Транспорт вазирлиги ва АОКА ҳамкорлигида 7 май, жума куни журналистлар учун ташкил этилган пресс-турда ОАВ вакилларига интервью берган Тошкент метрополитени раҳбари Ойбек Худойқулов сўнгги пайтларда кузатилаётган метро билан боғлиқ вазиятлар бўйича муносабат билдирди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

«40 йил мобайнида бу каби ҳолатлар оммавий ахборот воситаларига олиб чиқилмаган. Поезд тўхташи, эшиклар очилмай қолиши сингари вазиятлар кузатилган, лекин яқин кунлардаги каби ваҳимали ҳолатлар бўлмаган. Охирги уч ой ичида бу каби ҳолатлар беш марта кузатилди. Тўғри, хавфсизлик нуқтаи назаридан оладиган бўлсак, бундай вазиятлар бўлиши керак эмас. Бу борада ишчи гуруҳлар тузилган, ‘нима учун бўлди?’ деган саволга жавоб топиш ва уни бартараф қилиш учун ишлар олиб бориляпти.

Яқинда яна бир ҳолат бўлди: иккита поезднинг қўшилган ҳолда турганини камерага олиб, поезд келиб урилди, деб интернетга чиқаришди. Ваҳоланки, ‘Чорсу’ бекатида бошланган ишни ‘Беруний’ метробекатига борганда тасвирга туширишган. Ҳозир видеога олиш ҳам ‘талант’ бўлиб қолди, қандай олиб, оммага етказишига ҳам боғлиқ бўлиб қолди. Натижада, тўғри тушуниладиган нарсалар нотўғри тушуниляпти. Бугун ҳамманинг қўлида телефон. Тасвирга олманглар, демаяпмиз. Юртдошларимиз сурат, видеолар олишиб, ҳолатни ўзлари истаганча талқин қилиб, тарқатиб юборишмоқда», — деди Ойбек Худойқулов.

Тошкент метрополитени раҳбари ёшлар томонидан метро вагонларида ташкил этилган чойхона ва «тўй»лар ҳақида ҳам ўз фикрларини айтди.

«Бир гуруҳ ёшлар метрога тушиб, вагон ичида чойхона ташкиллаштиришгани, келин салом ўтказишгани, бекатлардан биридаги соатга хакерлар ҳужум қилиб, бўлмағур сўзлар ёзиб қўйилгани менталитетимизга тўғри келмайди. Мен бунга қаршиман. Бу каби ҳолатлар такрорланмаслиги учун ёшларимизга буни нотўғри эканини тушунтиришимиз, улар билан ишлашимиз керак. Агар шундай давом этсак, яхши оқибатларга олиб келмайди», — деди Худойқулов.