Ўзбекистонда 2 август соат 23:30 дан 3 август соат 23:30 га қадар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 748 та ҳолат қайд этилди. Кетма-кет тўртинчи кун кунлик касалланиш ҳолати 700 дан юқори бўлмоқда. 1 августда 774 кишининг касалланиши ҳозирча антирекорд ҳисобланади. Янги ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 26301 нафарга етди.

ССВ ҳисоби бўйича 159, «Дарё» ҳисоби бўйича 167 киши коронавирус асоратларидан вафот этган.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланган 748 кишининг барчаси коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган:

  • Тошкент шаҳрида — 352 нафар;
  • Тошкент вилоятида — 236 нафар;
  • Самарқанд вилоятида — 53 нафар;
  • Фарғона вилоятида — 20 нафар;
  • Наманган вилоятида — 18 нафар;
  • Қашқадарё вилоятида — 16 нафар;
  • Қорақалпоғистон Республикасида — 13 нафар;
  • Сурхондарё вилоятида — 12 нафар;
  • Хоразм вилоятида — 11 нафар;
  • Сирдарё вилоятида — 10 нафар;
  • Андижон вилоятида — 7 нафар.

Кун давомида 11 та ҳудудда коронавирус аниқланди. Бухоро, Жиззах ва Навоий вилоятларидагина янги ҳолатлар қайд этилмади.

Тошкент шаҳрида 352 кишида коронавирус қайд этилди. Пойтахтда 31 июлдан бери кунлик касалланиш ҳолатлари 300 тадан камаймаяпти (31 июлда 302 та ҳолат, 1 августда 484 та ҳолат, 2 августда 325 та ҳолат). Тошкентда коронавирусга чалинганлар сони 15675 нафарга етди. Ҳозирда Ўзбекистон бўйича касалликка чалинганларнинг 59,6 фоизи Тошкент шаҳрига тўғри келмоқда. Бир ҳафта олдин бу кўрсаткич 60,8 фоизга, икки ҳафта олдин 61,3 фоизга тенг эди.

Тошкент вилоятида 236 кишида коронавирус аниқланди. 17 июлдан бошлаб Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент вилоятининг кўрсаткичларини Тошкент шаҳридан алоҳида бера бошлади. Бир кунда 236 кишининг касалланиши вилоят учун антирекорддир. Бунгача 31 июль куни 203 да коронавирус аниқланиши Тошкент вилояти учун энг катта кўрсаткич эди. Вилоятда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 3294 нафарга етди. Улардан 7 фоизида коронавирус 3 августда аниқланди. Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш ҳолатларининг 12,5 фоизи Тошкент вилоятида қайд этилган.

Самарқанд вилоятида 53 кишида касаллик қайд этилди. Бир кун аввал Самарқандда 103 кишида коронавирус аниқланиб, вилоят учун антирекорд ўрнатилганди. Бир кунда 53 кишида касаллик аниқланиши эса Самарқандда энг кўп коронавирус қайд этилган кунлар орасида иккинчи натижадир. Самарқанд ҳозирда коронавирусга чалинганлар сони бўйича Тошкент шаҳри ва вилоятидан сўнг 3-ўринда бормоқда. Ўзбекистон бўйича коронавирус беморларининг 4,1 фоизи Самарқандга тўғри келади.

Фарғона вилоятида 20 кишида коронавирус аниқланди. Август ойининг учала кунида ҳам вилоятда касаллик ҳолатлари аниқланмоқда. Фарғона коронавирус энг кам қайд этилган ҳудудлардан биридир. Вилоятда 29 ва 30 июль кунлари буюм бозорлари фаолият юритганди. Коронавирус бўйича вилоят штаби Фарғонада карантин талабларини янада юмшатишга қарор қилди. 3 августдан бошлаб вилоятда хусусий мактабгача таълим ташкилотлари, буюм ва чорва моллари, қурилиш маҳсулотлари бозори, сартарошхона ва гўзаллик салонлари фаолиятига рухсат берилди.

Наманган вилоятида 18 кишида коронавирус қайд этилди. Вилоятда охирги 8 кун ичида фақат 1 август куни касалланиш ҳолатлари кузатилмади. Ўзбекистон бўйича коронавирус беморларининг 2,9 фоизи (768 та ҳолат) Наманганда қайд этилган.

Қашқадарё вилоятида 16 кишида касаллик аниқланди. Вилоятда 28 июлдан бери ҳар куни янги касалланиш ҳолатлари кузатилмоқда. Қашқадарё вилояти махсус комиссияси қарори билан вилоятда 3 августдан бошлаб бир қатор карантин чекловлари юмшатилиши бошланди. 3 августдан бошлаб Қарши шаҳрига соат 07:00 дан 10:00 гача ва 18:00 дан 21:00 гача кириб-чиқиш мумкин бўлди. Шаҳарда йўналишсиз таксилар сони 250 тадан 500 тага етказилган. 4 августдан бошлаб шаҳардаги сартарошхона ва гўзаллик салонлари фаолиятига ҳам рухсат берилади. Вилоятнинг Китоб туманида 4 августдан буюм бозори, савдо, маиший хизмат, умумий овқатланиш объектлари фаолияти ҳам тикланиши кутилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасида 13 кишида коронавирус қайд этилди. Республикада 28 июлдан бери ҳар куни янги касалланиш ҳолатлари кузатилмоқда, бироқ бу кунларнинг ҳеч бирида бугунгача янги касаллар сони бирон марта ҳам 10 тага етмаганди.

Сурхондарё вилоятида 12 та янги ҳолат қайд этилди. Вилоятдаги жами касалланиш ҳолатлари 551 тага етди. Сурхондарёда коронавирусга чалинганлар орасида вилоят ҳокими Тўра Боболов ҳам бор, у айни вақтда Тошкентда даволанмоқда.

Хоразм вилоятида 11 кишида коронавирус аниқланди. Вилоятда охирги марта 29 июль куни янги касалланиш ҳолатлари қайд этилганди. ССВ статистикаси бўйича Хоразм июль ойида энг кам касаллик аниқланган ҳудуд бўлганди — атиги 56 та. Август ойида касаллик аниқланган 13 ҳудуд орасида Хоразмда энг кам коронавирус беморлари қайд этилди. Ушбу ойда фақат Жиззахда янги ҳолатлар қайд этилмади.

Сирдарё вилоятида 10 кишида коронавирус қайд этилди. 25 июлдан бери вилоятда ҳар куни янги касалланиш ҳолатлари аниқланмоқда. 17 июлдан бошлаб ССВ Сирдарё вилоятининг статистикасини Тошкентдан алоҳида беришни бошлади. Ўша кунгача вилоятда касалланганлар сони 213 нафарни ташкил этган, 18 кун ичида Сирдарё вилоятида коронавирусга чалинганлар сони 412 нафарга кўпайиб, ҳозирда 625 нафарга етган.

Андижон вилоятида 9 кишида коронавирус аниқланди. Вилоятда сўнгги 18 кун ичида фақат 25 июль куни янги ҳолатлар аниқланмади. Ушбу кунлар ичида энг кам касалланиш ҳолати 9 тага тенгдир, 28 июль куни ҳам 9 кишида коронавирус аниқланган. Ўзбекистон бўйича коронавирус беморларининг 4 фоизи Андижон вилоятига тўғри келади.

Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар

ССВ 3 август куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида 2 нафардан, Навоий ва Қашқадарё вилоятларида 1 нафардан, жами 6 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этгани ҳақида хабар берди. ССВ ушбу олти нафар беморнинг қайси куни вафот этганига аниқлик киритмаган

Биринчи ўлим. Тошкент вилояти Бекобод шаҳрида яшаган 60 ёшли Г.С. исмли аёлда COVID-19 инфекцияси тасдиқлангач, Бекобод шаҳар юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги асоратлари билан кечган. Шунингдек, бемор юрак ишемик касаллиги, стенокардия, гипертония, гепатоз, сурункали панкреатит каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган.

Бемор ўткир юрак қон-томир, нафас ва полиорган етишмовчилигидан вафот этган.

Иккинчи ўлим. Тошкент вилояти Тошкент туманида яшаган 67 ёшли Э.А. исмли эркакда COVID-19 инфекцияси тасдиқлангандан сўнг бир неча кун давомида тана ҳарорати кўтарилганлиги, нафас етишмовчилиги кучайганлиги сабабли Тошкент тиббиёт академияси клиникасига ётқизилган.

Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир юрак қон-томир, нафас ва полиорган етишмовчилиги асоратлари билан кечган. Шунингдек, бемор юрак ишемик касаллиги, стенокардия, гипертония, қандли диабет каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган.

Бемор ўткир юрак қон-томир, нафас ва полиорган етишмовчилигидан вафот этган.

Учинчи ўлим. Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида яшаган 69 ёшли Н.Е. исмли аёлда 25 июль куни COVID-19 инфекцияси тасдиқланган ва нафас етишмовчилиги белгилари кучайганлиги сабабли Тошкент тиббиёт академияси клиникасига ётқизилган.

Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги асоратлари билан кечган. Шунингдек, бемор юрак ишемик касаллиги, гипертония каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган.

Бемор ўткир нафас, юрак қон-томир ва полиорган етишмовчилигидан вафот этган.

Тўртинчи ўлим. Тошкент шаҳри Олмазор туманида яшаган 49 ёшли Д.С. исмли аёлда 25 июль куни COVID-19 инфекцияси тасдиқланган ва бир неча кун давомида тана ҳарорати кўтарилганлиги, нафас етишмовчилиги кучайганлиги сабабли Вирусология илмий-текшириш институти клиникасига ётқизилган.

Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир нафас етишмовчилиги, ўткир респиратор дистресс синдроми, полиорган етишмовчилиги асоратлари билан кечган. Шунингдек, бемор юрак ишемик касаллиги, гипертония ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган.

Бемор ўткир нафас, юрак қон-томир ва полиорган етишмовчилигидан вафот этган.

Бешинчи ўлим. Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида яшаган 44 ёшли Ш.Т. исмли эркакда COVID-19 тасдиқлангач, шаҳар шифохонасига ётқизилган.

Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Касаллик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, ўпка артерияси тромбоэмболияси асоратлари билан кечган. Шунингдек, беморда юрак ишемик касаллиги, стабил зўриқиш стенокардияси, гипертония, эпилепсия каби ҳамроҳ касалликлар ҳам бўлган.

Бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, ўпка артерияси тромбоэмболиясидан вафот этган.

Олтинчи ўлим. Қашқадарё вилояти Қарши туманида яшаган 70 ёшли Т.Р. исмли эркакда COVID-19 тасдиқлангач, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Беморга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги, ўткир респиратор дистресс синдроми асоратлари билан кечган.

Бундан ташқари, бемор юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси, гипертония каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган.

Бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, ўткир респиратор дистресс синдромидан вафот этган.

Беморларнинг қайси куни вафот этгани ҳақида ахборот бермасликдан ташқари ССВ Тошкент, Навоий ва Қашқадарё вилоятларида коронавирусга чалиниб, вафот этган беморларда қачон касаллик қайд этилгани ҳақидаги маълумотларни ҳам тақдим этмаган. Аввалроқ вафоти эълон қилинган баъзи беморларда коронавирус тасдиқланган кун ССВнинг аввалги маълумотларидан фарқ қилиши ойдинлашганди. Жумладан, 22 июль куни вазирлик Қорақалпоғистон ва Сурхондарёда бир нафардан бемор вафот этгани ҳақида хабар берганди. Хабарда Нукус шаҳрида яшовчи 42 ёшли Б.Д. исмли эркакда 3 июль куни коронавирус инфекцияси тасдиқлангани айтилган, бироқ ССВнинг аввалги маълумотлари бўйича 26 июль оралиғида Қорақалпоғистонда касалланиш билан боғлиқ янги ҳолатлар қайд этилмаган. Шунингдек, Термиз шаҳрида яшаган 40 ёшли Т.Х. исмли эркакда 12 июль куни COVID-19 тасдиқлангани айтилган, бироқ ССВ аввалроқ 1112 ва 13 июль кунлари Сурхондарё вилоятида коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ ҳолатлар ҳақида хабар бермаганди.

Бундан ташқари Соғлиқни сақлаш вазирлиги 31 июль куни вафот этган Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязовда коронавирус 24 июнда тасдиқланганини маълум қилганди. Бироқ ССВ тақдим этган статистикалар бўйича 24, 25 ва 26 июнь кунлари Қорақалпоғистонда коронавирус беморлари рўйхатга олинмаган. Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камоловда (у ҳозирда Тошкентда даволанмоқда) 25 июль куни инфекция тасдиқланганини маълум қилди. Бироқ ССВ 24, 25 ва 26 июль кунлари Бухорода коронавирусга чалиниш ҳолатлари ҳақида хабар бермаганди.

Ҳозиргача Соғлиқни сақлаш вазирлиги 159 кишининг коронавирус асоратларидан вафот этганини хабар берди. «Дарё» ҳисоби бўйича коронавирусга чалингач, вафот этганлар сони 167 нафарни ташкил этмоқда. Давлат хизматлари агентлиги 15 июль куни Навоий вилоятидаги 61 ёшли ходими Адҳамжон Деҳқонов, Маданият вазирлиги эса 18 июль куни 32 ёшли ходими Акмал Ирисов коронавирус асоратларидан вафот этгани, Олмалиқ шаҳри ҳокимлиги 9 ва 15 июль кунлари шаҳар шифохоналарида вафот этган икки аёлда коронавирус тасдиқлангани ҳақида хабар берган. Шунингдек, 19 июль куни Чилонзор тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бактериология лабораторияси мудири 62 ёшли Марҳабо Аҳмедова, 22 июлда Бош прокурорнинг собиқ ўринбосари, Қорақалпоғистон прокуратурасида бўлим бошлиғи бўлиб ишлаётган 66 ёшли Ҳакимбай Халимов коронавирус асоратларидан вафот этгани хабар қилинган. 31 июль куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди судьяси, 53 ёшли Хайриддин Шермуҳамедов, 1 август куни Тойлоқ тумани прокурори Фарҳод Абдухолиқов вафот этгани хабар берилди. Бироқ ушбу саккиз ҳолат ҳақида ССВ томонидан айни вақтгача ахборот берилмаган.

Таниқли режиссёр Сарвар Каримов ҳам 17 июль куни отаси коронавирус инфекциясидан вафот этгани, аммо унга ташхис қўйилмаганини маълум қилганди. Режиссёрнинг ўзи ва унинг бошқа оила аъзоларида коронавирус тасдиқланган. Шунингдек, 26 июль куни бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов 24 июль куни Самарқанддаги Ипак йўли халқаро туризм университетининг 33 ёшли магистранти Ўткир Темиров касалликдан вафот этганини айтган. Маълум бўлишича, марҳум ўзида COVID-19’нинг барча белгилари бўлса-да, тест ҳам топшира олмаган, касалхонага ҳам ёта олмаган. Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир тумани шифохонасининг 32 ёшли тез тиббий ёрдам ҳамшираси Алия Жиемуратова 28 июль куни коронавирусдан вафот этгани ҳақида «Makan.uz» хабар тарқатди.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 8 880 нафар бемордан 927 нафари оғир, 224 нафари эса ўта оғир аҳволда. Аҳволи оғир ва ўта оғир беморларнинг умумий сони 29 июлда 500 нафардан, 30 июлда эса 600 нафардан, 31 июлда 700 нафардан ошганди, ҳозирда уларнинг умумий сони 1151 нафарни ташкил этмоқда. Бир сутка аввал даволанаётган беморларнинг 564 нафари оғир, 215 нафари эса ўта оғир аҳволда эди. Автомобильлар ҳаракати чекланган ва аҳолига ўзини ўзи яккалаш ҳаёт тарзига қатъий риоя этган ҳолда ўз уйларида қолиш тавсия қилинган кунларда (31 июлдан 2 августгача) аҳволи оғир ва ўта оғир беморларнинг умумий сони 777—791 нафар оралиғида эди, энди эса бундай беморлар сони деярли 50 фоизга кўпайиб кетди.

Касалликдан даволаниш

Ўтган ҳафта (27 июлдан 2 августгача) давомида ҳар куни коронавирусдан тузалиш бўйича рекордлар янгиланаётган эди. Жорий ҳафта бошида эса коронавирусдан тузалганлар бироз камайди. Шундай бўлса-да, кун давомида қайд этилган касалланиш ҳолатларидан кўпроқ одам соғайди. 3 август куни жами 755 нафар бемор коронавирусдан тузалди. Уларнинг

  • 531 нафари Тошкент шаҳрида;
  • 114 нафари Тошкент вилоятида;
  • 26 нафари Самарқанд вилоятида;
  • 22 нафари Андижон вилоятида;
  • 20 нафари Сурхондарё вилоятида;
  • 19 нафари Наманган вилоятида;
  • 14 нафари Навоий вилоятида;
  • 9 нафари Фарғона вилоятида касалликдан фориғ бўлди.

Уларнинг қанчаси уй шароитида, қанчаси стационар шароитда даволанганига аниқлик киритилмаган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси сабаб соғлиқни сақлаш тизимига тушаётган юкламани бир қадар енгиллатиш мақсадида 5 июлдан бошлаб коронавирус инфекцияси аломатсиз кечаётган беморларга уй шароитида даволанишга рухсат берилган, ушбу йўналишда йўриқнома ва эслатмалар ҳам эълон қилинган.

Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинганларга доир ахборотларида янги беморларнинг қанчасида касаллик аломатсиз (симптомсиз) кечаётганига аниқлик киритмаяпти, шу боисдан айни вақтда коронавирусдан даволанаётган беморларнинг қанчаси касалхоналарда қолаётгани, қанчаси уй шароитида даволанаётгани маълум эмас.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 26 301 нафар бемордан 17 262 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 65 фоизни ташкил этмоқда. Охирги марта 5 июль куни даволаниш кўрсаткичи 64 фоиз бўлганди. 23 июлда эса бу борадаги кўрсаткич 53 фоизга тушиб кетганди.

Ҳозирда энг кўп бемор Тошкент шаҳрида даволанмоқда — 6555 нафар. Жиззахда 13, Фарғонада 24, Навоийда 37, Хоразмда 48, Андижонда 90, Сирдарёда 97, Сурхондарёда 131, Қашқадарёда 132, Қорақалпоғистонда 143, Бухорода 143, Наманганда 145, Самарқандда 163  ва Тошкент вилоятида 1159 нафар бемор қолди.