Кўпчилик телевизорда бир неча бор намойиш этилган «Темир ниқобли одам» Америка фильмини кўрган бўлса керак. Фильмдаги бош ролларни машҳур актёрлар Леонардо ди Каприо, Жереми Айронс, Жон Малкович, Жерар Депардье ва Габриэль Бирнлар ижро этган. Фильмда қирол Людовик XIV нинг эгизаги тахтни эгаллаб, қиролга эса темир ниқоб тақиб зиндонга ташлашади. Хўш, ҳақиқатда қирол темир ниқобда зиндонга ташланганми? Темир ниқобли асир ҳақиқатда бўлганми? Унинг исми нима? «Дарё» бугунги мақолада шу ҳақида ҳикоя қилади.
Темир ниқобли одам ҳақиқати ҳақида
Темир ниқобли одам Франция тарихидаги энг сирли маҳбуслардан биридир. У ҳақидаги романлар ва фильмлар унинг мавжудлиги ва шахсияти ҳақида турли хил миш-мишларни яратган десак муболаға бўлмайди. XVII асрнинг 80 йилларида Францияда ғалати маҳбус ҳақида гап-сўзлар тарқала бошлади. У шахсан Людовик XIV нинг буйруғига кўра ҳибсга олинган ва қамалган эди. Унинг шахсининг номаълумлигидан ташқари, темир ниқоб тақиб юришга мажбур эди.1687 йилда бир газетада маҳбуснинг Ўрта Ер денгизидаги Авлиё Маргарита оролчасидаги қамоқхонага темир қафасда, юзига пўлатдан ниқоб тақилган ҳолда олиб келингани ёзилган. Уни кузатиб келиш эса собиқ мушкетёрлардан Бенинг де Сен Марс исмли офицерга топширилган. Уларнинг иккаласи, маҳбус ва Де Сен Марс Алп тоғларида жойлашган Пигнерол ва Экзил қалъаларида ҳам бирга бўлишгани манбаларда қайд этилган.
1698 йил 18 сентябрь куни маҳбус Франциянинг машҳур Бастилия қалъа-қамоқхонасига ўтказилди. Чунки Сен Марс бу сафар Бастилия губернатори этиб тайинланган эди. Маҳбусни бу сафар ҳам худди ўша ҳолатда олиб келишган эди. Бастилия мулозимларидан бири ўз хотираларида шундай ҳикоя қилган: «у доим ниқобда эди ва исми ҳеч қачон айтилмас эди». Унинг исмини айтиш тақиқланган эди ва ўзи бу ишни қиладиган бўлса, дарҳол отиб ташланиши керак эди.
1703 йил 19 ноябрь куни сирли маҳбус вафот этди ва уни Авлиё Пётр қабристонида дафн қилишди. Унинг исми ҳам, ёши ҳам сохталаштирилди. Кийимлари ва шахсий буюмлари ёқиб юборилди, у яшаган қамоқхона хонаси эса оҳак билан оқланиб ташланди. Шундай қилиб, унинг кимлиги номаълумлигича қолган бўлса-да, унинг ўша даврда яшагани аниқ.
Унинг шахсига доир фитна назариялари
Темир ниқобли киши Людовик XIV нинг ҳукмронлиги йиллари (1643–1715) да яшади. Людовик XIV нинг тарафдорлари уни «Қуёш қирол» дейишарди ва унинг даврида Франция қудратли давлатга айланганини иддао қилишади. Унга қаршилар эса унинг бир мустабиддан фарқи йўқлигини, мутлақ монархия Францияни полиция давлатига айлантирганини айтишади. Қирол вафот этгач, сирли маҳбус ҳақидаги гап-сўзлар порохли бочкага олов ёққандек бўлди.Гўё унинг қамалиши қиролнинг шахсий буйруғи сифатида миш-мишлар урчиб кетди. Бошиданоқ, у ҳақидаги гаплар оддий қўрқинчли эртаклардан кўра аҳамиятлироқ эди: улар Людовик XIV га қарши пропаганда учун хизмат қилди. Масалан, 1688–1697 йилларда бўлган урушда ўз мустақиллигини француз экспансиясидан ҳимоя қилишни истаган голландлар ушбу ҳикоялардан Людовикка қарши фойдаланди. Голланд жосуслари қамоқдаги темир ниқобли кишини она қироличанинг жазмани ва қиролнинг ҳақиқий отаси экани ҳақидаги миш-мишни тарқатди. Шу тариқа улар Людовикнинг тахтга ноқонуний ўтирганига диққатни қаратмоқчи бўлди.
Бундай миш-мишлардан қирол оиласи вакиллари ҳам узоқ қолмади. Баъзи бир конспирологлар ниқобдаги кишини Людовикнинг жазмани Луизадан бўлган ўғли Луи Бурбон эканини айтди. Луи Бурбон ўзининг гомосексуаллиги ошкор бўлгач, отаси томонидан саройдан бадарға қилинади. У отаси меҳрини қайта қозониш мақсадида, Фландриядаги юришда қатнашди ва жароҳатланиб ўша ерда вафот этди. Конспирологлар фикрича, у тирик қолган ва отаси томонидан темир ниқобда қамоққа ташланган дейилади.
Кейинчалик ҳам унинг кимлиги борасидаги тахминлар ва шахслар рўйхати ўсишдан тўхтамади. Бир қатор машҳур шахсларнинг, қиролнинг эгизак укаси ва ҳатто қиролнинг ўзи экани ҳақидаги миш-миш ва қарашлар кўпайиб кетди.
Масалан, шундай версиялардан бирида ниқобдаги киши Людовик XIV давридаги энг кучли шахсиятлардан бири бўлган Кардинал Мазарини экани айтилади. Бу назарияни 1963 йилда француз тарихчиси Шарл Бенекрут илгари сурди. Унинг айтиши бўйича, 1614 йилда Полинезиядан 12 ёшли Мазаринига икки томчи сувдек ўхшайдиган албинос бола олиб келинади. Унинг Мазаринига ўхшаш эканини 1655 йилда герсог Де Гол пайқаб қолади. Кейин эса у Мазаринини ўша бола билан алмаштириб қўяди ва у Мазаринининг ўрнини эгаллайди. Мазаринига эса темир ниқоб кийдирилиб қамоққа ташланади.
1847 йилда Барон Глейхен ўзининг «Хотиралар»ида темир ниқобли кишини қирол Людовик XIV нинг ўзи дейди ва бу воқеа биз юқорида эсга олган «Темир ниқобли киши» фильми учун сценарий вазифасини ўтаб берди.
1717 йилда Бастилия қамоқхонасида ўтирган буюк француз мутафаккири Волтер ўз эсдаликларида қамоқхонадаги ёши катта маҳбуслардан темир ниқобдаги маҳбус ҳақида эшитганларини қайд қилиб ўтди. У уни шундай таърифлайди: «ёш, келишган қадди-қоматга эга, басавлат, кимлиги номаълум маҳбус». Ушбу тарифлардан шуни билиш мумкинки, у муҳим шахсиятлардан бири бўлган.
У нозик дидли бўлган ва гитара чалган, унга маҳсулотларнинг энг сарасини беришган. Қамоқхона бошлиғидан бошқа ҳеч ким у билан кўришиш ҳуқуқига эга бўлмаган. Волтернинг фикрича, у қиролнинг укаси ёки акаси бўлиши мумкин. ХХ асрдаги кўплаб фильмларга асос бўлиб хизмат қилган версияга кўра, у қиролнинг тахтга даъвогар акаси бўлиши мумкин.
Темир ниқобли киши ҳақидаги бадиий асарлар ва фильмлар
XVIII асрнинг биринчи ярмидан бошлаб то ХХ асрнинг охиригача темир ниқобли киши кўплаб китоблар, бадиий асарлар, мақолалар, фильмлар учун мавзу бўлиб келди. У ҳақида учта халқаро конференция ўтказилди, йигирмадан ортиқ роман ёзилди, еттита театр песаси саҳналаштирилди ва ўн олтита тарихий фильмлар ишланди. Қуйида у ҳақидаги энг машҳур романлар ва фильмлар рўйхатини келтирамиз.Романлар:
- Барон де Муи Шарл де Фё «Темир ниқоб ёхуд ота ва ўғилнинг ажойиб саргузаштлари», 1746 ;
- Александр Дюма «Виконт де Бражелон ёки ўн йилдан сўнг», 1848–1850 ;
- Артур Бернед «Темир ниқобли одам», 1930;
- Марсель Пагнол: «Темир ниқоб сири» 1973 ;
- Шунингдек, Виктор Гюгонинг «Эгизаклар» драмаси ҳам мазкур воқеани ҳикоя қилади.
- «Темир ниқоб» (The iron mask), 1929, АҚШ овозсиз фильм, режиссер Аллан Двон;
- «Темир ниқобли одам» ( The man in the iron mask), 1939, АҚШ, режиссёр Жеймс Уэйл;
- «Темир ниқобли одам» ( The man in the iron mask), 1998, АҚШ, режиссер Рандал Валлас;
- Шунингдек, 1999 йилда чиққан «Астерикс ва Обеликс Цезарга қарши» фильмида ҳам бир саҳнада Цезарь темир ниқобда қамоққа ташланади. Бу ҳам воқеага ўзига хос ёндашиш бўлиб, Франция тарихидаги ушбу воқеанинг муҳимлигини кўрсатишга ҳаракат қилинган.
- Темир ниқобли одам воқеаси француз мутафаккирлари наздида, «Қуёш қирол»нинг энг жирканч сифатларини ўзида мужассам этди ва ўша даврдаги Франциядаги зулмнинг энг ёрқин тимсоли эди.
Изоҳ (0)