Россия пойтахти Москва шаҳрида Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан ўтказилган Ғалаба парадида иштирок этиш учун ташриф буюрган Қирғизистон делегацияси аъзолари орасида коронавирус аниқлангани сабабли, Қирғизистон президенти Сўронбой Жээнбеков уч кунда давомида ўзини изоляция қилади. Бу ҳақда Қирғизистон президенти матбуот хизматига таяниб, «Интерфакс» хабар берди.
Маълум қилинишича, президент ва унга ҳамроҳлик қилган шахслар Бишкекка қайтади. Коронавирус таҳлили ижобий натижа берган кишиларга нисбатан белгиланган алгоритм тўлиқ қўлланилади — улар 14 кун давомида ўзини изоляция қилади.
Эслатиб ўтамиз, Москвага учиб келгач, белгиланган талабларга биноан Қирғизистон президенти, унинг делегацияси аъзолари ва кузатувчилар коронавирусга тест топширган. Қирғизистон президенти аппаратининг ташқи сиёсат бўлими раҳбари Дониёр Сидиқов ва қўриқлаш хизмати ходимининг коронавирус тестлари ижобий натижа берган. Шу сабабли Сўронбой Жээнбеков парадда иштирок этмаган.
Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан ўтказилган Ғалаба паради 24 июнь куни Москвадаги Қизил майдонда ташкил қилинди. Парадда иштирок этиш учун 12 та мамлакат ўз ҳарбийларини жўнатди. Улар қаторидан Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Молдова, Мўғулистон, Сербия, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ўрин олган.
Аввалроқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мазкур парадда иштирок этиб, Тошкентга қайтгани ҳақида хабар берилганди.
Маълумот учун, Владимир Путин Москвада ўтган Ғалаба парадига барча МДҲ давлатлари раҳбарларини таклиф қилган. Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Арманистон бош вазири Никол Пашинян мамлакатларидаги эпидемиологик вазият туфайли, Туркманистон президент Гурбангули Бердимуҳамедов 29 июнда 63 ёш — Пайғамбар ёшига тўлиши сабаб тантанали тадбирларга бора олмаслигини эълон қилган. Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев эса коронавирус юқтириб олган ва у ҳам Москвага бормаган.
Изоҳ (0)