Ўзбекистонда 20 август соат 23:30 дан 21 август соат 23:30 га қадар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 381 та ҳолат аниқланди. Бу 8 июлдан бери қайд этилган энг паст кўрсаткичдир, ўшанба биринчи марта кунлик касалланиш ҳолати 400 тадан ошганди. Янги ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 38074 нафарга етди. Ўзбекистондаги барча касалланиш ҳолатларининг 1 фоизи 21 августга тўғри келди.

ССВ ҳисоби бўйича 260, «Дарё» ҳисоби бўйича 269 киши коронавирус асоратларидан вафот этган.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланган 381 кишининг барчаси тана ҳарорати кўтарилгани боис профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган:

  • Тошкент шаҳрида — 227 нафар;
  • Тошкент вилоятида — 127 нафар;
  • Самарқанд вилоятида — 13 нафар;
  • Қашқадарё вилоятида — 8 нафар;
  • Навоий вилоятида — 3 нафар;
  • Андижон вилоятида — 3 нафар.

Кун давомида 6 та ҳудудда янги касалланиш ҳолати қайд этилди.

Тошкент шаҳрида 227 кишида коронавирус аниқланди. Бу Тошкентда август ойида энг кам касалланиш ҳолати аниқланган кундир. Бунгача пойтахтдаги август ойидаги энг кам касаллик аниқланган кун 2 август эди, ўша куни 325 кишида коронавирус қайд этилган. 1—21 август оралиғида пойтахтда (карантин зонасида аниқланган ҳолатларни ҳисобга олмаса) 8523 та янги ҳолат аниқланди. Бу касалланганлар сони бўйича 2—3-ўринларда турган Тошкент ва Самарқанд вилоятларидаги эпидемия мавсуми бошидан бери аниқланган ҳолатларни бирга ҳисоблагандан ҳам кўп деганидир. Ҳозирда Тошкент шаҳрида аниқланган умумий касалланиш ҳолатлари 23203 тага етди.

Тошкент вилоятида 127 кишида COVID-19 қайд этилди. Вилоятда 23 июлдан бошлаб ҳар куни касалликка чалиниш ҳолатлари қайд этилмоқда, 26 июлдан бери эса ҳар куни коронавирусга чалинганлар сони 100 нафардан ошмоқда (икки марта 200 тадан ҳам ошди). Август ойининг 21 куни ичида Тошкент вилоятида коронавирусга чалинганлар сони 3437 кишига кўпайди. Бу август ойи Тошкент вилоятида энг кўп касаллик аниқланган ойга айланганини билдиради. Ҳозирда вилоятдаги жами касалланганлар сони 6163 нафарга тенг. Ўзбекистон бўйича коронавирусга чалинганларнинг 16,2 фоизи Тошкент вилояти ҳисобига тўғри келади.

Самарқанд вилоятида 13 кишида коронавирус қайд этилди. Охирги 12 кун ичида Самарқандда фақат 20 август куни коронавирусга чалиниш ҳолати кузатилмади. Самарқанд учун август ойи энг кўп касалланиш ҳолатлари қайд этилган ой бўлди. 21 кун ичида вилоятда 630 кишида касаллик аниқланди. Бу вилоятдаги жами касалланиш ҳолатларининг 40 фоизига тенг.

Қашқадарё вилоятида 8 кишида COVID-19 аниқланди. Вилоятда август ойида 200 кишида коронавирус аниқланди, бу Қашқадарёдаги жами касалланиш ҳолатларининг 22 фоизига тенгдир.

Навоий вилоятида 3 кишида коронавирус қайд этилди. Вилоятда август ойида 67 кишида коронавирус қайд этилди. Ушбу ойда Навоийда COVID-19 аниқланган кунларда фақат бир марта — 4 август куни кунлик касалланишлар сони 10 тадан кўп (14 та) бўлган.

Андижон вилоятида 3 кишида коронавирус аниқланди. Вилоятда охирги 36 кун ичида (17 июлдан бери) фақат 3 марта — 25 июль8 август ва 15 август кунлари янги касалланиш ҳолатлари аниқланмаган. Андижонда деярли ҳар куни COVID-19’га чалинганлар аниқланаётган бўлса-да, жорий ҳафта давомида кунлик касалланганлар сони 5 нафардан ошмади. Август ойида вилоятда 168 кишида коронавирус қайд этилди.

Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар

ССВ Тошкент шаҳрида 5 нафар, Тошкент вилоятида 1 нафар, жами 6 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этганини хабар қилди.

Биринчи ўлим. Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида яшаган 49 ёшли Х.А. исмли эркак вафот этган.

Иккинчи ўлим. Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида яшаган 44 ёшли Р.А. исмли эркак вафот этган.

Учинчи ўлим. Тошкент шаҳри Яшнобод туманида яшаган 74 ёшли О.С. исмли эркак вафот этган.

Тўртинчи ўлим. Тошкент шаҳри Учтепа туманида яшаган 59 ёшли Г.М. исмли аёл вафот этган.

Бешинчи ўлим. Тошкент шаҳри Чилонзор туманида яшаган 69 ёшли Р.М. исмли аёл вафот этган. ССВ март—июль ойларида Тошкентда 88 киши вафот этгани ҳақида хабар берганди. Август ойининг 21 куни ичида пойтахтда коронавирусдан вафот этганлар сони 87 нафарни ташкил этмоқда.

Олтинчи ўлим. Тошкент вилояти Зангиота туманида яшаган 47 ёшли Р.Ю. исмли эркак вафот этган. Август ойида Тошкент вилоятида коронавирус асоратларидан вафот этганлар 20 нафарга кўпайиб, жами 31 нафарга етди.

Ҳозиргача Соғлиқни сақлаш вазирлиги 260 кишининг коронавирус асоратларидан вафот этганини хабар берди. «Дарё» ҳисоби бўйича коронавирусга чалингач, вафот этганлар сони 269 нафарни ташкил этмоқда. Давлат хизматлари агентлиги 15 июль куни Навоий вилоятидаги 61 ёшли ходими Адҳамжон Деҳқонов, Маданият вазирлиги эса 18 июль куни 32 ёшли ходими Акмал Ирисов коронавирус асоратларидан вафот этгани, Олмалиқ шаҳри ҳокимлиги 9 ва 15 июль кунлари шаҳар шифохоналарида вафот этган икки аёлда коронавирус тасдиқлангани ҳақида хабар берган. Шунингдек, 19 июль куни Чилонзор тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бактериология лабораторияси мудири 62 ёшли Марҳабо Аҳмедова, 22 июлда бош прокурорнинг собиқ ўринбосари, Қорақалпоғистон прокуратурасида бўлим бошлиғи бўлиб ишлаётган 66 ёшли Ҳакимбай Халимов коронавирус асоратларидан вафот этгани хабар қилинган. 31 июль куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди судьяси, 53 ёшли Хайриддин Шермуҳамедов, 1 август куни Тойлоқ тумани прокурори Фарҳод Абдухолиқов, Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси «Буюк келажак» кенгаши эксперти Санжар Жалолов 58 ёшида вафот этгани хабар берилди. Бироқ ушбу тўққиз ҳолат ҳақида ССВ томонидан айни вақтгача ахборот берилмаган.

Таниқли режиссёр Сарвар Каримов ҳам 17 июль куни отаси коронавирус инфекциясидан вафот этгани, аммо унга ташхис қўйилмаганини маълум қилганди. Режиссёрнинг ўзи ва унинг бошқа оила аъзоларида коронавирус тасдиқланган. Шунингдек, 26 июль куни бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов 24 июль куни Самарқанддаги Ипак йўли халқаро туризм университетининг 33 ёшли магистранти Ўткир Темиров касалликдан вафот этганини айтган. Маълум бўлишича, марҳум ўзида COVID-19’нинг барча белгилари бўлса-да, тест ҳам топшира олмаган, касалхонага ҳам ёта олмаган. Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир тумани шифохонасининг 32 ёшли тез тиббий ёрдам ҳамшираси Алия Жиемуратова 28 июль куни коронавирусдан вафот этгани ҳақида «Makan.uz» хабар тарқатди.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 3825 нафар бемордан 277 нафари оғир, 96 нафари эса ўта оғир аҳволда. Аҳволи оғир ва ўта оғир беморларнинг умумий сони 373 нафарни ташкил этмоқда. Даволанаётганларнинг 9,75 фоизининг аҳволи оғир бўлиб турибди.

Касалликдан даволаниш

21 август куни Ўзбекистоннинг 9 та ҳудудида 547 нафар бемор коронавирусдан соғайди. Август ойида 19 марта соғайганлар сони кунлик касалланиш кўрсаткичидан юқори бўлмоқда.

Янги тузалганларнинг

  • 382 нафари Тошкент шаҳрида;
  • 123 нафари Тошкент вилоятида;
  • 12 нафари Бухоро вилоятида;
  • 7 нафари Хоразм вилоятида;
  • 6 нафари Андижон вилоятида;
  • 6 нафари Сурхондарё вилоятида;
  • 5 нафари Қорақалпоғистон Республикасида;
  • 3 нафари Қашқадарё вилоятида;
  • 3 нафари Наманган вилоятида касалликдан фориғ бўлди.

Уларнинг қанчаси уй шароитида, қанчаси стационар шароитда даволанганига ССВ аниқлик киритмаган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси сабаб соғлиқни сақлаш тизимига тушаётган юкламани бир қадар енгиллатиш мақсадида 5 июлдан бошлаб коронавирус инфекцияси аломатсиз кечаётган беморларга уй шароитида даволанишга рухсат берилган, ушбу йўналишда йўриқнома ва эслатмалар ҳам эълон қилинган.

Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинганларга доир ахборотларида янги беморларнинг қанчасида касаллик аломатсиз (симптомсиз) кечаётганига аниқлик киритмаяпти, шу боисдан айни вақтда коронавирусдан даволанаётган беморларнинг қанчаси касалхоналарда қолаётгани, қанчаси уй шароитида даволанаётгани маълум эмас.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 38074 нафар бемордан 33989 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 89 фоизни ташкил этмоқда. Бу натижа рекорд ҳисобланади. Илгари ҳеч қачон коронавирусдан даволаниш кўрсаткичи 88 фоиздан ошмаганди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотлари бўйича айни пайтда 3825 нафар бемор COVID-19’дан даволанмоқда, яъни коронавирус аниқланганларнинг 10 фоизи даволанишни давом эттирмоқда. 29 июль куни беморлар сони 9500 дан ортиқ эди. 30 июлдан бошлаб даволанаётган беморлар сони камая бошлади. Айни пайтда даволанаётган беморлар сони 7 июль кунидаги беморлар сонига (ўша куни 3819 нафар бемор даволанаётганди) яқинлашиб қолди.

Ҳозирда энг кўп бемор Тошкент шаҳрида даволанмоқда — 2933 нафар. Фарғонада 5, Жиззахда 7, Навоийда 10, Хоразмда 17, Қашқадарёда 20, Қорақалпоғистонда 20, Сурхондарёда 22, Сирдарёда 29, Андижонда 36, Бухорода 42, Наманганда 54, Самарқандда 118 ва Тошкент вилоятида 512 нафар бемор қолди.

Тошкент шаҳрида коронавирусдан даволанаётганлар сони 6 июлдан бери биринчи марта 3 мингдан камайди.