Ўзбекистонда 24 июнь соат 23:30 дан 25 июнь соат 23:30 га қадар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 276 та ҳолат қайд этилди. Бу янги рекорд. Кетма-кет иккинчи кун касаллар бўйича рекорд янгиланмоқда. 24 июнь куни 239 кишида касаллик аниқланганди. Янги қайд этилган ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 7177 нафарга етди.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Июнь ойида бир кунда касалланганлар сони 6 марта 200 нафардан ошган бўлиб, уларнинг тенг ярми сўнгги уч кунликда қайд этилди — 23 июнда 201 киши, 24 июнда 239 киши, 25 июнда 276 киши.

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланганларнинг

  • 243 нафари карантин муассасаларида;
  • 24 нафари аҳоли орасида (Тошкент шаҳрида — 17 нафар, Тошкент вилоятида — 4 нафар, Жиззах вилояти — 2 нафар, Андижон вилоятида — 1 нафар);
  • 9 нафари эса халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари орасида (уларнинг барчаси Тошкент вилоятида) аниқланган.

Кун давомида 6 та ҳудудда янги касалланганлар қайд этилди. Ушбу ҳудудларнинг 4 тасида аҳоли орасида коронавирус аниқланди.

Куннинг эътиборга молик жиҳатларидан бири Жиззах вилоятига коронавирус қайтди. 27 апрель куни вилоятдаги охирги беморлар шифохоналардан соғайиб чиққан ва вилоят коронавирусдан холи ҳудудга айланганди. Икки ойга яқин вақт давомида Жиззахда биронта ҳам касаллик ҳолати қайд этилмаганди. 25 июнь куни эса аҳоли орасида 2 кишида коронавирус аниқланди. Июнь ойи давомида Қашқадарё, Хоразм ва Сурхондарё вилоятлари ҳам коронавирусдан холи ҳудуд мақомини йўқотганди.

Тошкент шаҳрида кетма-кет иккинчи кун касалликка чалинганлар сони 69 кишини ташкил этмоқда. 25 июнь куни коронавирус аниқланганлардан 52 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида, 17 нафари аҳоли орасида аниқланган. Тошкент кун давомида аҳоли орасида энг кўп коронавирусга чалинганлар аниқланиши бўйича охирги 10 кунда 8 марта етакчи бўлди. Июнь ойида пойтахтда фақат 3 июнь куни аҳоли орасида касаллик аниқланмаган.

Тошкент вилоятида қайд этилган ҳолатларнинг 10 таси коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида, 9 таси халқаро юк ташувчи машина ҳайдовчилари орасида ва 4 таси аҳоли орасида аниқланди. Вилоятда 9 кундан бери аҳоли орасида, 12 кундан бери халқаро юк ташувчи машиналар ҳайдовчилари орасида узлуксиз равишда касаллик аниқланмоқда.

Андижон вилоятида аниқланган ягона ҳолат аҳоли орасида қайд этилди. 20 июнь ҳолатига кўра, «яшил» ҳудуд деб белгиланган Андижон вилоятида 21 июнь ва 23 июнь куни ҳам аҳоли орасида касаллик аниқланганди.

 Наманган вилоятида аниқланган биргина ҳолат коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида қайд этилган.

Сурхондарё вилоятида ҳам карантиндагилар орасида битта ҳолат қайд этилди. 14 июнда вилоятга коронавирус қайтганди. Шундан буён янги касалланганлар аниқланган кунларда аҳоли орасида ҳам касалланиш ҳолатлари қайд этилаётганди. 14 июнь куни 9 та ҳолатнинг бари, 17 июнь куни 6 та ҳолатдан 2 таси ва 20 июнь куни 4 тадан 1 таси, 23 июнь куни 11 тадан 2 таси аҳоли орасида аниқланганди.

Касалликдан даволаниш

25 июнь давомида 192 нафар фуқаро соғайди. Улардан 170 нафари Тошкент шаҳри, 17 нафари Қашқадарё ва 5 нафари Наманган вилоятларидаги тиббиёт муассасаларида шифо топди. Бир кун ичида беморлар соғайиши бўйича бу мутлақ рекорд ҳисобланади. Бунгача 5 июнь куни 160 кишининг соғайиши рекорд эди.

5 июнда коронавирус қайтган Қашқадарё вилоятида охирги марта коронавирусга чалинган бемор 1 майда соғайиб чиққанди. 25 июнь куни COVID-19’дан тузалганларнинг 6 нафари ушбу ҳудуддан бўлса, 10 нафари Қозоғистон, 1 нафари Туркия фуқаросидир (11 июнь куни вилоятда 27 нафар қозоғистонлик ва 1 нафар туркиялик фуқарода касаллик аниқланганди). Қашқадарё вилоятида коронавирус инфекциясидан даволаниш кўрсаткичи 24 июндаги 3 фоиздан 13 фоизга кўтарилди. Шундай бўлса-да, энг ёмон кўрсаткич ҳали ҳам Қашқадарёга тегишли.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 7177 нафар бемордан 4877 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 68 фоизни ташкил этмоқда. Даволанишнинг бу қадар паст кўрсаткичи охирги марта 5 май куни қайд этилганди.

17 июнь куни шифохоналардаги беморлар сони биринчи марта 1500 нафардан ошганди23 июнга келиб уларнинг сони 2000 нафардан ҳам ошди. Айни вақтда шифохоналардаги 2280 нафар бемордан 1872 нафари Тошкентдаги тиббиёт муассасаларида даволанмоқда (Сирдарё вилоятидаги беморлар ҳам Тошкент шаҳрига ўтказилган). Қолган 408 нафар бемор мамлакатнинг 10 ҳудудидаги шифохоналарда даволанмоқда.

Жиззахда 2, Қорақалпоғистонда 7, Андижонда 14, Наманганда 24, Бухорода 29, Сурхондарёда 30, Самарқандда 40, Хоразмда 56, Навоийда 57 ва Қашқадарёда 160 нафар бемор қолди. Фарғона вилояти коронавирусдан холи ягона ҳудуд бўлиб турибди.

Аҳволи оғир беморлар ва ўлим ҳолатлари

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2280 нафар бемордан 18 нафари оғир, 6 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 25 июнь давомида бир беморнинг вафот этганини маълум қилди. Денов шаҳрида яшаган, 1961 йилда туғилган Б.Х. исмли аёл сўнгги 5 йилдан буён ўпканинг икки томонлама ўткир бронхопневмонияси ташхиси билан даволаниб келган. Шу йилнинг 19 июнь куни бемор мурожаатига кўра олинган намунада коронавирус инфекцияси мавжудлигига гумон қилинган ва бемор тез ёрдам машинасида туман юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Шифохонада беморга икки томонлама ўткир бронхопневмония, ўткир юрак ва ўпка етишмовчилигининг оғир даражаси, коронавирус инфекциясига гумон ташхиси қўйилган. Бундан ташқари, беморда ўпканинг сурункали обструктив касаллиги, сурункали пиелонефрит, камқонликнинг ўрта оғир даражаси ташхиси ҳам қўйилган.

Бемор аёлга кўрсатилган тезкор тиббий ёрдам ва реанимацион муолажаларга қарамасдан, у юрак-қон томир ва ўпка етишмовчилигидан вафот этган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги беморнинг қайси куни вафот этганини маълум қилмаган. Бироқ 21 июнь куни Денов тумани ҳокими Бахтиёр Ибатов 21 июнь куни туман аҳолисига мурожаат қилиб, туманнинг бир фуқароси 20 июнь куни коронавирусдан вафот этганини маълум қилган эди. Ушбу хабар ҳокимликнинг Telegram каналидан ўчириб юборилган, бироқ видеолавҳа интернетда тарқалишга улгурганди. Ўша вақтда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Деновда коронавирусдан ўлим ҳолати қайд этилганини тасдиқламаганди. Қашқадарё вилоятининг Китоб тумани ҳокимлиги ҳам 31 майда ўлими қайд этилган фуқаро коронавирусдан вафот этганини 17 июнь куни маълум қилганди.

Деновда 59 ёшли аёлнинг ўлимидан сўнг Ўзбекистонда ССВ тасдиқлаган коронавирусдан вафот этганлар сони 20 нафарга етди.

Карантингадилар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 25 июнь куни карантиндагилар сони ҳақида маълумот бермади. 24 июнда берилган охирги ахборотга кўра, Ўзбекистонда уй карантинида 37 173 нафар, стационар карантинда эса 22 890 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турганди.