Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 2020- йилнинг январь–ноябрь ойлари якунига 32,9 миллиард долларни ташкил этиб, 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 4,8 миллиард долларга ёки 12,9 фоизга камайди, деб хабар бермоқда Давлат Статистика қўмитаси матбуот хизмати.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Ташқи савдо айланмасида экспорт ҳажми 14,1 миллиард долларга (10,5 фоизга камайган) ва импорт ҳажми 18,7 миллиард долларга (14,7 фоизга камайган) етган. Ҳисобот даврида 4,57 миллиард доллар қийматида пассив ташқи савдо баланси қайд этилган.

Бу вақт давомида ташқи савдо айланмасининг нисбатан салмоқли ҳиссаси Хитой (17,4 фоиз), Россия (15,4 фоиз), Қозоғистон (7,9 фоиз), Жанубий Корея (5,8 фоиз), Туркия (5,7 фоиз), Қирғизистон (2,5 фоиз) ва Германия (2,2 фоиз) билан қайд этилган.

Экспорт таркибида етакчи ўринни олтин эгаллади — 40,9 фоиз. Ундан кейинги ўринларни саноат маҳсулотлари (18,3 фоиз), озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар (8,6 фоиз), кимёвий моддалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар (5,2 фоиз) эгаллади.

Кўрсатилган даврда МДҲ мамлакатларига турли хил тайёр маҳсулотлар, машиналар ва транспорт ускуналари, саноат товарлари, шунингдек, ичимликлар ва тамаки экспорти бўйича энг тез ўсиш кузатилди. Пасайиш биринчи навбатда минерал ёқилғи, кимёвий моддалар, озиқ-овқат маҳсулотлари, ҳайвонот ва ўсимлик мойлари экспортида қайд этилди.

Импорт таркибида энг катта улуш, машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари (37,6 фоиз), саноат товарлари (17,2 фоиз) ҳамда кимёвий воситалар ва шу каби маҳсулотлар (13,8 фоиз) ҳисобига тўғри келди.

Эслатиб ўтамиз, октябрь ойида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 4,2 миллиард долларга, сентябрь ойида 3,7 миллиард долларга камайгани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, мамлакатнинг олтин-валюта захираларида кетма-кет учинчи ой камайиш қайд этилганди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар