Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Тошкентда «Регапен», «Лирика», «Трамадол», Тропикамид» каби препаратларини ноқонуний равишда пуллаётган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда «Дарё»га Бош прокуратура ахборот хизмати маълум қилган.

Хабарда қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Чилонзор туман бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда «А.В.Ф» МЧЖга қарашли дорихонада ўтказилган тезкор тадбирда жамият раҳбари А.И. ва дорихонанинг норасмий сотувчиси И.К. 4 дона «Регапен 150 мг» дори воситасининг донасини 15 минг сўмдан ҳисоблаб, жами 60 минг сўмга фуқаро М.Ш.га сотган вақтда ушланган. 780 минг сўмлик хорижда ишлаб чиқарилган дори воситалари ва ушбу дорилар савдосидан тушган 7,7 миллион сўм ашёвий далил сифатида олиб қўйилган. Ҳолат юзасидан жамият раҳбари А.И. ва норасмий сотувчи И.К.га нисбатан Жиноят кодексининг 251(1)-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Шунингдек, Чилонзор туман бўлими томонидан Тошкент шаҳар ИИББ билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда «К.Ф.» МЧЖга қарашли дорихона раҳбари А.А. хорижда ишлаб чиқарилган 14 дона «Регапен 300 мг» дори воситасининг донасини 40 минг сўмдан ҳисоблаб жами 560 минг сўмга фуқаро Б.Н.га сотган вақтида ушланган. Ноқонуний муомалага киритилган 14 дона «Регапен 300 мг» дори воситаси ва дорихонада ноқонуний равишда муомалага киритиш мақсадида сақланаётган 905 дона «Регапен 300 мг» дори воситаси жами 46 миллион сўмлик хорижда ишлаб чиқарилган дори воситалари ҳамда ушбу дори воситалари савдосидан тушган 10,8 миллион сўм ашёвий далил сифатида олинган.

А.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 251(1)-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Департаментнинг Фарғона вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда эса фуқаро Б.Х. 250 дона «Трамадол 50 мг» дори воситасини фуқаро А.Х.га 2,5 миллион сўмга сотишга келишиб, шундан 100 донасини берган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Мазкур ҳолат юзасидан Б.Х.га нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Андижон тумани Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Андижон туман бўлими томонидан ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Н.У. 15 дона «Тропикамид» ва 42 дона «Лирика» дори воситаларини жами 2,5 миллион сўмга фуқаро Ш.Қ.га сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Ҳолат юзасидан фуқаро Н.У.га нисбатан Жиноят кодексининг 251(1)-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда, дейилади хабарда.

2020 йил 24 апрелда Тошкент шаҳрида ўтказилган тадбирлар натижасида жами 2897 дона «Регапен», 3425 дона «Селофен» ва 8112 дона «Тропикамид» дори воситалари мусодара қилингани, 10 июнда Тошкентдан Қўқонга кетаётган Lacetti салонидан 11 минг дона «Трамадол» чиққани, 15 июлда Самарқанд вилоят ИИБ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси Жиноят қидирув бўлими ташаббуси билан психотроп дори воситаларининг ноқонуний савдосига чек қўйилгани ва «Лирика» психотроп дорисини сотган шахслар ушлангани ҳақида хабарлар берилган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар