Ўзбекистонда 9 сентябрь соат 23:30 дан 10 сентябрь соат 23:30 га қадар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 749 та ҳолат қайд этилди. Бу сўнгги 39 кун ичидаги энг юқори натижа. Шунингдек, энг кўп коронавирус билан касалланиш ҳолатлари аниқланган кунлар орасида 3-натижадир (1 августда 774 кишида, 2 августда 770 кишида COVID-19 қайд этилганди). Янги ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 45679 нафарга етди. Коронавирусга чалиниш ҳолатларининг 1,6 фоизи 10 сентябрга тўғри келди.

ССВ ҳисоби бўйича 373, «Дарё» ҳисоби бўйича 387 киши коронавирус асоратларидан вафот этган.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланган 749 кишининг барчаси тана ҳарорати кўтарилгани боис профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасидан аниқланган:

  • Тошкент шаҳрида — 510 нафар;
  • Тошкент вилоятида — 186 нафар;
  • Самарқанд вилоятида — 16 нафар;
  • Наманган вилоятида — 9 нафар;
  • Андижон вилоятида — 9 нафар;
  • Хоразм вилоятида — 8 нафар;
  • Бухоро вилоятида — 5 нафар;
  • Сурхондарё вилоятида — 5 нафар;
  • Қорақалпоғистон Республикасида — 1 нафар.

Кун давомида 9 та ҳудудда коронавирусга чалиниш ҳолати қайд этилди. 28 август куни ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев кунига ўртача 370 нафар янги бемор аниқланиши карантин талаблари юмшатилган ҳозирги шароитда назорат кўрсаткичи бўлишини қайд этганди. Президент ҳақиқий ҳолат бўйича рақамларни яширишга мутлақо йўл қўймаслик тўғрисида барча раҳбарларни огоҳлантирди. Бунга уриниш жиноий жавобгарликкача бўлган қатъий чораларга олиб келиши мумкинлиги таъкидланди. Ўша йиғилиш ўтказилган кундан сўнг учинчи марта кунлик касалланиш ҳолатлари 370 тадан ошди. Бу учала куннинг бари охирги 3 кунга тўғри келди. Бундан ташқари 10 сентябрдаги натижа назорат кўрсаткичидан 2 баробар ошиб кетганини ҳам қайд этиш лозим.

Тошкент шаҳрида 510 кишида коронавирус аниқланди. Бу пойтахт учун антирекорд ҳисобланади. Бунгача Тошкентда энг кўп касаллик касаллик аниқланган 9 август эди, ўша куни 509 кишида COVID-19 қайд этилган. Пойтахтда 3 сентябрдан бери кунлик касалланиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда: 3 сентябрда 109 кишида, 4 сентябрда 135 кишида, 5 сентябрда 170 кишида, 6 сентябрда 177 кишида, 7 сентябрда 190 кишида ва 8 сентябрда 317 кишида, 9 сентябрда 331 кишида COVID-19 қайд этилганди. Сентябрнинг 10 кунида Тошкентда касалланганлар сони 2341 нафарга кўпайди. ССВ жадвалидаги 14 та ҳудуддан 12 тасида эпидемия мавсумида ҳали бунча бемор аниқланмаган. Ҳозирда Тошкентда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 27893 нафарга етди. Ўзбекистон бўйича COVID-19 ташхиси қўйилганларнинг 61 фоизи пойтахт ҳисобига тўғри келмоқда.

Тошкент вилоятида 186 кишида COVID-19 аниқланди. Бу вилоятда 3 августдан сўнг (38 кун ичида) қайд этилган энг юқори кўрсаткичдир. Сентябрда Тошкент вилоятида коронавирусга чалинганлар сони 1063 нафарга кўпайиб, умумий касалланганлар сони 8268 нафарга етди. Бу Ўзбекистон бўйича коронавирусга чалинганларнинг 18,1 фоизига тенгдир. Касалланганларнинг 18,1 фоизи илгари ҳеч қачон Тошкент вилояти ҳисобига тўғри келмаганди.

Самарқанд вилоятида 16 кишида коронавирус аниқланди. Сентябрь ойида вилоятда фақат 2 ва 8 сентябрь кунлари янги ҳолатлар рўйхатга олинмади. Ой давомида касалланганлар сони 88 нафарга кўпайди. Самарқандда COVID-19 қайд этилганлар сони 1806 нафарга етди. Ўзбекистон бўйича коронавирусга чалинганларнинг 3,9 фоизи Самарқанд вилоятига тўғри келмоқда.

Наманган вилоятида 9 кишида коронавирус қайд этилди. Сентябрь ойининг 7 кунида Наманганда янги касалланиш ҳолатлари аниқланди. Бу кунларда Наманган вилоятида коронавирусга чалинганлар сони 49 кишига кўпайди. Вилоятда касалланганлар сони 958 нафарга етди. Бу Қорақалпоғистон (462) ва Хоразмдаги (498) коронавирусга чалинганларнинг умумий сонига (960) деярли тенг.

Андижон вилоятида 9 кишида COVID-19 қайд этилди. Вилоятда 8 кундан буён узлуксиз равишда касалланиш ҳолатлари қайд этилмоқда. Андижонда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 1273 нафарга етди. Ўзбекистон бўйича COVID-19 ташхиси қўйилганларнинг 2,8 фоизи Андижон вилояти ҳисобига тўғри келмоқда.

Хоразм вилоятида 8 кишида коронавирус қайд этилди. Сентябрнинг 10 кунидан 5 тасида вилоятда янги касалланганлар рўйхатга олинди. Бу Хоразмда ой давомида энг кўп касаллик аниқланган кун бўлди. Касалликка чалинганларнинг умумий сони ҳозирда 498 нафарга етди. Ўзбекистон бўйича коронавирусга чалинганларнинг 1,09 фоизи Хоразм вилояти ҳиссасига тўғри келмоқда.

Бухоро вилоятида 5 кишида коронавирус қайд этилди. Сентябрь ойида вилоятда касалликка чалинганлар сони 29 нафарга кўпайди. Бухородаги умумий коронавирусга чалинганлар сони эса 1075 нафарни ташкил этмоқда. Ўзбекистон бўйича COVID-19 қайд этилиш ҳолатларининг 2,35 фоизи Бухорода аниқланган.

Сурхондарё вилоятида 5 кишида коронавирус аниқланди. Вилоятда сентябрь ойида фақат охирги учта жуфт санада касалликлар қайд этилди 6 сентябрда 9 та, 8 сентябрда 1 та. Сурхондарёда ҳозирда коронавирусга чалинганлар сони 646 нафарга етди. Ўзбекистон бўйича коронавирусга чалинганларнинг 1,4 фоизи Сурхондарё вилоятига тўғри келмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасида 1 кишида коронавирус аниқланди. Республикада охирги 22 кун ичида 11 марта янги касалланиш ҳолатлари рўйхатга олинган бўлса, бу кунларнинг биронтасида янги беморлар сони 4 нафардан ошмади. Қорақалпоғистонда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 462 нафарга етди. Бу Тошкент шаҳридаги беморлар сонидан 60 баробар кам деганидир.

Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар

ССВ Тошкент вилоятида 4 нафар, Тошкент шаҳрида 3 нафар, жами 7 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этганини хабар қилди. Ушбу ўлим ҳолатларидан биттасини «Дарё» олдинроқ хабар қилганди. ССВ Бош прокуратура бошқарма бошлиғи Ҳамза Файзиев коронавирус асоратларидан вафот этганини унинг ўлимидан икки кун ўтиб тасдиқлади. Шунингдек, Бош прокуратура бир ой олдин вафот этган беморнинг коронавирусдан тузалгани бўйича ҳужжатлари сохталаштирилганини маълум қилди.

Биринчи ўлим. Тошкент вилояти Зангиота туманида яшаган 79 ёшли С.Ж. исмли аёл вафот этган.

Иккинчи ўлим. Тошкент шаҳри Олмазор туманида яшаган 70 ёшли Б.У. исмли эркак вафот этган.

Учинчи ўлим. Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳрида яшаган 46 ёшли С.Т. исмли эркак вафот этган.

Тўртинчи ўлим. Чирчиқ шаҳридаги юқумли касалликлар шифохонасида икки томонлама пневмония ва COVID-19 ташхиси билан оғир аҳволда даволанаётган 39 ёшли Ф.Рустамов шифохона ходимлари томонидан вилоят Руҳий касалликлар диспансерига ўтказилган ва шундан кейин вафот этган. Ушбу ўлим ҳолати Бош прокуратуранинг Чирчиқ шаҳрида жойлашган Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори, Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан очилган жиноят иши тафсилотларидан маълум бўлди.

Хабар берилишича, 2020 йил 10 август куни фуқаро Ш.Минбаев Чирчиқ шаҳар прокуратурасига мурожаат қилиб, Чирчиқ шаҳридаги юқумли касалликлар шифохонасида икки томонлама пневмония ва COVID-19 ташхиси билан оғир аҳволда даволанаётган қариндоши Ф.Рустамов 1 август куни Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси ходимлари томонидан вилоят Руҳий касалликлар диспансерига ўтказилганлигини билдирган. Ф.Рустамов 2 август куни соғлиғи ёмонлашиб, вафот этган. Шу сабабли, унинг қариндоши айбдор шахсларга қонуний чора кўрилишини сўраган.

Мазкур ҳолат юзасидан Чирчиқ шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми (эҳтиётсизлик орқасидан одам ўлишига сабаб бўлган касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Аниқланишича, бемор Ф.Рустамовнинг соматик ҳолати оғирлиги, унда нафас етишмовчилиги мавжудлиги ва реанимацион муолажаларга муҳтожлигига қарамасдан юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокорининг кўрсатмаси билан ушбу бемор оғир аҳволда вилоят Руҳий касалликлари диспансерига юборилган. Шу билан бирга, Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасида Ф.Рустамов номига юритилган касаллик тарихида бемор COVID-19 касаллигидан тўлиқ тузалганлиги ҳақида сохта маълумот киритилган.

Шифохона томонидан Ф.Рустамов коронавирусдан тузалганлиги бўйича сохта маълумотлар берилганлиги туфайли ҳам ССВ уни вафот этганлар рўйхатига киритмаган. «Дарё» ҳисоби бўйича у коронавируснинг Ўзбекистондаги 384-қурбони бўлди.

Бешинчи ўлим. Тошкент шаҳри Юнусобод туманида яшаган 81 ёшли Т.К. исмли аёл вафот этган.

Олтинчи ўлим. Тошкент вилояти Оҳангарон туманида яшаган 60 ёшли Ж.Х. исмли аёл вафот этган.

Еттинчи ўлим. Тошкент вилояти Оҳангарон туманида яшаган 76 ёшли Қ.Ҳ. исмли аёл вафот этган.

Ҳозиргача Соғлиқни сақлаш вазирлиги 373 кишининг коронавирус асоратларидан вафот этганини хабар берди. «Дарё» ҳисоби бўйича коронавирусга чалингач, вафот этганлар сони 387 нафарни ташкил этмоқда.

ССВ томонидан коронавирус қурбони бўлгани «тан олинмаганлар»:

  • 9 ва 15 июль кунлари Олмалиқ шаҳар шифохоналарида вафот этган икки аёл;
  • ДХА Навоий вилояти бошқармаси ходими Адҳамжон Деҳқонов;
  • Маданият вазирлиги ходими Акмал Ирисов;
  • Чилонзор тумани СЭОМ бактериология лабораторияси мудири Марҳабо Аҳмедова;
  • Бош прокурорнинг собиқ ўринбосари, Қорақалпоғистон прокуратурасида бўлим бошлиғи Ҳакимбай Халимов;
  • Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди судьяси Хайриддин Шермуҳамедов;
  • Самарқанд вилояти Тойлоқ тумани прокурори Фарҳод Абдухолиқов;
  • Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси «Буюк келажак» кенгаши эксперти Санжар Жалолов;
  • Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри артисти Жанабай Утепбергенов;
  • Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, «Ўзбеккино» миллий агентлиги Бадиий кенгаши аъзоси Анвар Эргашев;
  • «Ўзметкомбинат» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Сергей Вюненко;
  • Қашқадарё вилоятининг Миришкор тумани ҳокими Ғайрат Бегалиев;
  • Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасидан COVID-19 касаллигидан тўлиқ тузалганлиги ҳақида сохта маълумот бўйича руҳий касалликлар диспенсерига оғир аҳволда юборилган ва шу ерда вафот этган 39 ёшли Ф.Рустамов.

Таниқли режиссёр Сарвар Каримов ҳам 17 июль куни отаси коронавирус инфекциясидан вафот этгани, аммо унга ташхис қўйилмаганини маълум қилганди. Режиссёрнинг ўзи ва унинг бошқа оила аъзоларида коронавирус тасдиқланган. Шунингдек, 26 июль куни бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов 24 июль куни Самарқанддаги Ипак йўли халқаро туризм университетининг 33 ёшли магистранти Ўткир Темиров касалликдан вафот этганини айтган. Маълум бўлишича, марҳум ўзида COVID-19’нинг барча белгилари бўлса-да, тест ҳам топшира олмаган, касалхонага ҳам ёта олмаган. Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир тумани шифохонасининг 32 ёшли тез тиббий ёрдам ҳамшираси Алия Жиемуратова 28 июль куни коронавирусдан вафот этгани ҳақида «Makan.uz» хабар тарқатди. Қашқадарёда яна бир тиббиёт ходими, хусусий клиника бош шифокори Тўрақул Холиқов 65 ёшида вафот этди. «Дарё» мухбири билан суҳбатлашган хусусий клиника масъулларининг таъкидлашича, Тўрақул Холиқов сўнгги бир ой давомида коронавирус касаллигидан даволаниб келган.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2751 нафар бемордан 439 нафари оғир, 219 нафари эса ўта оғир аҳволда. Аҳволи оғир ва ўта оғир беморларнинг умумий сони 658 нафарни ташкил этмоқда. Бу охирги 24 кун ичидаги энг юқори кўрсаткич. Ҳозирда даволанишни давом эттираётганларнинг 23,9 фоизининг аҳволи оғир бўлиб турибди.

Касалликдан даволаниш

10 сентябрь куни Ўзбекистоннинг 9 та ҳудудида 343 нафар бемор коронавирусдан соғайди. Сентябрда бешинчи марта кунлик соғайиш кўрсаткичи янги касалланиш ҳолатларидан паст бўлди.

Янги тузалганларнинг

  • 206 нафари Тошкент шаҳрида;
  • 98 нафари Тошкент вилоятида;
  • 11 нафари Самарқанд вилоятида;
  • 10 нафари Наманган вилоятида;
  • 5 нафари Бухоро вилоятида;
  • 5 нафари Сурхондарё вилоятида;
  • 4 нафари Андижон вилоятида;
  • 3 нафари Қашқадарё вилоятида;
  • 1 нафари Қорақалпоғистон Республикасида касалликдан фориғ бўлди.

Уларнинг қанчаси уй шароитида, қанчаси стационар шароитда даволанганига ССВ аниқлик киритмаган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси сабаб соғлиқни сақлаш тизимига тушаётган юкламани бир қадар енгиллатиш мақсадида 5 июлдан бошлаб коронавирус инфекцияси аломатсиз кечаётган беморларга уй шароитида даволанишга рухсат берилган, ушбу йўналишда йўриқнома ва эслатмалар ҳам эълон қилинган.

Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинганларга доир ахборотларида янги беморларнинг қанчасида касаллик аломатсиз (симптомсиз) кечаётганига аниқлик киритмаяпти, шу боисдан айни вақтда коронавирусдан даволанаётган беморларнинг қанчаси касалхоналарда қолаётгани, қанчаси уй шароитида даволанаётгани маълум эмас.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 45 679 нафар бемордан 42 555 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 93 фоизни ташкил этмоқда. Бир кун олдин бу борадаги кўрсаткич 94 фоиз эди. 1,5 ой ичида биринчи марта даволаниш кўрсаткичи пасайди. 2123 июль кунлари даволаниш кўрсаткичи 53 фоиз эди, 24 июлдан бугунги кунгача бу кўрсаткич фақат ижобий томонга ўзгараётган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотлари бўйича айни пайтда 2751 нафар бемор COVID-19’дан даволанмоқда. Уч кун аввал даволанишни давом эттираётган беморлар сони 2027 нафарни ташкил этаётганди. Энди эса сўнгги икки ҳафтадаги энг салбий кўрсаткичга чиқди.

Ҳозирда энг кўп бемор Тошкент шаҳрида даволанмоқда — 1975 нафар. Фарғонада 6, Навоийда 8, Жиззахда 10, Қорақалпоғистонда 12, Хоразмда 17, Сурхондарёда 19, Сирдарёда 33, Бухорода 33, Наманганда 36, Андижонда 57, Қашқадарёда 57, Самарқандда 127 ва Тошкент вилоятида 361 нафар бемор қолди.