Коронавируснинг биринчи марта Буюк Британияда аниқланган янги штамми Иордания ва Жанубий Кореяда ҳам қайд этилди, деб ёзади «РБК». Ушбу мамлакатлар ҳукуматлари илк касалланганлар аниқлангани ҳақида хабар берди, уларнинг барчаси аввалроқ Британияда бўлиб қайтган.
Корея касалликлар назорати ва профилактикаси бошқармаси маълум қилишича, вируснинг янги тури уч кишида тасдиқланган, уларнинг барчаси бир оила аъзолари. Касалланганлар Буюк Британиядан ўтган ҳафта қайтиб келган.
Кореялик шифокорлар яқинда Британиядан қайтган яна бир оилани ҳам янги штаммга текширади. Унинг аъзоларидан бири, кекса эркак аввалроқ вафот этган эди, ўлимдан кейинги таҳлил унда COVID-19 бўлганини кўрсатган, аммо штаммнинг аниқ тури ҳозирча белгиланмаган.
Иордания соғлиқни сақлаш вазири Назир Обейдат маълум қилишича, мамлакатда икки киши коронавируснинг янги штаммига чалинган, булар 19 декабрь куни Британиядан қайтиб келган эр-хотиндир. Вазирнинг сўзларига кўра, уларнинг саломатлиги жойида, эр-хотин уй карантинига юборилган. Иордания ҳукумати уларнинг мулоқот доирасини аниқлаштирмоқда.
Буюк Британияда коронавируснинг янги тури аниқлангани, шу туфайли мамлакатнинг айрим ҳудудларида касаллик тарқалиш суръати тезлашгани ҳақида 14 декабрь куни маҳаллий Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Мэттью Хэнкок маълум қилди. Буюк Британия бош вазири Борис Жонсоннинг сўзларига кўра, ушбу турдаги коронавирус аввалгиларидан 70 фоизга юқумлироқ, лекин ундан хавфли эмас.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 20 декабрь куни Британияникига ўхшаш коронавирус Нидерландия, Дания ва Австралияда ҳам аниқланганини эълон қилди. Ҳозирда ташкилот бу штаммни ўрганмоқда.
Аввалроқ Жанубий Африка Республикаси (ЖАР)да ҳам шунга ўхшаш мутациядаги вирус топилгани ҳақида хабар берилган эди.
Кейинроқ Дания ва Бразилияда коронавируснинг янги мутациялари аниқланди. Британиянинг ўзида ҳам коронавируснинг яна бир янги штамми аниқланди. Шу билан бирга, Германия ва Швейцарияда коронавируснинг «британча» штамми, Нигерияда эса бутунлай янги мутацияси қайд этилди.
26 декабрь куни коронавируснинг «британча» штамми Франция ва Японияда ҳам аниқланди.
Изоҳ (0)