The New York Times 21 февраль, якшанба кунги сонининг биринчи саҳифасида коронавирус қурбонлари сонини англатувчи 500 мингта нуқтадан иборат график тасвирини чоп этди. Тасвир қурбонлар сонининг ўсиш «тезлигини» акс эттиради.

Фото: The New York Times

График ичидаги 500 минг та нуқтанинг ҳар бири коронавирус асоратлари оқибатида вафот этган бир инсоннинг рамзи. Лойиҳа бўйича график муҳаррир Лорен Лезирбий қурбонлар сони ҳақида гапирар экан, «нуқталарнинг барчаси ошиб бораётган тезликни» визуал равишда акс эттиришини таъкидлади. Бошланиши оч кул ранг бўлган график аста-секин тўқ сиёҳранг тусга киради. График охирига келиб зичлашган нуқталар, сўнгги вақтларда қурбонлар сонининг кескин ортганини билдиради. Мазкур график орқали ўн икки ой ичида АҚШни ларзага келтирган машъум ҳолат ифодаланган.

NYT таъкидлашича, АҚШда коронавирусдан ўлганлар сони Биринчи ва Иккинчи жаҳон уруши ҳамда Вьетнам уруши пайтида ҳалок бўлганларнинг умумий сонидан ошиб кетган.

Графикдаги ахборотга кўра, АҚШда коронавирус инфекциясидан ўлимлар сонининг кескин ўсиши 2020 йилнинг апрель ойида кузатилган ва 2021 йилнинг бошида ўз чўққисига чиққан. Жонс Ҳопкинс университети маълумотлари бўйича пандемия бошидан бери АҚШда 28 миллиондан ортиқ кишида коронавирус аниқланган, 499 мингга яқин киши касалликдан вафот этган.