Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

«Дарё» апрель ойининг иккинчи ҳафтасида юз берган энг муҳим ҳодисалар дайжестини тақдим этади.

Россия-Украина муносабатларидаги таранглик

Март ойи охирида The New York Times газетаси 4 минг рус қўшини Украина чегараларига, хусусан, Ростов, Брянск, Воронеж вилоятлари ва Қримга юборилгани ҳақида хабар берди. Ҳаммаси бўлиб, Россия Қуролли Кучларининг 28 та тактик баталён гуруҳи чегаралар бўйлаб жойлаштирилган.

Владимир Зеленский

Владимир Зеленский
Фото: «President.gov.ua»

Conflict Intelligence Team суриштирув гуруҳи Россия қўшинларининг Россия—Украина чегараси ҳудудида тўпланишини 2014—2015 йиллардан бери энг кескин кўрсаткич деб атади. Киев ўз чегаралари яқинида рус қўшинлари тўпланганини тасдиқлади ва уни «ўз кучини кўз-кўз қилиш» деб атади. АҚШ Россиядан мазкур «провокациялар»га изоҳ беришни талаб қилди, шунингдек, АҚШ президенти Жо Байден лавозимига келганидан бери биринчи марта Украина раҳбари Владимир Зеленскийга қўнғироқ қилди. Кремлнинг таъкидлашича, Россия ўз ҳудудида ўз қўшинларини ҳаракатга келтирмоқда ва «бу ҳеч кимни безовта қилмаслиги керак, қўшин ҳеч кимга таҳдид солмайди».

Россия қўшинларининг Донбассга тортилиши фонида Украина НАТОга қўшилиш масаласини қайта кўтарди. НАТО бош котиби Йенс Столтенберг билан суҳбатда Зеленский НАТО Донбассдаги урушни тўхтатишнинг ягона йўли эканини айтди. АҚШ бу ғояни ҳозирча назарий жиҳатдан қўллаб-қувватламоқда, Кремлнинг фикрича, Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши Донбассдаги инқирозни янада кучайтиради.

Украина президенти Владимир Зеленский Донбассга ишчи ташрифи доирасида ўт очишни тўхтатиш режимининг бузилиши энг кўп қайд этилган ҳарбийларнинг олд позицияларига ташриф буюрди. Зеленский каска ва зирҳли нимча кийган ҳолда окопларга тушиб, ҳарбийлар билан мулоқот қилди.

«Одамларнинг хотиржамлигини сақлаб, ўлкамизни ҳимоя қилаётганингиз учун раҳмат. Сизлар қаҳрамонлик ва фидокорликнинг ҳақиқий намунасисиз», — деди президент.

«Биз сўнгги давр ичида, 1 январдан буён энг йирик эскалация, ўт очишни тўхтатиш режимининг бузилиши, қурбонлар ва яраланганлар сонининг ошиши кузатилаётган барча нуқталарни бориб кўряпмиз», — деди Зеленский.

Воқеага шунингдек, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳам муносабат билдирди. Шунингдек, у Туркия Қримни Украинанинг ажралмас қисми деб тан олишини ҳам таъкидлаган. Бу ҳақда мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон украиналик ҳамкасби Владимир Зеленский билан музокаралар якунлари бўйича маълум қилди.

Фото: «President.gov.ua»

«Биз, шунингдек, Украинанинг ҳудудий яхлитлигини ва Туркия суверенитетини қатъиян ҳимоя қиламиз. Биз Қримнинг босиб олинишини тан олмаслик бўйича қатъий қароримизни яна бир марта тасдиқладик», — деди Эрдўғон.

Унинг сўзларига кўра, Анқара Киевнинг ярим оролнинг ҳудудий тегишлилиги муаммоси атрофига халқаро ҳамжамиятни жалб қилиш бўйича лойиҳаси — «Қрим платформаси»ни қўллаб-қувватлайди. «Умид қиламизки, бу ташаббус Украина ва Қримнинг барча халқлари, шу жумладан, Қрим татарлари учун ижобий натижаларни олиб келади», — дея таъкидлади Туркия президенти.

Унинг қўшимча қилишича, Анқара ва Киевнинг икки томонлама алоқалари Қора денгизнинг «тинчлик, хотиржамлик ва ҳамкорлик денгизи» бўлиб қолишига қаратилган. Бундан ташқари, Эрдўғон Минск келишувини Донбассдаги низоларни бостириш усули сифатида қўллаб-қувватлади.

«Биз Шарқий Украинадаги вазият юзасидан фикр алмашдик. Мавжуд инқирозни сиёсий, дипломатик йўл билан ва халқаро ҳуқуқ доирасида ҳал қилиш мумкинлигига ишонамиз», — деди Туркия етакчиси.

Айни вақтда Эрдўғон Туркия ва Украина ҳамкорлиги бошқа мамлакатларга қарши қаратилмаганини маълум қилди.

Шаҳзода Филиппнинг вафоти

Ўтган ҳафтанинг энг кўп эсланган воқеаларидан бири бу Буюк Британия қироличаси Елизавета II нинг турмуш ўртоғи, Эдинбург герцоги шаҳзода Филиппнинг 99 ёшда вафот этгани бўлди десак янглишмаган бўламиз.

Фото: Google Photos

Унинг вафоти ҳақидаги хабарни Букингем саройи маълум қилган.

«Қиролича зоти олиялари чуқур қайғу билан севимли турмуш ўртоғи Эдинбург герцоги, шаҳзода Филиппнинг вафот этганини хабар қилди. Филипп зоти олийлари Виндзор қасрида бугун тонгда вафот қилган», — дейилади Букингем саройининг Twitter’даги саҳифасида.

Буюк Британия қироличаси Елизавета II нинг эри икки ойдан кейин 100 ёшни қаршилаши мумкин эди. 2020 йил ноябрь ойида Елизаветта II ва шаҳзода Филипп ўз тўйлари бўлиб ўтган сананинг 73 йиллигини нишонлаган.

Шаҳзода Филипп соғлиғи ёмонлашгани туфайли Букингем саройининг расмий тадбирларида 2017 йилдан буён иштирок этмай келаётганди. У 2021 йилнинг февраль ойида шифохонага ётқизилганди. Шаҳзода Филипп у ерда бир ой даволанган ва юрагини операция қилдирган.

Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон шаҳзода Филиппнинг вафот этгани муносабати билан ҳамдардлик билдирган ва мазкур воқеа сабаб бутун мамлакатнинг қиролича билан бирга қайғуга чўмганини қайд этган.

3000 йиллик сирли шаҳар

Ўтган ҳафта дунё археология фани яна бир топилма билан бойиди, десак янглишмаган бўламиз. Гап шундаки, Мисрнинг Луксор шаҳрида 3000 йиллик тарихга эга деб қаралаётган шаҳар қолдиқлари топилган. Мазкур шаҳар қолдиқлари Захи Хавасс бошчилигидаги мисрлик археологлар томонидан топилган.

Фото: Google Photos

Шаҳарга Мисрнинг энг буюк ҳукмдорларидан бири, эрамиздан аввалги 1391—1353 йилларда мамлакатни бошқарган 18-сулоланинг тўққизинчи ҳукмдори Аменхотеп III томонидан асос солинган.

«Кўплаб чет эллик тадқиқотчилар бу шаҳарни излади, лекин топа олмади», — деди Хавасс.

«Шаҳарнинг баъзи деворлари уч метргача етади. Биз шаҳарнинг ғарбий томонга — машҳур Дайр-ал-Мадинага қадар чўзилганини биламиз», — деб давом этди Хавасс.

Қазишма ишлари 2020 йилнинг сентябрь ойида бошланган эди ва жамоа турли жойларда тупроқдан ясалган ғиштлар топа бошлади. Натижада улар деворлари ва хоналари деярли тўлиқ сақланиб қолган, ичи кундалик буюмлари билан тўлдирилган шаҳар биноларини топди. Унга «йўқолган олтин шаҳар» номи берилди. Аменхотеп III нинг муҳрлари туширилган заргарлик буюмлари, рангли лойдан ишланган идишлар ва лойдан ясалган ғиштлар каби кўплаб археологик топилмалар шаҳарнинг тарихийлигини тасдиқлади.

Тарихий шаҳар Мадинат-ҳабудаги Рамзес III мақбараси ва Мемнондаги Аменхотеп III мақбараси орасида жойлашган. Мисрлик тадқиқотчилар бу ҳудудда Тутанҳамон мақбарасини топиш мақсадида иш бошлаган эди, лекин бунинг ўрнига Миср империяси даврига тегишли энг йирик маъмурий аҳоли пунктини топди.

Археологлар мазкур топилма 1922 йилда топилган Тутанҳамон қабридан кейинги энг йирик топилма эканлигини айтмоқда.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
Самарқандда 2 киши овқатдан заҳарланиб вафот этди
Маҳаллий
Тошкентда автобуснинг юрган масофасига қараб тўлов қилиш тизими йўлга қўйилади
Маҳаллий
Аҳолининг валюта айирбошлашга йўналтирган пул маблағлари ҳажми 68 фоизга ўсди — Марказий банк