30 май куни Фарғона вилояти Қўқон шаҳри Турон кўчасида пиёда иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда «Севимли» телеканалининг «Замон» информацион дастурида маълум қилинди.

Маълум қилинишича, Cobalt автомобили йўлни белгиланмаган қисмидан кесиб ўтишга уринган вояга етмаган пиёдани уриб юборган. Жабрланувчи турли тан жароҳатлари билан шифохонага етказилган. Ҳозирда беморнинг аҳволи оғир бўлиб, у жонлантириш бўлимида.

Вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизматининг маълум қилишича, шу куни тунда Ўзбекистон туманида «Қумбосди» қишлоғи ҳудудида ҳам йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган.

4Р-154 Қўқон—Яйпан—Исфара давлат аҳамиятига эга автомобиль йўлининг 6-километрида Damas ҳайдовчиси йўлнинг ўзига нисбатан чап қисмидан ўнг томонига ўтаётган скутерни уриб юборган. Скутер ҳайдовчиси шифохонага юборилган, бироқ кўрсатилган тез тиббий ёрдамга қарамай, жабрланувчи вафот этган.

Бундан ташқари, шу куни Данғара тумани «Сарам» МФЙ ҳудудидан кесиб ўтган 4Р-150 автомобиль йўлида Spark бир йўналишда ҳаракатланиб келаётган велосипедчини уриб юборган. Велосипед ҳайдовчиси олинган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этган.

Аввалроқ Қашқадарёда Damas ва Lacetti иштирокида содир бўлган ЙТҲ оқибатида ота-бола ҳалок бўлгани, Тошкентда 3 машина иштирокида юз берган ЙТҲда 5 киши жароҳат олгани тўғрисида хабар берилганди.