Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра зиёратларини амалга ошириш учун рухсат бермоқчи, аммо улар коронавирус пандемиясига қарши кураш учун махсус шартларга амал қилган ҳолда ўтказилади, деб ёзади «РБК» Саудия матбуот агентлигига таяниб.
Хабарга кўра, Ҳаж зиёрати билан боғлиқ тадбирлар «хавфсиз муҳитда» бўлиб ўтади, чунки инсон саломатлиги ва хавфсизлиги қиролликда биринчи ўринга қўйилади.
Саудия Арабистонининг санитария органлари вазиятни баҳолашда давом этмоқда. Ҳаж сафарини амалга ошириш бўйича тафсилотлар, шунингдек, COVID-19 тарқалиши устидан назорат бўйича чоралар кейинроқ эълон қилинади.
2021 йилда Ҳаж зиёрати 17—22 июль кунлари амалга оширилади. Умра сафарини эса йилнинг қолган вақтида адо этиш мумкин.
Март ойида Саудия Арабистони барча зиёратчиларнинг коронавирусга қарши эмланиши кераклигини маълум қилганди. Ушбу талаб чет эллик зиёратчилар учун ҳам, мамлакат фуқаролари учун ҳам амал қилади.
Кейинроқ Умра сафарини амалга ошириш учун Саудия Арабистонига келадиган барча хорижликлар коронавирусдан даволаниш харажатларини қоплайдиган тиббий суғуртага эга бўлиши кераклиги маълум бўлди.
2020 йилда Саудия Арабистони чет эллик зиёратчилар учун Ҳаж сафарини бекор қилди, фақат қироллик ҳудудида бўлганларгина унда иштирок этиши мумкин эди. Бундан ташқари, иштирокчилар сони минг киши билан чекланди.
Изоҳ (0)