«Дарё»ни Telegram’да ўқинг! Join!
00:27, 27.07.2020 119386

Ўзбекистонда 26 июль куни 579 кишида коронавирус аниқланди. Кетма-кет учинчи кун ҳомиладор аёллар вафот этмоқда

Ўзбекистонда 25 июль соат 23:30 дан 26 июль соат 23:30 га қадар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 579 та ҳолат қайд этилди. Янги ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 20531 нафарга етди. Ҳозирда Ўзбекистон аниқланган касаллар сони бўйича Австриядан ўтиб кетди ва жаҳонда 61-ўринга чиқиб олди.

ССВ ҳисоби бўйича 116, «Дарё» ҳисоби бўйича 122 киши коронавирус асоратларидан вафот этган.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланган 579 кишининг барчаси коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган:

  • Тошкент шаҳрида — 299 нафар;
  • Тошкент вилоятида — 150 нафар;
  • Фарғона вилоятида — 31 нафар;
  • Сирдарё вилоятида — 29 нафар;
  • Самарқанд вилоятида — 26 нафар.
  • Сурхондарё вилоятида — 25 нафар;
  • Андижон вилоятида — 16 нафар;
  • Навоий вилоятида — 3 нафар.

Кун давомида 8 та ҳудудда коронавирус юқтириб олиш ҳолати қайд этилди. Кетма-кет иккинчи кун хориждан келгача карантинга олинганлар орасида касаллик аниқланмай, фақат аҳоли орасида қайд этилмоқда. 18 июль куни ҳам 579 кишида коронавирус аниқланганди, аммо ўшанда 138 та ҳолат хориждан келиб карантинга олинганлар орасида қайд этилганди.

Тошкент шаҳрида 299 кишида коронавирус аниқланди. Пойтахтда бир ҳафта (20—26 июль кунлари) ичида 2032 кишида коронавирус қайд этилди. Таққослаш учун, аҳолиси сони деярли Тошкент билан тенг Литвада (2,7 млн кишидан ортиқ) 28 февралдан 27 июлгача 2008 кишида коронавирус аниқланган. Қизиқ томони, Литвада коронавирусга чалинганлар орасида камида 19 нафар ўзбекистонлик ҳам бор. Улардан бири кўрсатилаётган тиббий ёрдамдан шикоят қилиб, аҳвол шундай давом этаверса, кўчага чиқиб бошқаларга ҳам касалликни юқтириш билан таҳдид қилганди.

Тошкент вилоятида 150 кишида коронавирус қайд этилди17 июлдан бошлаб Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент вилоятининг кўрсаткичларини Тошкент шаҳридан алоҳида бера бошлади. Ўшандан буён биринчи марта вилоятда 100 дан ортиқ янги ҳолат қайд этилди. Тошкент вилоятида касалликка чалинганлар сони 1938 нафарга етди.

Фарғона вилоятида 31 кишида коронавирус аниқланди. Вилоятга 6 июлда коронавирус қайтганидан сўнг бирон марта кунлик янги касалланиш ҳолатлари 15 тага ҳам етмаётганди. 26 июль Фарғонада энг кўп коронавирус аниқланган кун бўлиши ҳам мумкин. ССВ 4—6 апрель оралиғида вилоятда 37 кишининг касалланганлиги ҳақида маълумот берган, аммо қайси кунлари нечтадан касаллик қайд этилганига аниқлик киритмаган. Фарғонада коронавирусга чалинганлар сони 229 нафарга етди, вилоят касалликка чалинганлар сони 200 дан ошган 13-ҳудуд бўлди. Энг кам касаллик қайд этилган ҳудуд Жиззах бўлиб турибди — вилоятда 137 та касалланиш ҳолати қайд этилган.

Сирдарё вилоятида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида 29 кишида касаллик қайд этилди17 июлдан бери ССВ Сирдарё вилоятининг статистикасини Тошкентдан алоҳида беришни бошлади. Ўша кунгача вилоятда касалланганлар сони 213 нафарни ташкил этган, 10 кун ичида Сирдарё вилоятида коронавирусга чалинганлар сони 275 нафарга кўпайиб, ҳозирда 488 нафарга етган.

Самарқанд вилоятида 26 кишида коронавирус аниқланди. Вилоятда июль ойида 418 кишида касалланиш ҳолати қайд этилди. Солиштириш учун, Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Жиззах, Фарғона ва Хоразм вилоятларининг ҳеч бирида қайд этилган коронавирусга чалиниш ҳолатлари 400 тага ҳам етмаган.

Сурхондарё вилоятида 25 кишида коронавирус қайд этилди30 июнь ҳолатига кўра, Сурхондарёда 101 кишида коронавирус аниқланганди. Ой бошидан бери вилоятда касалланганлар сони 4,5 бараварга ошди ва 452 кишига етди. Касалланганлар орасида вилоят ҳокими Тўра Боболов ҳам бор.Куни кеча Сурхондарё вилояти ҳокимининг вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Бу ҳақдаги хабарлар тезда рад этилди, Боболовнинг ўзи шифохонадан видеомурожаат қилди ва аҳволи яхши эканлигини билдирди. Унинг ўлими ҳақида хабар тарқатганлар жазога тортилди.

Андижон вилоятида 17 июлдан 24 июлгача ҳар куни касалланиш ҳолатлари кузатилди. 25 июлда эса биронтаям ҳолат аниқланмаганди. 26 июлга келиб коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида 16 кишида вирус аниқланди. Андижондаги 920 та касалланиш ҳолатининг 711 таси июль ойига тўғри келди.

Навоий вилоятида 3 кишида коронавирус қайд этилди. Навоийда июль ойида 111 кишида коронавирус аниқланди. Бу вилоятдаги жами касалланиш ҳолатларининг 28 фоизига тенг.

ССВ 26 июль куни Тошкент шаҳрида 2 нафар, Жиззах, Бухоро, Тошкент вилоятларида 1 нафардан, жами 5 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этгани ҳақида хабар берди.

Биринчи ўлим. Бухоро шаҳрида яшаган 57 ёшли З.Э. исмли эркакда 3 июль куни коронавирус инфекцияси тасдиқланган (шу куни, ССВ маълумотларига кўра, Бухоро вилоятида тўққиз кишида COVID-19 аниқланган) ва у Бухоро вилояти юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Қайд этишларича, беморга COVID-19 инфекцияси ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган, касаллик ўткир нафас етишмовчилиги, ўпка артериялари тромбоэмболияси асорати билан кечган. Шунингдек, у паркинсонизм касаллиги билан ҳам оғриган.

«Бироқ реанимацион муолажаларга қарамай, беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир респиратор дистресс синдроми ва ўткир нафас етишмовчилигидан вафот этган», — дейилади ССВ ахборотида, бироқ бемор айнан қайси санада вафот этганига аниқлик киритилмаган.

Иккинчи ўлим. Тошкент вилояти Бекобод шаҳрида яшаган 50 ёшли З.Р. исмли эркакда 8 июль кунидан бошлаб тана ҳарорати кўтарилиб, нафас етишмовчилиги, йўтал билан уйида амбулатор шароитида даволаниб юрган. 16 июль куни эса оғир аҳволда шифохонага ётқизилган.

COVID-19 инфекцияси тасдиқлангач, реанимация бўлимига ўтказилган. Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир нафас етишмовчилиги асорати билан кечган.

«Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамай, беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир нафас етишмовчилигидан вафот этган», — дейилади ССВ ахборотида. Бемор айнан қайси санада вафот этганига аниқлик киритилмаган.

Учинчи ўлим. Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида яшаган 67 ёшли Т.З. исмли эркакда 4 июль кунидан ҳолсизлик, тана ҳароратининг кўтарилиши, юрак тез уриши ҳамда кўкрак соҳасида оғриқ кузатилган. Шунга қарамай, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг алоҳида қайд этишича, у уй шароитида даволанган.

11 июль куни ҳансираш, нафас сиқиши, оёқ-қўл совуши пайдо бўлгандан сўнг Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасига олиб келиниб, реанимация бўлимига ётқизилган.

Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир респиратор дистресс синдром, ўткир нафас ва юрак-қон томир етишмовчилиги, полиорган етишмовчилиги асоратлари билан кечган.

«Реанимацион муолажаларга қарамай, беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир респиратор дистресс синдром, ўткир нафас етишмовчилигидан вафот этган», — дея хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги. Бемор айнан қачон вафот этгани расмий ахборотда маълум қилинмаган.

Тўртинчи ўлим. Жиззах вилояти Бахмал туманида яшаган 64 ёшли Б.Ш. исмли эркакда COVID-19 тасдиқлангач, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. Шифохонада унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Касаллик ўткир нафас етишмовчилиги, полиорган етишмовчилик асорати билан кечган.

Шунингдек беморда юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси, гипертония, қандли диабет, семизликнинг 3-даражаси каби ҳамроҳ касалликлар ҳам бўлган.

Беморнинг аҳволи кескин оғирлашган ва юрак-қон томир етишмовчилиги, сатурация кўрсаткичи пасайиб бориши, нафас олишининг қийинлашуви бўйича мутахассислар томонидан ўтказилган реанимацион чораларга қарамай ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган. ССВ беморда қайси куни коронавирус тасдиқланганига ҳам, қайси куни вафот этганига ҳам аниқлик киритмаган.

Бешинчи ўлим. Тошкент шаҳар Сергели туманида яшаган 32 ёшли Д.I. исмли аёлда 2 июлдан ҳолсизлик, иситма 38 даражагача кўтарилиши, йўтал бошланган ва 6 июль куни у «Бебимед» хусусий клиникасига мурожаат қилган. 9 июлга қадар уй шароитида даволанган.

9 июлдан бошлаб шаҳар 7-сон туғруқ комплексида «29 ҳафталик 5-ҳомиладорлик, 4-туғруқ, икки томонлама пневмония, семизликнинг 2-даражаси, камқонлик» ташхиси билан стационар шароитида даволанган.

Унда COVID-19 тасдиқлангандан сўнг эса 17 июль куни шаҳар 3-сон туғруқ комплексига ўта оғир аҳволда ўтказилган. У ерда унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Касаллик ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги асорати билан кечган.

Беморда 30 ҳафталик ҳомиладорлик, шунингдек, асоратланган акушерлик анамнези, ҳомиланинг антенатал ўлими, қандли диабет ва семизликнинг 2-даражаси бўлган.

Беморнинг асосий касаллик асоратлари ҳисобига аҳволи кескин оғирлашиб, мутахассислар томонидан стандарт асосида ўтказилган реанимацион чораларларга қарамай у ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, ўпка шиши, полиорган етишмовчиликдан вафот этган. Аёл қайси куни вафот этганига ССВ аниқлик киритмаган.

Кетма-кет учинчи кун ҳомиладор аёлларнинг коронавирус асоратларидан вафот этаётгани ҳақида хабар берилмоқда. 24 июль куни қашқадарёлик 35 ёшли аёл, 25 июль куни тошкентлик 34 ёшли аёлнинг ҳомиладорлик вақтида коронавирус тасдиқлангач ҳаётдан кўз юмгани ҳақида хабар берилди.

Ҳозиргача Соғлиқни сақлаш вазирлиги 116 кишининг коронавирус асоратларидан вафот этганини хабар берди. «Дарё» ҳисоби бўйича коронавирус чалингач вафот этганлар сони 122 нафарни ташкил этмоқда. Давлат хизматлари агентлиги 15 июль куни Навоий вилоятидаги 61 ёшли ходими Адҳамжон Деҳқонов, Маданият вазирлиги эса 18 июль куни 32 ёшли ходими Акмал Ирисов коронавирус асоратларидан вафот этгани, Олмалиқ шаҳри ҳокимлиги 9 ва 15 июль кунлари шаҳар шифохоналарида вафот этган икки аёлда коронавирус тасдиқлангани ҳақида хабар берган. Шунингдек, 22 июлда Бош прокурорнинг собиқ ўринбосари, Қорақалпоғистон прокуратурасида бўлим бошлиғи бўлиб ишлаётган 66 ёшли Ҳакимбай Халимов, Чилонзор тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бактериология лабораторияси мудири 62 ёшли Марҳабо Аҳмедова коронавирус асоратларидан вафот этгани хабар қилинган. Бироқ ушбу олти ҳолар ҳақида ССВ томонидан айни вақтгача ахборот берилмаган.

Таниқли режиссёр Сарвар Каримов ҳам 17 июль куни отаси коронавирус инфекциясидан вафот этгани, аммо унга ташхис қўйилмаганини маълум қилганди. Режиссёрнинг ўзи ва унинг бошқа оила аъзоларида коронавирус тасдиқланган. Шунингдек, 26 июль куни бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов 24 июль куни Самарқанддаги Ипак йўли халқаро туризм университетининг 33 ёшли магистранти Ўткир Темиров касалликдан вафот этганини айтган. Маълум бўлишича, марҳум ўзида COVID-19’нинг барча белгилари бўлса-да, тест ҳам топшира олмаган, касалхонага ҳам ёта олмаган.

Айни пайтда коронавирус инфекциясидан даволанаётган 9 310 нафар бемордан 152 нафари оғир, 66 нафари эса ўта оғир аҳволда. Аҳволи оғир ва ўта оғир беморларнинг умумий сони 16 июль куни биринчи марта 60 нафардан, 17 июль куни 80 нафардан, 18 июль куни 90 нафардан, 19 июль куни 100 нафардан 21 июль куни 130 нафардан, 23 июль куни 140 нафардан, 24 июль куни 170 нафардан, 25 июль куни 190 нафардан ошганди, энди эса уларнинг умумий сони 218 нафарга етди.

Касалликдан даволаниш

26 июль куни 274 нафар бемор коронавирусдан соғайди. Улардан

  • 67 нафари Тошкент вилоятида;
  • 64 нафари Самарқанд вилоятида;
  • 44 нафари Тошкент шаҳрида;
  • 44 нафари Сурхондарё вилоятида;
  • 38 нафари Андижон вилоятида;
  • 11 нафари Фарғона вилоятида;
  • 6 нафари Сирдарё вилоятида тузалди.

Ушбу беморларнинг қанчаси уй шароитида, қанчаси стационар шароитда даволанганига аниқлик киритилмаган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси сабаб соғлиқни сақлаш тизимига тушаётган юкламани бир қадар енгиллатиш мақсадида 5 июлдан бошлаб коронавирус инфекцияси аломатсиз кечаётган беморларга уй шароитида даволанишга рухсат берилган, ушбу йўналишда йўриқнома ва эслатмалар ҳам эълон қилинган.

Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинганларга доир ахборотларида янги беморларнинг қанчасида касаллик аломатсиз (симптомсиз) кечаётганига аниқлик киритмаяпти, шу боисдан айни вақтда коронавирусдан даволанаётган беморларнинг қанчаси касалхоналарда қолаётгани, қанчаси уй шароитида даволанаётгани маълум эмас. Республика махсус комиссияси марказий штабининг 22 июль куни берган маълумотлари аллақачон эскирди.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 20 531 нафар бемордан 11 105 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 54 фоизни ташкил этмоқда. Икки кундан буён бу борадаги кўрсаткич ўзгармади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотлари бўйича айни пайтда 9310 нафар бемордан 6892 нафари Тошкент шаҳрида даволанмоқда. Навоийда 24, Жиззахда 27, Фарғонада 37, Хоразмда 42, Самарқандда 97, Қорақалпоғистонда 121, Сирдарёда 129, Бухорода 138, Наманганда 162, Сурхондарёда 217, Андижонда 233, Қашқадарёда 262 ва Тошкент вилоятида 929 нафар бемор қолди.

Карантиндагилар

Ҳозирда Ўзбекистонда уй карантинида 67 729 нафар, стационар карантинда эса 26 317 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди. Бир кун ичида уй карантинидаги фуқаролар сони 553 нафарга, стационар карантиндаги фуқаролар сони 219 нафарга кўпайди.

Карантиннинг узайтирилиши

Ўзбекистонда жорий этилган карантин чекловлари 2020 йилнинг 15 августига қадар узайтирилди. Бу ҳақда коронавирус тарқалишига қарши кураш бўйича Республика махсус комиссиясининг 26 июль куни эълон қилинган ахборотида маълум қилинган.

Карантин чекловлари амал қиладиган даврда қуйидагиларга қатъий этибор қаратиш белгиланди:

Давлат органлари ва ташкилотларига:

  • ходимларини хатловдан ўтказган ҳолда, иш жойига фақатгина зарур бўлган мутахассисларни бевосита жалб этишга рухсат берилганини инобатга олиб, қолган ходимларни қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнат таътилига чиқаришни ёхуд масофадан туриб (онлайн) ишлашини ташкил этишга тўлиқ риоя этилишини таъминлаш;
  • ходимларини вақтинчалик хизмат сафарига юборишни тўхтатиш;
  • йиғилишларни фақатгина онлайн тарзида ташкил этиш;
  • ходимлар орасида коронавирус билан касалланганлар мавжуд бўлган тақдирда улардан хабар олиш, даволаниш мақсадида зарур дори воситалари ва буюмларни харид қилиш учун ходимнинг шароитини инобатга олган ҳолда моддий ёрдам ажратиш.

Фуқароларга:

  • тўй, оилавий маросимлар ва бошқа тадбирларни ўтказмаслик;
  • жамоат жойларида, кўча, майдон ва маҳаллаларда уч кишидан ортиқ тўпланмаслик, қатъий ижтимоий масофани сақлаш (2 метр), тиббий ниқоблар ва шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш;
  • ёши катта ва муайян турдаги касаллиги (қандли диабет, метоболик синдромлари, аутоимун касалликлари, қон, юрак, томир касалликлари, онкологик касалликлар ва бошқалар) мавжуд фуқароларга коронавирус касаллиги кучли таъсир кўрсатишини инобатга олиб, 65 ёшдан ошган фуқароларни ўзини ўзи яккалаш ҳаёт тарзига қатъий риоя этиш ҳамда сабабсиз уйдан ташқарига чиқмаслик

тавсия этилди.

Шунингдек, 31 июль (Қурбон ҳайити куни), 1—2 август ҳамда 8—9 август (шанба ва якшанба) кунлари бутун сутка давомида республика миқёсида ҳаракатланиш, автотранспорт воситаларининг, йўналишсиз таксиларнинг ҳаракати тўлиқ тўхтатилади. Шу кунлари аҳолига — ўзини ўзи яккалаш ҳаёт тарзига қатъий риоя этган ҳолда ўз уйларида қолиш тавсия этилган.

Изоҳ қолдиришдан аввал, қоидалар билан танишиб олинг: http://dy.uz/sBU7c

Бошқа янгиликлар