қадар СССР ташқи ишлар вазири Андрей Громико алмашиб фойдаланган. Кремлнинг махсус мақсадларга мўлжалланган гаражида ишлаган «Чайка» бир неча йил олдин тўлиқ техник таъмирлашдан ўтган, шу сабабли ҳозирда идеал соз ҳолатда. Суратларга кўра, лимузиннинг ташқи кўриниши ҳам яхши сақланган.
Ҳукумат «ГАЗ-13»ига 195 от кучини тақдим этишга қодир 5,5 литрли V8 двигатели ўрнатилган. Агрегат уч поғонали автоматик трансмиссия ёрдамида бошқарилади. Орқа узатмали лимузин соатига 100 километр тезликка 20 сонияда эришади. Максимал тезлиги — 160 километр/соат.
Сотувчининг таъкидлашича, автомобиль ҳозирга қадар 10 минг километр йўл босган холос.
«Чайка»га қўшиб уни кузатиб боришга мўлжалланган сирена ва маёқли «Урал» мотоцикли ҳам берилади. Бироқ эълонда унинг сурати келтирилмаган.
Аввалроқ Москвада хусусий коллекцияда сақланаётган 65 йиллик «ГАЗ-12 ЗИМ» сотувга қўйилгани тўғрисида хабар берилганди. 90 от кучига эга двигатель ўрнатилган ва ҳозирга қадар 60 минг километр йўл босган ноёб автомобилни 7,7 миллион рублга (105 минг доллар) баҳоланган эди.
Изоҳ (0)