Афғонистоннинг Забул вилоятида мина қўйилган йўлдан ўтаётган йўловчи автобусининг портлаши оқибатида камида 16 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда ОАВ маълумотларига таяниб, «Интерфакс» хабар берди.

Фото: AFP

Шунингдек, ТОLOnews телеканали маҳаллий ҳокимиятга асосланиб, портлашда камида 11 киши ҳалок бўлгани,  23 киши жароҳат олгани ҳақида хабар берган. Телеканал маълумотларига кўра, йўловчи автобуси тунда йўл четига ўрнатилган минага учраган. Ҳодисанинг бошқа тафсилотлари кўрсатилмаган.

Кейинчалик, мамлакат Ички ишлар вазирлиги 11 киши ҳалок бўлганини тасдиқлади. Шу билан бирга, жабрланганлар сони 28 тага етганини маълум қилди.

Бундан аввал 8 май куни Кобулдаги қизлар мактабида бир нечта портлашлар содир этилган эди. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳодисада 68 киши ҳалок бўлган, аксарияти 11-15 ёшдаги ўқувчи қизлар.

Айни пайтда шифокорлар Кобулдаги терактдан жабрланган камида 160 кишининг ҳаётини сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани мактабдаги портлашларни қоралади ва ўнлаб ўқувчиларнинг ўлимига сабаб бўлган портлашлар қурбонлари учун 11 май, сешанба куни Кобул ва Логарда мотам куни деб эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, бутун мамлакат бўйлаб дафн маросимлари ташкил этилади.

Афғонистон президенти биринчи вице-президентга қурбонларнинг оилаларига пул беришни буюрди. Шунингдек, у иккинчи вице-президентга хавфсизлик режасини ишлаб чиқиб, бу ҳақда икки ҳафта ичида ҳисобот беришни топширди.

Ашраф Ғани Кобулдаги портлашда «Толибон» жангари гуруҳини айблади.

«‘Толибон’ жангарилари ўзларининг разил мақсадларига уруш ёрдамида эриша олмаслигини тушуниши керак. Агар улар одамларни ўлдиришда давом этса, янада кўпроқ нафратга дучор бўлади ва афғон кучлари уларни шафқатсизларча бостиради», — деди Ғани.

Қурбонларнинг оилалари Афғонистон ҳукумати ва Ғарб давлатларини зўравонлик ва давом этаётган урушни тўхтата олмаганликда айблаган. Айни вақтда «Толибон»нинг ўзи ҳам ушбу ҳужумни қоралади.

Эслатиб ўтамиз, апрель ойида АҚШ президенти Жозеф Байден Афғонистондан Америка қўшинларини олиб чиқиб кетиш бошланганини эълон қилган эди. Унинг сўзларига кўра, ҳарбийлар минтақада уларнинг олдига қўйилган барча мақсадларга эришган. Қуролли кучлар 11 сентябргача тўлиқ чиқариб кетилиши режалаштирилган. Америка ва НАТО мамлакатлари қўшинлари 29 апрелдан чиқиб кетишни бошлаган.

Оқ уй Америка президентининг маъмурияти Тинч океани йўналишига эътиборни жамлашни режалаштираётганини айтди. Айни вақтда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Афғонистондан қўшинлар чиқариб кетилгач, мамлакатда ҳокимият тепасига «Толибон» жангарилари келиши мумкинлигини истисно қилмади.